Ўйин кетса-кетсин, олижаноблик кетмасин

Ўйин кетса-кетсин, олижаноблик кетмасин ёхуд ғалабадан ҳам юксак фазилат ҳақида

Тошкентда шу йилнинг 14 март куни футбол бўйича Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) олимпия терма жамоалари ўрасида бўлиб ўтган ўйин иккала жамоа учун ҳаёт-мамот масаласи эди. Негаки, ушбу ўйинда ғолиб бўлган жамоа 2012 йили Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритар эди. Шунинг учун барча ўзбек футбол ишқибозлари бу ўйинни сабрсизлик ва катта ҳаяжон билан кутдилар. Андижонлик футбол мухлислари орасида вилоят электр тармоғига “Жон электрик амаки, бугун чироқни ўчирманг,” деб мурожаат қилганлар ҳам бўлди.

Тошкетнинг “Жар” стадионида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси БААга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўйиндан сўнг оммавий ахборот воситаларида ҳам, интернетда ҳам футбол шарҳловчилари ва ишқибозлари олимпия терма жамоамиз нима сабабдан ютқазиб қўйганини кенг муҳокама қилди. Баъзилар барча айбни ўйинчиларга тўнкаган бўлса, бошқалар мағлубият сабабини мураббийдан кўрдилар. Айримлар психологик тайёргарлик суст эди деса, яна бировлар шиддат билан ҳужум қилишни давом эттириш керакли, дея айтиб ўтишди. Барча айтилган сабаблар ўзича тўғридир. Камина диққатини эса ўйин сўнгида олимпия терма жамоамизга олижанобликнинг етишмаганлиги тортди.

Инглиз тилида “спортсмэншип” деган тушунча мавжуд. Бу тушунча спортчининг мусобақа мобайнида олижаноблик, одиллик, мардлик ва рақиб ва ҳакамга қарши ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби фазилатларни англатади. Назаримда “спортсмэншип” тушунчасини ўзбек тилидаги олижаноблик фазилати билан ифодалаш мумкин. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, “олижаноб” киши “юқори даражада одобли, одамгарчилиги жуда баланд” бўлган кишидир. Олижаноб бўлиш, айниқса, киши рақибга енгилганини англаганда, низо чиқиш арафасида ёки зиддият авжига чиққанда талаб қилинади. Ва ниҳоят олижаноблик икки томонлама бўлиши шарт эмас. Рақиб жамоа учига чиққан пасткаш бўлган тақдирда ҳам унга нисбатан олижаноб бўлиш керак.

“ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтган ўйин тугаши билан, олимпия терма жамоамиз ўйинчилари галма-галдан тўпни жаҳл билан тепиб юбориб, майдонни зудлик билан тарк этдилар. Бундай қилиш ўрнига, футболчиларимиз олижаноблик кўрсатишлари керак эди, деб ўйлайман. Хусусан, футболчиларимиз ҳеч бўлмаса БАА олимпия терма жамоаси ўйинчиларини тарихий ғалаба билан табриклашлари керак эди. Энг камида уларнинг олдига бориб, рамзий қўл сиқишни ёки “беш ташлашни” амалга оширишлари мақсадга мувофиқ эди. Футболчиларимизнинг эса ўйин тугаши биланоқ “хайр-хўш”ни насия қилиб, майдондан чиқиб кетишлари такаббурлик, жаҳлга берилиш аломати эди. Олижаноблик эса ютқазганда такаббурликни эмас, камтарликни талаб этади. Аслида ғолиб бўлишга жиддий руҳий ва жисмоний тайёргарлик кўрган кишигина ҳам ғалабани, ҳам мағлубиятни камтарлик билан қарши олади. Бу мардлик белгиси.

0:2 ҳисобда ютказиб турган жойда бизни 3:2 ҳисобда тор-мор қилган “душманлар” бир четга, дунёнинг турли бурчакларидан ва бевосита “Жар” стадионига йиғилган ўзбек футболи мухлисларига нисбатан кўрсатилиши керак бўлган ҳурмат қаерга қолди? Футболчиларимиз энг камида “Жар” стадионига йиғилган Ўзбек футболи мухлислари томон юриб, бутун ўйин давомида уларни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорлик билдиришлари керак эди. Бундай хатти-ҳаракат, энг аввало, ўзбек ўйинчиларининг олижаноблигини кўрсатиш билан бирга, муҳлисларнинг мағлубиятга қарамасдан уларга нисбатан бўлган ҳурматини янада оширган бўларди. Биз ўзбек футболи мухлислари сифатида терма жамоаларимиз ўйинчиларини рақиб дарбозасига урган тўплари сонидан кўра, ўйин давомида ва сўнгида, натижа қандай бўлишидан қатъи назар, энг аввало, уларнинг олижанобликлари, мардлиги учун олқишлашимиз керак.

Не-не тарихий ҳаёт-мамот вазиятларда ҳам олижанобликни, мардликни устун қўйган халқимиз, футбол ўйинларида ҳам олижанобликни эсдан чиқармаслиги керак. Кейинги учрашувларда тўлақонли ғолиб бўлишни истасак, спорт маданиятинининг энг асосий талаби бўлмиш олийжанобликни ўрганмоғимиз керак. Халқимиз бежиз “Пул кетса-кетсин, обрў кетмасин” демайди. Ўтказиб юборилган тўплар сонига кўра муҳим ўйинларни ютқазиб қўйишимиз мумкин, аммо олижанобликни қўлдан бой бермаслигимиз керак. Ўйин кетса-кетсин, олижаноблик кетмасин!