17 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Этник камчилик вакиллари кўп фарзанд кўрмоқда

АҚШ тарихида илк маротаба этник ва ирқий камчилик вакиллари оқ танли америкаликларга нисбатан кўп фарзанд кўришди, деб хабар беради “The Wall Street Journal” газетаси Америка Аҳоли ҳисобини юритиш бюросига таяниб. 2010 йил июндан 2011 йил июлига қадар туғилган 4 миллион гўдакдан 50,4 фоизи этник камчиликлар фарзанди ҳисобланади. Ваҳоланки, 1990 йилда бу кўрсаткич 37 фоиз эди.
Газетанинг ёзишича, айни пайтда оқ танли америкаликлар орасида ўлим ҳолати кўпайган. Хусусан, 2011 йилда туғилган ҳар 1025 болага 1000 ўлим тўғри келди. Шундай бўлса-да, оқ танли америкаликлар аҳолининг аксарият қисмини, аниқроғи 63,4 фоизини ташкил қилмоқда. Лотин Америкаси вакиллар 16,7 фоизни, Афроамерикаликлар 12,3 фоизни ҳамда осиёлик америкаликлар эса 4,8 фоизни ташкил қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, АҚШ аҳолиси 313 миллион нафардан ошади.


 

 

Норманд оролларидан Ўзбекистон нефть конларига

Норманд оролларида рўйхатдан ўтган “Tethys Petroleum Ltd” компанияси “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан Қашқадарё вилоятидаги “Чегара” нефть конларида унумдорликни ошириш бўйича шартнома имзолаган. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар беради. Бу ҳақда компаниянинг президенти ва бош ижрочи директори Девид Робсон маълум қилган. Ушбу лойиҳани амалга оширишга шу йилнинг июль ойидан киришмоқчи. “Tethys Petroleum Ltd” компанияси шу пайтга қадар Қашқадарё вилоятидаги бошқа бир нефть кони — “Шимолий Ўртабулоқ” конида нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича иш олиб борган эди. Ҳозирда ушбу конда кунига 1,5 минг баррель нефть қазиб олинаётир. Компания, шунингдек, йил охиригача Устюрт платоси ҳам геологик қидирувда қатнашиш учун шартнома имзолашни режалаштирмоқда.
“Tethys Petroleum Ltd” айни чоғда Қозоғистон ва Тожикистонда ўз фаолиятини олиб боради.


 

 

Осиб ўлдирилди

Теҳронда ядровий физика соҳаси олими, профессор Маъсуд Али Муҳаммадийнинг ўлимида айбланган Мажид Жамолий осиб ўлдирилган. Бир йил бурун у ўз айбига иқрор бўлгач, ўлим жазосига маҳкум қилинган эди. Олимни ўлдириш буюртма бўлиб, Мажид Жамолий бу қилмиши учун Исроил махфий хизматидан 100 минг евро олганлиги қайд этилади. Муҳаммадийдан ташқари сўнгги йилларда эронда 6 нафар етакчи физик-олимлар ўлдириб кетилган. Расмий Теҳрон бу суиқасдлар ортида Исроил турганлигини даъво қилиб келади. Шу йўл орқали билан яҳудийлар давлати Эроннинг ядро дастурига тўсқинлик қилиб келади.


 

 

Ўзбекистон фуқароси “BMW X6”ни олиб қочди

Россияда вақтинча яшаётган 32 яшар Ўзбекистон фуқароси Москванинг “Спартак” жамоаси ҳимоячиси ҳамда сардори Сергей Паршивлюкнинг машинасини олиб қочган. “Интерфакс”нинг хабар беришича, футболчининг ишончига кириб олган ўзбекистонлик футболчининг BMW X6 русумидаги жипини таъмирлаш баҳонасида олиб қочган. Ҳозирча “машина ўғриси”нинг исми-шарифи эълон қилингани йўқ.


 

 

ФИФА президентидан ўзбекча салом ва инглизча узр

Тошкентга ташриф буюрган ФИФА президенти Зепп Блаттер матбуот анжуманида ўз нутқини “Ассалому алайкум!” дея ўзбекча сўз билан бошлади. ФИФА расмийси “Биз Ўзбекистонда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдик. Улар мени яхши маънода лол қолдирди. Ўзбекистон ФИФА тасарруфидаги кўплаб мусобақаларни қабул қилиб олишга тайёр ва мен бу борада ФИФА конгрессини алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим”, деб алоҳида қайд этди. «Ҳозирга қадар ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейи учун қуриб битказилаётган миллий стадион (Бунёдкор)ни бориб кўрдим. Ўзбекистондаги энг машҳур жамоа «Пахтакор» стадионида бўлдим. Фақатгина футболга оид обьектлар билан чекланмасдан, шаҳар марказида қад ростлаган янгидан-янги иншоотлар билан танишдим».
Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ФИФА президенти 2012 йил Ўзбекистон мезбонлик қилиши керак бўлган мундиалнинг Японига тақдим этилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: «Бу Ўзбекистон футбол федерацияси эмас, балки ФИФА томонидан йўл қўйилган хато эди. Иш бошидан яхши таҳрир қилинмаганди. Шунинг учун Вьетнамдаги мундиал аввал Ўзбекистонга, кейин эса Японияга кўчирилди. Мен бунинг учун шахсан узр сўрайман. Беайб, Парвардигор».

SHARE