1 миллиард долларга сотиб олса бўладиган 10 та стартап компания

Яқинда “Business Insider” нашри “Instagram” фотосервисига ўхшаган стартаплар, яъни йирик ўйинчилар томонидан 1 миллиард долларга сотиб олинса бўладиган компаниялар рўйхатини тузиб чиқди.

Ҳақиқатдан ҳам, ушбу рўйхатга кирган стартаплар гигант корпорацияларнинг эътиборига тушиши шубҳасиздир. Қуйидаги рўйхатга кирган стартаплардан баъзилари аллақачон 1 миллиардга баҳоланган.

 

 

 

1. Square

Mобил тўловлар учун Жек Дорси томонидан таклиф қилинган ечим – “Square” сервиси “Visa” ва “American Express” каби гигант компанияларнинг эътиборига тушган бўлиши мумкин. Чунки, уларнинг иккаласида ҳам мобил телефонлар орқали пластик карталардан тўловларни қабул қилгувчи махсус қурилма йўқ. “Square” ҳозирда iOS ва Android-қурилмаларда ишлайди. Айниқса, “Square” кардридери кичик бизнес соҳасида анча машҳур бўлиб кетди. У ўз хизмати учун атиги 2,75% комиссия олади холос. Сервис ўтган йилнинг июнь ойида 1 миллиард долларга баҳоланган эди. Ҳозирга келиб унинг қиймати 2 миллиард долларга ҳам етган бўлиши мумкин.

 

2. Foursquare

Yelp”, “Foursquare” ва “Groupon” – барчаси маҳаллий бозорлардаги хизматларни қидирувчи веб-сайтлар ва геолокацион сервислар. Ҳатто, уларнинг бир-бирига қўшилиши ҳақидаги мишмишлар ҳам тарқалган эди. Ҳозирги кунга келиб, “Foursquare”нинг қиймати 1 миллиард доллардан ошиб кетган. Унинг фойдаланувчилари сони 20 миллиондан ортиқ.

 

 

 

 

3. Spotify

Spotify” ҳозирда мусиқий сервислар орасида энг машҳури, ундан 13 та мамлакатда 10 миллиондан ортиқ одам фойдаланмоқда. Ўтган йилнинг июнь ойида у ҳам инвесторлар томонидан 1 миллиард долларга баҳоланди. 2010 йилда “Apple” уни сотиб олиши мумкин, деган мишмишлар тарқалганди.

 

 

 

 

4. Airbnb

Саёҳатчилар ва маҳаллий аҳоли учун уй-жойларни ижараг бериш бўйича энг машҳур сервис – “Airbnb”. 2010 йилда ушбу стартап 800 фоизлик ўсишга эришди. Ўтган йили россиялик миллиардерлар Юрий Mилнер ва Алишер Усмонов унга 112 миллион доллар инвестиция киритишган. Шундай қилиб, уни “eBay” онлайн-аукциони ёки “Marriott” меҳмонхоналар тармоғи сотиб олиши мумкин.

 

 

 

 

5. Rovio

Mашҳур “Angry Birds” ўйинларини ишлаб чиқарувчи ҳамда унга оид франшизларга эгалик қилувчи “Rovio” компаниясини 3 миллиард долларга баҳолашимиз мумкин. Чунки, ўтган йили у “Zynga” томонидан қилинган 2 миллиард долларлик таклифни рад этди. Уни сотиб олишга “Disney” ҳам қизиқиб кўрган.

“Angry Birds” ўйинлари серияси илк марта 2009 йилда чиқарилган бўлиб, у “Rovio”га жуда катта муваффақият олиб келди. Яқинда чиққан ҳисоботга кўра, унинг 2011 йилги даромади 106,3 миллион долларни ташкил қилган бўлиб, бу 2010-йилги кўрсаткичга қараганда деярли 10 баробарга кўпдир. Компания ходимларининг сони эса бир йил ичида 28 тадан 224 тагача етди.

“Rovio” ўз даромадининг учдан икки қисмини “Angry Birds” ўйинининг қаҳрамонлари – “жаҳлдор қушлар” ва “яшил чўчқачалар” рамзи туширилган юмшоқ ўйинчоқлар ва сувенирлар савдосидан олади. Шу пайтгача “Angry Birds”нинг тўртта версияси (оригинал “Angry Birds”, “Angry Birds Seasons”, “Angry Birds Rio” ва “Angry Birds Space”) чиққан бўлиб, улар фойдаланувчилар томонидан жами бир миллиард марта кўчириб олинган.

6. Pinterest

Американинг ижтимоий тармоқлари ичида машҳурлиги бўйича учинчи ўринга кўтарилиб олган “Pinterest” сервисини инвесторлар 5 миллиард долларга баҳолашмоқда. Mишмишларга кўра, “Facebook” уни сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, унга нисбатан қизиқиш “Google” ва “Amazon”да ҳам пайдо бўлган.

 

 

 

 

7. Fab

Дизайнерлик буюмлари билан савдо қилувчи “Fab” сервисидан фойдаланувчилар сони аллақачон 3 миллионга етган. Сервис ҳозирда 200 миллион долларга баҳоланган бўлиб, у юқори суръатларда ўсиб келмоқда. Ўз сервисларининг имкониятларини ошириш учун “Groupon”, “LivingSocial” ёки “Ikea” уни сотиб олишга тайёр бўлса керак.

 

 

 

 

8. Bleacher Report

2007 йилда ишга туширилган “Bleacher Report” портал ҳозирги кундаги спорт ҳақидаги онлайн-ресурслар ичида 4-ўринда туради. Порталга ойига 25 миллиондан ортиқ ноёб фойдаланувчилар ташриф буюрмоқда. AOL ёки “Yahoo!” уни 1 миллиард долларга сотиб олса бўлади.

 

 

 

 

 

9. Path

Таниган-билган ва севган одамларингиз билан ҳаёт воқеаларини баҳам кўриш учун энг муносиб жой – “Path” онлайн-журналидан ҳозирда 3 миллион одам фойдаланмоқда. Яқинда унинг асосчиси “Google” томонидан қилинган 100 миллион долларлик таклифни рад этди. Mишмишларга кўра, “Facebook” ҳам уни сотиб олишга қизиқмоқда.

 

 

 

 

10. Yammer, Quora

Yammer” корхоналарга ўзининг ижтимоий тармоғи орқали мижозлари ва ҳамкорлари билан мулоқот қилишини осонлаштиради. Ҳозирда у 1 миллиард доллардан ортиққа баҳоланмоқда. Савол-жавоблар соҳасидаги ижтимоий сервис – “Quora” ҳам инвесторларга 1 миллиард долларга тушади.

SHARE