23 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

АҚШ “ақлли миялари”ни йўқотмоқда

“Partnership for a New American Economy” ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқотларга қараганда, АҚШнинг иммиграция қонунлари аниқ ва табиий фанлар соҳасида олимлар ва тадбиркорларнинг мамлакатда қолиши ва ишлаши учун ҳалақит бермоқда. Тадқиқотда келтирилишича, АҚШ истеъдодларни жалб қилиш бўйича бошқа мамлакатларга, чунончи, Хитойга ўз ўрнини бўшатиб бермоқда. Ташкилот маърузасида келтирилишича, 2018 йилга бориб АҚШдаги компанияларга 230 мингдан зиёд математика, табиий фанлар, шунингдек, технологик ва муҳандислик соҳалари бўйича кадрлар етишмаслиги кузатилади. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, АҚШ иммиграция қонунлари ва бюрократик тўсиқлар зарур мутахассисларни чақириш ҳамда АҚШда олий таълимни тугатган иқтидорли талабаларнинг мамлакатда қолишига тўсқинлик қилмоқда. Айни пайтда Хитойда 2010 йилдан бошлаб чет элда таҳсил олган кадрларни қайтариш бўйича махсус дастур рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу дастур бўйича профессор ва тадқиқотчиларга тўланадиган мукофот пуллари 158,5 минг долларгача етмоқда. Ушбу дастур бўйича Хитойга қайтган мутахассисларнинг 55 фоизи АҚШда таҳсил олган ёки ишлаган.


 

 

Пультнинг отаси қазо қилди

АҚШда муҳандис, бугунги кунда жуда оммавий бўлган симсиз пультни ихтиро қилган Южин Полли 97 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида Южин 47 йил ишлаган Zenith Electronics компанияси хабар тарқатди. Южин Полли 1955 йилда симсиз пультни яратиб, миллионлаб одамларга диванда ётган ҳолда, телевизор мурватларини бурамасдан, телеканалларни алмаштириш имкониятини яратиб берди. 1915 йилда таваллуд топган Южин Полли ўз фаолиятининг дастлабки йилларида 18 та ихтирога патент олади. 1997 йилда ўз ҳамкасби Роберт Адлер билан бирга, телевидение ривожига қўшган ҳиссаси учун Американинг энг машҳур мукофотларидан бири “Эмми”ни қўлга киритади.


 


Мисрда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Бугун Мисрда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бу собиқ президент Ҳусни Муборак ағдарилганидан сўнг илк сайловлардир. Мамлакатда 50 миллиондан ортиқ сайловчилар рўйхатдан ўтган бўлиб, мутахассислар уларнинг аксарияти сайловларда қатнашишини башорат қилмоқда. Президентликка 13 номзод кураш олиб бормоқда. Уларнинг орасида кўзга кўринганлари Бирлашган араб давлатлари лигасининг собиқ раҳбари Амр Мусо, собиқ бош вазир Аҳмад Шафиқ ва бошқа диний партиялар етакчилари иштирок этмоқда. Сайлов икки кун давом этади. Биринчи турда номзодларнинг биронтаси 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, 16-17 июнь кунлари иккинчи тур сайловлари бўлиб ўтади.


 

 

Чкаловнинг сўнгги самолёти?

Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг охирги маҳсулоти — Ил-76ТД-90ВД самолёти ўз эгасига етказиб берилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Чкалов авиазаводининг ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ўзини оқламагач, унинг фаолият турини диверсификациялаш, яъни бошқа тармоқларга ихтисослаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўз вақтида мамлакат авиация тизими фахри бўлган заводда тайёрланган самолёт Тошкентдан Ульяновскка етказиб берилган. Кейин эса у “Волга-Днепр” авиакомпаниясининг рангларига бўялди. Янги ҳаво кемасига RA-76511 борт рақами берилди. Бу Чкалов авиазаводида ишлаб чиқарилган сўнгги учоқ бўлиши мумкин. Ил-76ТД-90ВД транспорт самолёти Ил-76ТД лайнерининг модификацияси бўлиб, умумий оғирлиги 50 тоннагача бўлган юклар ва техникани ташишга мўлжалланган.


 

 

Юлдуз Усмонова қайтмоқдами?

Шу кунларда янги альбоми устида қизғин иш олиб бораётган Юлдуз Усмонованинг ишлари “беш”. “Шов-шув.ўз”нинг ёзишича, Ўзбекистон халқ артисти нафақат Туркия фаол иш олиб бормоқда, балки Ўзбекистонда ярим расмий тадбирларда пайдо бўла бошлаган. Чунончи, “Терра”нинг 10 йиллигига бағишланган тадбирда сўз олиши эътиборга молик. Хонанда, шунингдек, “Камолот” ЁИҲнинг Тошкент шаҳар бўлими вакиллари қараганда, Юлдуз Усмонова Туркиядан қайтгач, яъни май ойининг сўнгги кунларида “Камолот” ёшлари билан учрашув ўтказади. Унга асосан, хонанда янги альбомидан ўрин олган тарбиявий аҳамиятга молик қўшиқларни жонли ижрода куйлаб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беради. Мусиқий тадбир пойтахтдаги нуфузли университетлардан бирининг анжуманлар залида ўтказилиши режалаштирилган.