Хитойнинг энг йирик интернет-дўкони Россия бозорига кириб келмоқда

Хитойнинг энг йирик интернет-дўкони – “Alibaba.com” яқин кунларда Россия бозорига кириб келади. Бу ҳақда “РБК Daily” нашри хабар қилган.

“Alibaba”нинг фикрича, Россия – интернет-дўкон учун истиқболли бозорлардан биридир. Чунки, Россиянинг интернет-савдо бозори сўнгги йилларда энг юқори суръатларда ўсмоқда.

“Alibaba” Россия бозорида ўз позициясига эга бўлиш учун йирик ҳамкорларни қидирмоқда, ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорлик қилишга уринмоқда. Хитойликлар аллақачон россиялик мижозларга хизмат кўрсатиш учун “Qiwi” электрон тўловлар тизими билан келишувга эришиб бўлган. Ҳозирда у “Яндекс.Деньги” билан музокаралар олиб бормоқда. Эслатиб ўтамиз, “Яндекс.Деньги” бугунги кунда Хитойнинг бир нечта интернет-дўконлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

2011 йил якунларига кўра, “Alibaba” интернет-ритейлерининг жами мижозлари сони 65 миллиондан ошиб кетди. Ушбу онлайн-дўконга 1999 йилда бизнесмен Жек Mа томонидан асос солинган бўлиб, ҳозирда унинг қошида кичик ва ўрта бизнес субъектларининг маҳсулотлари билан савдо-сотиқ қилиш учун 17 та микросайт ҳам ишга туширилган.

Эслатиб ўтамиз, “Alibaba” ҳозирда Американинг “Yahoo!” компанияси билан ўзининг 20% акциясини қайтариб сотиб олиш тўғрисида музокаларни ўтказмоқда. Mаълум бўлишича, битим суммаси 7,1 миллиард долларга баҳоланмоқда.

SHARE