16 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Дўстларнинг кенгайтирилган йиғилиши

Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва МДҲ олий органларининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳам қатнашди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси Кремлда тор доирадаги давлатлар раҳбарларининг учрашуви билан бошланди. Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон, Арманистон ҳамда Беларусь раҳбарлари иштирок этишди. Россия президенти матбуот хизматининг қайд этишича, ОДКБ сессиясида минтақавий ва глобал масалалар, шунингдек, истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинган. Бу сафарги учрашув Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома имзоланганлигининг 20 йиллиги ҳамда ташкилот яратилганининг 10 йиллигига бағишланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан 10 йил бурун Тошкентда мазкур ташкилотга асос солинган эди. Сессия якунлари бўйича КХШТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг декларацияси қабул қилинди.


 

 

Меркель ва Олланд учрашишди

Кеча Париждаги Елисей саройида Франция президенти қасамёд қилганидан сўнг Берлинга Германия канцлер Ангела Меркель билан учрашиш учун йўл олди. Бу учрашув Олланднинг сайловолди дастури боис анча асабий ҳолатда ўтиши тахмин қилинаётган эди. Боз устига Берлинга отланган Олланд ўтирган самолёт чақмоқ сабабли уча олмади. Кейинчалик у бошқа самолётда Германияга учган. The Guardianнинг ёзишича, Олланд ўзининг чет элга уюштирган биринчи расмий учрашувида бироз ҳаяжонланган. Гарчи Меркель ва Олланд кўпроқ кулишга, ўзларини самимий кўрсатишга ҳаракат қилишган бўлса-да, ўртада кўпгина масалалар очиқ қолаётган эди. Шу боис Германия имкон қадар музокара учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қилишди. Аслида бу учрашувда бирон бир қарор қилинмаслиги олдиндан айтилган бўлса-да, унда Германия ва Франциянинг Европа Иттифоқи бўйича иқтисодий сиёсатларини уйғунлаштиришда имкон қадар тезроқ музокара столига ўтиришлари учун асос яратиши талаб қилинар эди. Томонлар Европада инқироз оқибатларини бартараф этиш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш, шунингдек, Грециянинг Евроҳудудда қолишини хоҳлашларини билдиришди.


 

 

Юнонлар яна сайловга борадиган бўлишди

Грецияда коалиция ҳукуматини тузиш бўйича музокаралар самарасиз якунланди. Бу мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтади деганидир. Сўнгги уч кун давомида мамлакат президенти Каролос Папульяс бошчилигида олиб борилган музокара натижасиз тугаган. Шу йилнинг 6 май куни бўлиб ўтган сайловларда “Янги демократия” ва ПАСОК партиялари парламентда 149 та ўрин олган эди. Уларга ҳукуматни шакллантириш учун 2 та депутатлик ўрни етмаганлиги боис бошқа партиялар билан мулоқот олиб боришган эса-да, бу мулоқотлар бирон натижага олиб келмади. Хусусан, сўл радикал партия вакиллари Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан қарзларни олиш учун қаттиқ тежамкорлик йўлидан воз кечилмаса, ҳеч қанақа сиёсий коалицияга қўшилмаслигини маълум қилишди. Сўнгги тахминларга кўра, парламент сайловлари шу йилнинг 10 ёки 17 июнь кунлари бўлиб ўтиши мумкин. Унгача мамлакатни вақтинчалик ҳукумат бошқариб туради.


 

 

Давлат мулкларини хусусийлаштириш бўйича янги дастур тасдиқланди

Ўзбекистонда 2012-2013 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Унга биноан, кимошди савдоларида нефть ва газ, энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, электр техникаси ва фармацевтика соҳаси корхоналарининг 497 та давлат активи сотилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 63 та бўш ва фаолият кўрсатмаётган, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектни инвестиция мажбуриятлари остига “ноль” қиймати бўйича танлов асосида сотиш кўзда тутилган.


 

 

“Ўзбек” — мигрантнинг турмуш кўзгуси

Москвада академик Сахаров режиссёр Талгат Баталовнинг “Ўзбек” спектаклининг тақдимоти ўтказилди. Асар режиссёр ва актёр Т. Баталов ҳаётидан ҳикоя қилади. Шу боис актёр ушбу спектаклда ягона ролни ўзи ижро этган. “Ўзбек” спектакли янги ҳаёт бошлаш мақсадида Тошкентдан Москвага йўл инсон тарихидир. Баталовнинг Россия оммавий ахборот воситаларига айтишича, у анчадан бери мигрантлар мавзуси билан шуғулланмоқчи бўлиб юрган. “Чунки менинг қисматим шунақа: Ўзбекистонда ўрис эдим, Москвада ўзбекман”. Асарда муаллиф мигрант дуч келиши мумкин бўлган барча турмуш икир-чикирларини қамраб олишга ҳаракат қилган. Булар қоғозбозлик, бюрократизм, “справкабоз”лик сингари мигрант ҳаёти элементларидир.

SHARE