1 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Президент гапиришга рухсат берди

АҚШ президенти маъмурияти учувчисиз ҳарбий самолётлар ҳақида илк маротаба маълумот берди. Президентнинг миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Бреннан учувчисиз ҳарбий самолётлар ишлатилиши ҳақида жамоатчилик олдида илк маротаба чиқиш қилди. Бреннаннинг сўзларига кўра, ушбу ҳарбий учоқлар ҳақида очиқроқ гапиришга айнан Барак Обаманинг ўзи кўрсатма берган.
Президент маслаҳатчисининг қайд этишича, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан олиб қараганда учувчисиз ҳарбий самолётлардан фойдаланиш мутлақо қонунийдир. Негаки, 2001 йилнинг 11 сентябридан АҚШ “Ал-Қоида” билан уруш ҳолатида, шунинг учун АҚШ ўзини ҳимоялаш ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли ҳам мазкур ҳарбий қурилмалардан фойдаланиб келаётир. У, шунингдек, ҳарбий самолётлар тинч аҳоли вакилларига зарар етказмайдиган ҳолатлардагина қўлланишини таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар АҚШ президенти маъмурияти учувчисиз ҳарбий самолётлардан фойдаланиш масаласида умуман очиқча гапирмас, бу борадаги ҳодисаларга изоҳ бермас эди.


 

 

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга тавсия қилмоқда

АҚШ ҳукумати дунёда интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимояси билан боғлиқ янги ҳисоботини эълон қилди. Унда дунёдаги 13 та мамлакатда муаллифлик ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари жиддий поймол этилаётгани қайд этилади. Хусусан, унда Россия, Украина, Канада, Аргентина, Ҳиндистон, Жазоир, Чили, Индонезия, Исроил, Покистан, Таиланд ва Венесуэлада бу борада жиддий ҳуқуқбузарлик мавжудлиги акс эттирилган.
АҚШ ҳукумати, шунингдек, Ўзбекистонда интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этган. Хусусан, 2011 йилда Ўзбекистонда Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилгани қайд этилади. Айни чоғда ушбу агентлик ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириши учун зарур ваколатларга эга бўлиши лозимлиги таъкидланган. АҚШ маъмуриятига кўра, Ўзбекистонда хорижий овоз ёзиш компаниялари маҳсулотларини ҳимоялаш, бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиши, шунингдек, интеллектуал мулк соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириши мақсадга мувофиқдир.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ савдо-саноат палаталари томонидан ишлаб чиқилиб, мақсад унда тилга олинган давлатларда интеллектуал мулк билан боғлиқ вазиятни яхшилашга эришишдир.


 

 

Қўшнилар билан савдо-сотиқда ўсиш бўлди

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2012 йил биринчи чорагида мамлакатнинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 19,3 фоизга ўсиб, 2,49 миллиард долларни ташкил қилди. Ушбу давр мобайнида МДҲ мамлакатларига чиқарилган экспорт ҳажми 34,9 фоизга кўпайиб, 1,415 миллиард долларга етди.
Статистика органи маълумотларига қараганда, Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги ижобий сальдоси 360,3 миллион долларни ташкил этди.


 

 

Франция президенти ўз фуқаросини судга берди

Париж прокуратураси Николя Саркози ва Қаддофий ҳамкорлигига оид ҳужжатларни текшириб чиқишни бошлаб юборди.
Терговчилар, аввало, Mediapart сайтида чоп этилган 2006 йилга тегишли ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлашади. Унга кўра, Муаммар Қаддофий ҳукумати Саркозининг 2007 йилдаги президент сайлови кампаниясига 50 миллион евро ўтказиб берганлиги қайд этилади. Ушбу ҳужжатни Ливиянинг ўша вақтдаги хавфсизлик хизмати бошлиғи Муса Куса имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, Николя Саркози Қаддофий оиласидан ҳеч қанақа маблағ олмаганлигини таъкидлаб, уни фош қилиб ёзган сайт ва унинг икки нафар ходими устидан судга мурожаат қилган. Унинг фикрича, бу айни қизғин паллага кирган сайлов кампанияси пайтида унинг рақиблари томонидан уюштирилган “қора пиар”дир.
Айни чоғда ҳозирда Қатарда истиқомат қилаётган Муса Куса ҳеч қанақа ҳужжатни имзоламаганини таъкидлаган.


 

 

“Ўзбекнаво” огоҳлантиради

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаларга огоҳлантирув маълумотини жўнатди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Сўнгги пайтларда ҳориж мамлакатларида, жумладан Америка Қўшма Штатларида концертлар ўтказиш юзасидан санъатга умуман алоқаси бўлмаган баъзи шахслар хонандалар билан музокарага киришиб, алдов йўли билан улардан пул ундириши ҳолатлари содир этилмоқда. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Сиздан шуни илтимос ва талаб қиладики, бу каби сафар таклифи билан чиқган шахс ҳақида аниқ ахборотга эга бўлмай туриб шартномага имзо чекманг. Аввало, Бирлашма билан сафар ва унинг ташкилотчиси ҳақида маслаҳатлашинг. Биз ҳам ўз навбатида қонун доирасида мутасадди идоралар билан келишган ҳолда, гастролнинг хавфсиз ўтишида тегишли тавсиялар бериб, амалий ёрдам кўрсатамиз. Акс ҳолда мўмай даромад илинжида баъзи санъаткорлар каби фирибгарлар қўлига тушиб қолишингиз эҳтимолдан ҳоли эмас. Бирлашмамиз санъаткор шаънини, қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида айнан шу хабар ва мурожаатни Сизларга етказаётганлигига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз! Шу билан бирга, лицензия битимига асосан ҳориж сафарига чиқиш олдидан Бирлашмага расмий билдиришнома бериш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз”.

 

SHARE