25 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Хайр, мактабим!

Бугун МДҲ давлатларининг аксариятида, шу жумладан, Ўзбекистонда умумтаълим мактабларига сўнгги қўнғироқ чалинди. Эрталабдан Ўзбекистон кўчалари янги кийимлар кийган, қўлида гул кўтарган ёшлар билан лиқ тўла эди. Газета.ўз сайтининг ёзишича, бу йил умумий ўрта мактабларни 560,3 минг нафардан ортиқ 9-синф ўқувчилари тамомлашди. Жами 10000 га яқин мактабларни битирган ўқувчилар академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари билан қамраб олинади.


 

 

Украина парламентида депутатлар муштлашди

Украина парламенти — Рада кун тартибига киритилган “Давлат тил сиёсатининг принциплари тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси муштлашиш билан якунланган. Қонунга кўра, рус тилига ҳудудий тил мақомини бериш мумкин эди. Бунинг учун жойларда ҳудудлар аҳолисининг камида 10 фоизи учун рус тили она тили ҳисобланиши керак. Бироқ қонун лойиҳаси мухолифат вакилларини жунбушга келтирди. Уларнинг фикрича, бу украин тили мақомига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис кеча улар қонун лойиҳасини муҳокама қилинишига йўл қўймаслик мақсадида Олий Рада минбарини эгаллаб, ўз рақиблари билан муштлашишга тушиб кетишди. Натижада мухолифат партия аъзоси Николай Петрук ўз партиядошидан зарба олиб, тан жароҳати олди. Шундан сўнг Рада спикери Владимир Литвин ялпи мажлисни ёпишга мажбур бўлди.


 


Франсуа Олланд ўз ваъдасига содиқ қолмоқчи

Бугун эрталаб кутилмаганда Франциянинг янги сайланган президенти Франсуа Олланд Афғонистонга сафар қилди. У ташриф чоғида француз ҳарбий контингенти билан учрашган. Франция президентига сафар пайтида ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус, шунингдек, мудофаа вазири Жан-Ив ле Дриан ва бошқа ҳарбий тузилмалар раҳбарлари ҳамроҳлик қилган. Афғонистоннинг Капис музофотидаги француз ҳарбий базасида нутқ сўзлаган Франсуа Олланд Афғонистонда шаклланган ҳамда Францияга йўналтирилган террор хавфи ҳали тўлиқ бартараф этилмаган, лекин қисман олди олинган, деб қайд этган.
Президент ўз сайловолди кампанияси пайтида берган ваъдаси, яъни 2012 йилнинг охирига қадар француз аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш режаси ўзгармаслигини айтган ва бундай ҳаракат НАТО бўйича ҳамкорлар томонидан тўғри тушунилишига умид билдирган. Айни пайтда Кобулга ўз ёрдамларини тўхтатмаслигини айтиб ўтган. Ҳозирги кунда Афғонистонда 3,4 минг кишилик француз ҳарбий контингенти бўлиб, улар, аввалги режа бўйича, 2014 йил охирида Афғонистонни тарк этиши керак эди.


 

 

GULI бренди Монако шаҳзодаси ва Клинтон хайрия тадбирида ҳомий

GULI бренди Монако шаҳзодаси ва Билл Клинтон жамғармалари томонидан ташкил этилган гала-кеча ҳомийсига айланди. GULI бренди 23 май куни Монако шаҳзодаси Альберт II жамғармаси ва АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон жамғармаси томонидан Монте-Карлода ўтказилган гала-кечанинг титулли ҳомийси сифатида чиқди.
Кеча меҳмонлари орасида актрисалар Диана Крюгер, Роуз МакГоун, Хофит Голан, Chopard вице-президенти Каролина Шойфеле, актёр Билли Зейн, жаз қўшиқчиси Каро Эмеральд ва бошқа кўплаб машҳур кишилар бор эди. Меҳмонларни шаҳзода Альберт II ва Билл Клинтон шахсан кутиб олди. Кеча бошиданоқ меҳмонлар ўзлари учун замонавий технологиялар ва миллий анъаналар уйғунлигига қурилган ўзбек маданиятининг энг ёрқин қирраларини кашф этишди. GULI бренди Гулнора Каримова патронажлиги остидаги Марказий Осиёдаги етакчи ноҳукумат ташкилоти бўлган Фонд Форум билан ҳамкорликда катта экспозицияни тақдим этди.


 

 

ФИФА пенальтилар сериясига “нуқта” қўймоқчи

ФИФА президенти Йозеф Блаттер бугун бўлиб ўтган ташкилот конгресси йиғилишида футболни қизиқарли ривожлантириш қўмитаси раҳбари Франц Беккенбауэрдан плей-офф ўйинларидан кейинги ғолибни аниқлаш борасида янги муқобил тизимини яратиш бўйича ўз таклиф сўраган. “Уфф.ўз”нинг ёзишича, гап пенальтилар сериясини умуман олиб ташлаш масаласи ҳақида бормоқда. Бу қарорга “Бавария”нинг Чемпионлар лигасида “Челси”дан учралган мағлубияти сабаб бўлди. “Иш ўйиндан кейинги пенальтилар сериясига етиб келганда, футбол трагедияга айланмоқда. Футбол – бу жамоа ўйини, аммо бирга-бир вазиятда ўйин ўз маъносини йўқотади”, – дейди Reuters ахборот агентлиги Балттер сўзларидан парча келтириб.

SHARE