Ўзбекистонлик пианиночи Сидней Опера саройида концерт беради

Хабарингиз бор, ёш ҳамюртимиз Беҳзод Абдураимов 2009 йили Буюк Британияда бўлиб ўтган ёш пианиночиларнинг халқаро танловида биринчи ўринга сазовор бўлган эди.

Мусиқасевар оила оғушида ўниб-ўсган Беҳзод ўз иқтидорини, истеъдодини намоён этишда Успенский номидаги мусиқа академик лицейининг катта ўрни бор. Зеро, у мана шу зиё масканида фортепиано сабоқларини олган.

Айтишларича, у беш ёшида мусиқа билан шуғулланиш учун дастлабки имтихонга келганда, ўқитувчи Беҳзоднинг онасига ўғли мусиқа билан шуғулланишни йиғиштиргани маъқул, деб айтган экан. Лекин ўз ҳаётида биринчи марта имтиҳон топширган юксак истеъдод эгасини келажакда катта шоҳсупалар, йирик имтиҳонлар кутаётган эди.

Беҳзод Абдураимов 2009 йил Лондон халқаро пианино танловида гран-прини қўлга киритиши унга ўз истеъдодини намойиш этиш учун янги эшикларни очди. Беҳзод бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз мусиқий чиқишлари билан мухлислар эътиборига тушмоқда. Ёш иқтидор эгаси нафақат дунё машҳур Чайковский, Бетховен, Бах сингари етук композиторлар ижодидан, балки ўз репертуаридан ҳам ажойиб мусиқий композицияларни тақдим қилмоқда.

Хусусан, шу кунларда, 22 март куни у бутун дунёга донги кетган Сидней Опера саройида машҳур композитор Владимир Ашкенази билан бирга концерт қўйишни режалаштирган.

Яқинда Гонг-Конгда уюштирилган классик мусиқа концертида Беҳзод Абдураимовнинг пианино ижроси мусиқа шинавандаларида катта таассурот қолдирди. Концерт аввалида Беҳзод Гонг-Конгдаги онлайн-газеталарнинг бирига интервью берди.

— Сизнинг Гонг-Конгда берган соло дастурингиз жуда хилма-хил. Айтинг-чи, буни қандай уддалайсиз?

— Мен масалага концептуал қарайман. Аввалига Скарлатти билан бошлаб, сўнг Бетховен ва Брамсга ўтаман. Барокко билан дастурни очиб, мумтоз куйларга, сўнг романтикага ўзгартираман. Дастурнинг иккинчи қисми яқинда чиқарилган СД-дебютимдан иборат. Мен учун дастурни танлаш жуда муҳим, шунинг учун унга жуда кўп вақт сарфлайман. Айниқса, соло концерт учун қаттиқ меҳнат қилиш керак. Негаки, 1-3 минг кишилик аудитория учун дастур қизиқарли ва ранг-баранг бўлмоғи лозим. Чунки уларнинг ҳар бири ўз қараши, ўзига хос мусиқага ошнолиги бор. Улардан бирови машҳур композиторга мухлислик қилса, бошқа бирови фақат бир йўналишдаги мусиқани эшитади. Шуларни ҳисобга олиш керак бўлади. Бир сўз билан айтганда, мен уларнинг ҳар бирини завқлантира билишим керак.
— Владимир Ашкенази сизнинг ижодингизни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Сиз, шунингдек, Александр Лазарев, Шарль Дюто сингари машҳур композиторлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлгансиз. Ашкенази билан қандай танишгансиз?
— 2009 йилда Лондон халқаро пианино танловида ғолиб бўлганимдан сўнг бир қанча компаниялар мен билан шартнома имзолашга ҳаракат қилишди. Улардан бири Ҳаррисон Пэррот бўлиб, у мени кейинчалик Владимир Ашкенази билан бирга дунё бўйлаб сайёр концертга жўнатадиган бўлди. Ашкенази ижодимни умуман эшитмаган, қолаверса, ўзимни кўрмаган бўлса-да, сайёр концертда мен ўзига ҳамроҳ қилишга розилик берди. Мен учун бу улкан концерт дастурларида у билан бирга концерт бериш, ҳақиқатда, катта шараф эди. Қолаверса, мен умрим давомида бунақа катта сайёр концертга чиқмаганман. У буюк артист, мусиқачи, композитор ҳамда пианиночи. У менинг ижодимга катта қизиқиш билдирди. Бир сўз билан айтганда, у бунга жуда ёқди. Мен эса бундан ниҳоятда хурсанд бўлдим.
— Бундан кўринадики, Лондон халқаро пианино танловида ғолиб бўлганингиз, ижодингизда бурилиш бўлган экан-да?
— Албатта. Бу менинг фаолиятимга, ижодимга жуда катта туртки бўлди. Мен дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бирида ўз омадимни синаб кўриш учун боргандим ўшанда. Бу ҳаётимдаги энг катта танлов бўлиб, мен уни ютиш учун етарли даражада бахтиёр эдим. Бундан жуда бахтиёрман. Негаки, шу баҳона дунёнинг кўзга кўринган оркестрлари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдим, ўзимнинг соло концертларимни бериш, қолаверса, буюк композиторлар билан ишлаш бахтига муаяссар бўлдим.
— Ўзбекистонда туғилиб, ўсиб-улғайиб, АҚШда яшаш қандай?
— Мен Канзас Ситида яшайман. Бу ерга келганимда 16 ёшда эдим. Ушбу шаҳар менинг иккинчи ватаним, десам ҳам бўлади. Бу ер ўқиш учун ҳам, ўрганиш учун ҳам қулай жой. Шаҳардаги муҳит менга ёқади. Бундан ортиқ шароит бўлмаса керак. Энг муҳими, мен учун дарс берадиган профессор ўқитувчимдир. У ҳам асли Ўзбекистондан. Мен Ватаним — Ўзбекистонга йилига камида бир марта бориб туришга ҳаракат қиламан, лекин вақтим тиғизлиги туфайли бунга кўп ҳам эришолмайман. Ўзимнинг катта концертларимнинг бирини Тошкентда ўтказиш мақсадим бор. Худо хоҳласа, шу йилнинг май ойида бу ниятим амалга ошиб қолиши мумкин. Албатта, Ўзбекистонда кўплаб концертларда иштирок этган бўлсам-да, ҳали ўз концертимни берганим йўқ.

SHARE