Улуғбек Қодиров бўйича суд ҳукми ёзга қолдирилди

АҚШ президенти ҳаётига суиқасд қилишга таҳдид қилганликда айбланган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров иши бўйича суд қарори шу йилнинг июль ойига қолдирилган. Бу ҳақда The Birmingham Newsнинг ёзишича, кеча судя Абдул К. Каллун Улуғбек Қодиров иши бўйича ҳукм чиқаришни 13 июлга кўчиришга қарор қилган. Ваҳоланки, бу борада суд эшитуви шу йилнинг 17 майига белгиланган эди. Эшитувнинг кечиктирилишига Улуғбек Қодиров адвокати Ланс Белл эксперт топиш учун кўпроқ вақт сўрагани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, терговчилар Улуғбек Қодиров Обама ҳаётига суиқасд қилишни мақсад қилиб, бу йўлда террорчилар билан мулоқотга чиққанлигини қайд этган эди. Чунончи, Улуғбек Барак Обама 2012 йилги президент сайлови кампанияси туфайли жамоатчилик билан кўпроқ учрашиши натижасида юзага келадиган имкониятдан фойдаланиб уни ўлдириши ҳақида муҳокама қилган. Улуғбек буларни судья Абдул К. Каллун ҳузуридаги эшитув вақтида тан олган.
Улуғбек Қодиров адвокати Лэнс Белнинг таъкидлашича, у ўз айбини бўйнига олгани учун умрбод қамоқ жазосидан қутилиб қолган. Ҳозирда унга 30 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
Улуғбек Қодиров учта айблов бўйича, яъни президентни ўлдиришга таҳдид қилганлик, қуролга эгалик қилганлик, шунингдек, террорчиларни моддий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўйича айбларини ўз бўйнига олган.
Қолган айбловлар тергов билан келишувга биноан ҳаракатдан тўхтатилган.
Улуғбек Қодиров 2011 йилнинг июлида “Амир” деган шахс билан мулоқот ўрнатган. Унинг айтишича, “Амир” АҚШ томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон исломий ҳаракатига бевосита алоқадор шахс бўлган. АҚШ хавфсизлик хизмати вакиллари ҳозирча “Амир”нинг шахсини аниқлай олишмаган.