Mиллиардер Уоррен Баффет 63 хил газета ва журналларни чиқарувчи нашриётни сотиб олди

Уоррен Баффетга тегишли “Berkshire Hathaway” инвестицион фонди АҚШнинг Виржиния, Ғарбий Каролина, Жанубий Каролина ва Алабама штатларида 63 номдаги кунлик ва ҳафталик нашрларни чиқарувчи “Media General” медиакомпаниясини сотиб олди. Келишув суммаси 142 миллион долларга тенг, дея ёзилади “Media General” чиқарган расмий матбуот хабарномасида.

“Berkshire Hathaway” томонидан сотиб олувчи сифатида унинг шўба корхонаси – “BH Media Group” иштирок этди. Фирма “Media General”нинг “Tampa” гуруҳидан бошқа барча активларини сотиб олмоқда. Келишув шу йилнинг 25 июнигача антимонопол органлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, “Berkshire Hathaway” алоҳида келишувга мувофиқ, “Media General”нинг бугунги кундаги қарзларини қоплаш учун ҳам молиявий кўмак беради.

“Media General” 185 йилда ташкил қилинган бўлиб, у 1969 йилгача “Richmond Newspapers” номи остида фаолият кўрсатган. Унинг асосий активларига “Winston-Salem Journal” ва “Richmond Times-Dispatch” босма нашрлари ҳамда бир қатор телевизион станциялар, хусусан “WFLA-TV” телеканали киради.

Баффетнинг фонди бунгача ҳам бир қатор медиа-активларга эгалик қилиб келаётган эди. Хусусан, “Buffalo News” нашри ҳамда “The Washington Post” газетасининг 26,6 фоизи унга қарайди. Ўтган йили Баффет ўзи туғилиб ўсган жой – Омаха шаҳрида бир қатор нашрларни чиқарувчи “Omaha World-Herald” нашриётини ҳам сотиб олган эди.

SHARE