Хитой Эрон нефтини юанда сотиб олишни бошлади

Хитой Эрондан сотиб олинадиган нефть ҳаққини юанда тўлашни бошлади. Бу ҳақда Эроннинг ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда “Reuters” агентлиги хабар қилган. Ўз навбатида, Эрон ҳам Хитой Халқ Республикасидан қилинадиган товарлар импортини юанда тўлашни бошлаган.

“The Financial Times” газетаси 7 май куни Эрон ва Хитой ўртасидаги нефть савдоси бўйича ҳисоб-китоблар аллақачондан бери юанда амалга оширилаётгани ҳақида ёзган эди. Нашрларнинг ёзишича, нефть учун тўланаётган Хитой юанлари Россия банклари орқали Эронга кириб келмоқда. Ўз навбатида, Хитойнинг “Bank of China” каби йирик банклари халқаро санкциялар босимига тушиб қолмалсик учун Эрон билан ҳамкорлик қилишдан воз кечишган эди.

Шу йилнинг февраль ойида маълум бўлдики, Эрон Ҳиндистонга ҳам импорт қилинаётган нефтнинг 45 фоизигача ҳаққини ўзининг миллий валютаси – рупияда тўлашига рухсат берган. Бунгача Ҳиндистон Эрондан қилинадиган 80 фоиз нефть импорти ҳаққини Туркиянинг “Turkiye Halk Bankasi” банки орқали евро ва долларларда тўлар эди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Эрон нефтига нисбатан эмбарго, яъни таъқиқ қўйган бўлса-да, Пекин ва Нью-Деҳли ҳали бундай қарорга келишганича йўқ. Ўз навбатида, Ғарб давлатлари бу иккаласига Эрон нефтини импорт қилиш ҳажмини қисқартириш учун босим ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Теҳронга нисбатан молиявий санкциялар ўрнатилгани боис, Хитой ва Ҳиндистон унга нефть ҳаққини евро ва долларда тўлашга қийналишаётган эди.

Ҳозирда, Европа Иттифоқи ва АҚШ Эрон нефтидан бутунлай воз кечишга қарор қилган. Аввал тузилган шартномаларнинг охиргиси 2012 йилнинг 1 июлида ўз ниҳоясига етади.

Европа Иттифоқи ва АҚШнинг санкциялари Эроннинг ядровий дастурига қаратилган бўлиб, уларнинг фикрича Эрон ҳукумати атом бомбасини яратиш устида ишламоқда. Эрон эса, ўз навбатида, ўзининг ядровий дастури тинчлик йўлида фойдаланилишини таъкидлаб келмоқда.

SHARE