11 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ажралишлар никоҳ қурувчилар сонидан 11 баравар кам

Давлат статистикаси маълумотларига қараганда, 2012 йил биринчи чорагида ФҲДЁ органлари томонидан 57 мингта никоҳ ва 5 мингта ажралиш ҳолатлари қайд этилган. 1000 та аҳоли сони бошига 7,7 та никоҳ тўғри келган. 2012 йил январь-март ойларида республикага бутунлай келганлар сони 30,2 минг кишини, бутунлай чиқиб кетганлар сони эса 37,5 минг кишини ташкил этган. Меҳнат органларида иш излаётган сифатида рўйхатда турган фуқаролар сони март ойи охирида 14,5 минг кишини ташкил этган, ўтган йилнинг шу санасида эса ушбу кўрсаткич 18,6 минг киши бўлган. Меҳнат органларида рўйхатда турганларнинг кўпчилиги Фарғона вилоятида қайд этилган – 2,2 минг киши. Самарқандда уларнинг сони 1,9 минг кишини, Тошкент шаҳрида – 1,8 минг кишини ташкил этган.


 

 

Эски диктатор ўрнига янги диктатор

Ливия қамоқхоналарида 4000 нафардан ортиқ собиқ Ливия раҳбари Муаммар Қаддофининг тарафдорлари сақланмоқда. Энг ёмони, уларнинг аксарияти махфий қамоқхонларда ушлаб турилмоқда ҳамда мунтазам зўравонликка учрамоқда. Бу ҳақда “AFP” ахборот агентлиги БМТ бош котиби вакили Иан Мартинга асосланиб хабар бермоқда. Унга кўра, маҳбуслар “инқилобий бригада”лар томонидан назорат қилинадиган қамоқхоналарда сақланмоқда. Улар одилш судлов ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган, дейилади БМТ вакили баёнотида.
БМТ, шунингдек, қамоқхоналарда маҳбусларни зўрлаш ҳолатлари изчил ортиб бораётганидан хавотир билдирган. Бундай ҳолат Триполи, Аз-Завия, Зинтана қамоқхоналарида қайд этилган. Ҳукумат ҳозирча 31 та қамоқхонани ўз назоратига олган бўлса-да, асосий қамоқхоналар “инқилобий бригада”лар қўли остида қолмоқда. БМТ, шунингдек, Миллий ўтиш ҳукумати томонидан қабул қилинган бир қатор қонунларни қоралаб чиққан. Чунончи, улардан бири Қаддофийни ағдаришда иштирок этган барча жангариларни жиноий жавобгарликдан озод қилишни назарда тутса, яна бир қонун “диктаторни улуғлаган”ларни жиноятчи, деб топади.


 

 

19 дона «Iphone» чегарада қолди

 

Лондондан учиб келган пойтахтлик А. Исломов қиймати 2,7 млн. сўмдан ортиқ 4 дона уяли телефонлар ва уларнинг аксессуарларини божхона баённомасида ҳамда оғзаки сўров пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди, деб хабар беради Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
“Сеул-Тошкент” йўналиши бўйича парвозини якунлаган фарғоналик Ф.Хатамова ҳам қиймати 2,7 млн. сўмдан ортиқ 20 дона уяли телефонларни яширинча олиб ўтолмаган. Бирлашган Араб Амирлигидан қайтган пойтахтлик А. Миралиевнинг эса божхона қоидаларини четлаб ўтиб, жуда кўп миқдордаги ахборот технологиялари воситаларини олиб киришга урингани фош қилинган. Божхона баённомасидан “тушириб” қолдирилган видеокамера, фотоаппарат, ноутбук, электрон планшет, уяли телефон каби жами 11 дона товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 27 млн. сўмни ташкил қилар экан. Шу йўналишда парвозини якунлаган яна бир фуқаро – шаҳрисабзлик О.Рахмановнинг рюкзакига эса «I-PAD» электрон планшети, 3 дона «Никон» фотоаппаратлари ва 19 дона «Iphone» уяли алоқа тeлeфонлари “оғирлик” қилди. Уларнинг қиймати 45 миллион сўмни ташкил қилган.


 

 

Сурияда террор ҳужумлари

Сурия террор ҳужумлар остида қолди. Пойтахтдаги хавфсизлик хизмати биноси олдида юз берган террор ҳужумлари оқибатида 55 киши ҳалок бўлди, 400 га яқин киши турли даражада тан жароҳати олган. Бу масалада халқаро ҳамжамият ўз муносабатини билдириб, террор ҳаракатлари ҳар қандай шароитда ўзини оқламаслигини билдиришди. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу масалада баёнот бериб, “терроризм ҳар қандай кўринишда жиноят сифатида қаралишини” қайд этган. Германия ташқаи ишлар вазири ҳам террор ҳужумларини қоралаб, томонлар имкон қадар тезроқ қуролли ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.


 

 

Ёнғоқлар йўқ қилинди

Россиянинг Калининград анклавидаги «Храброво» аэропортида Россия қишлоқ хўжалиги назорат инспекцияси мутахассислари томонидан Ўзбекистонлик йўловчи багажида бўлган 117 килграмм ёнғоқ ва бошқа қуруқ меваларни аниқлаб топган ва мусодара қилган.
Инспекция ходимлари қуруқ мева маҳсулотлари шу йилнинг 16 апрель куни ўрнатилган Озарбойжон, Тожикистон ва Ўзбекистондан қўлбола усулда олиб келинадиган қуритилган мева маҳсулотларини карантинда турган қишлоқ хўжалиги зараркунандаларини олиб келиши эҳтимоли туфайли тақиқлаб қўйган эди.

SHARE