28 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Юнонлар ғазабда

Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи-директори Кристин Лагарднинг Грециядаги инқироз хусусидаги фикри жиддий сиёсий тортишувларга сабаб бўлди. Буюк Британининг “The Guardian” газетасига интервью берган Лагард хоним “юнонлар олган қарзларини аста-секин тўлаш орқали ўзларига ёрдам бериши керак” деб таъкидлаган. Шу билан бирга, тежамкорлик сиёсатидан кейинг юнон фарзандлари ҳақида қайғурмаслигини айтиб ўтган. “Негаки, Африкада болалар Грециядан ҳам қашшоқроқ яшашади, улар кўпроқ ёрдамга муҳтож”, деб қайд этган Лагард хоним. ХВЖнинг раҳбарининг ушбу сўзлари Грецияда сиёсий кучлар томонидан жиддий мубоҳасага сабаб бўлди. Хусусан, юнон социалистлари етакчи Гвангелос Венизелос унинг сўзларини “ҳақорат”, “қабул қилиб бўлмайдиган”, деб таърифлаган. Бироқ кейинчалик Лагард хоним ўз фикрларини ўзгартирганини айтиб ўтган. “Мағрур халқ ва мағрур мамлакатга бундай сўз билан мурожаат қилиб бўлмаслигини яхши тушунди”, деб таъкидлади юнон социалистлари етакчи Гвангелос Венизелос.


 

 

Канзасда шариат қоидаларига рухсат йўқ

Канзас штати губернатори Сэм Браунбэк давлат идоралари ва суд органлари томонидан бирор-бир чет эл қонунчилиги бўйича қарор қабул қилишни тақиқлайдиган қонунга имзо чекди. “The Associated Press” ахборот агентлигининг ёзишича, ушбу қонун, биринчи ўринда, судларда шариат қоидаларининг ишлатилиши олдини олиши керак бўлади. Бироқ, қонунда бу ҳақда лом-мим дейилмайди. Губернатор қонунни имзолагани ҳақида штат сенатига ахборот берди ва ушбу ҳужжат 1 июлдан кучга киришини маълум қилди. Қонун тарафдорлари ушбу ҳужжат у ёки бу динни камситмаслигини билдиришмоқда. Бироқ ҳудудий мусулмонлар жамияти губернатордан ушбу қонунга вето қўйишга сўраган.


 


Мактаблар “зонадан ташқарида”

Ўзбекистонда таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тақиқланди. “Подробно.ўз” сайтининг ёзишича, бундай тақиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жорий этилган.
Қарорга биноан, қайси идорага бўйсунишидан қатъий назар умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга биноан, янги тартиб-қоидалар таълим муассасалари ўқувчиларига ва ходимларнинг барча тоифаларига тааллуқли. Тартибга кўра, таълим муассасасига кирганда ҳар бир ўқувчи, ходим, меҳмон ва бошқа шахслар ўз телефонининг абонентни чақириш овозини тўлиқ ўчириб қўйишга (“овозсиз” режимга ўтказишга) мажбур. Таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари олдидан (саф тортиш, тарбия соатлари, байрам, спорт тадбирлари ва бошқалар) ўқувчилар телефонни ўчириб, портфелга, сумкага солиб қўйиши керак бўлади.

Ўқувчилар, шунингдек, телефонни бўйинга осиб қўйиш, кўкрак, шим, юбка чўнтакларида олиб юриши, телефон орқали атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик ва порнографияни тарғиб қилувчи видео ва фотосуратларни намойиш этиши тақиқланади.
Талаблар бузилганида, таълим муассасасининг ҳар қандай педагогик ходими ўқувчидан телефонни олиб қўйиш, Низом бузилганлиги факти ҳақида ёзма докладни расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасаининг директорига (деканига) ёки директор (декан) муовинига кейинчалик уни қоидабузарлик факти ҳақидаги огоҳлантирув билан бирга ота-онасига бериш ҳуқуқига эга.


 

 

Канн фестивали ғолиблари аниқланди

Канн кинофестивалида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, австриялик режиссёр Михаэл Ханекенинг “Севги” кинокартинаси “Олтин пальма япроғи”га сазовор бўлди. Бош ролларни француз актёрлари Эмманюэль Рива ва Жан-Луи Трентиньянлар ижро этган. Ушбу фильмда турли вазиятлар бўлишига қарамасдан бир умр турмуш кечирган икки кекса инсон ҳаёти ҳақида гап боради. Фестивалнинг “Энг яхши режиссёри” унвонига мексикалик Карлос Рейдагас эга бўлди. Жюриларнинг катта мукофотини италиялик киноижодкор Маттео Гарроне суратга олган “Борлиқ” трагиккомедияси қўлга киритди. Учинчи ўрин эса “Фаришталар водийси” фильми учун Кен Лоучга насиб қилди.


 

 

Юлдуз Усмоновадан янги қўшиқ

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова янги мавзуда қўшиқ ёзди. Бу ҳақда Сайёд.ўз сайти хабар беради. Отасиз қизни вояга етказиш, уни турмушга бериш ва отанинг фарзанд ҳаётидаги ўрни ҳақида бўлган мазкур тарона анча таъсирчан чиққан.”Бу мавзу ҳазил эмас, оталар фарзанд олдида бўлиши шарт! Ҳеч бўлмаса мана шу тўйида, тоғдек туриши керак. Бу бурч!”, дейди Юлдуз Усмонова сайтга берган интервьюсида. “Агар ман эркак бўлсам-у, ёнимга бир бола келиб сизни фарзандингизман деса, “Болам, агар сен мени ўғлимдек ҳис қилаётган бўлсанг, мени ўғлимсан. Чунки бу юртни фарзандлари мени болларим”, деб тугатади.

SHARE