Компьютер қароқчилигидан йилига қанча зарар кўрилади?

Компьютер қароқчилигидан кўрилган зарар миқдори 2011 йилда 63,4 миллиард долларни ташкил қилди. Бу 2010 йилги кўрсаткичга қараганда 4,6 миллиард долларга кўп демакдир. Шундай қилиб, ўтган йил мобайнида компьютер қароқчилигидан кўрилган зарар бундай статистикани юритиш бошлангандан бери рекорд натижа ҳисобланади. Бу ҳақда Сингапурда жойлашган Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларининг бизнес уюшмаси (“Business Software Alliance”) томонидан чиқарилган ҳисоботда келтирилган.

Ҳужжатда келтирилишича, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар энг кўп АҚШ ва Хитойда зарар кўришади – мос равишда 9,8 ва 9,9 миллиард доллар. Россия эса ушбу “қора рўйхатда” 3,2 миллиард долларлик кўрсаткич билан учинчи ўринда турибди. Хусусан, Россияда 2011 йилда компьютерларга ўрнатилган дастурларнинг 63 фоизи “қароқчилик” маҳсулидир.

Ҳисоботда ёзилишича, 2011 йилда бутун дунё бўйлаб компьютерларга ўрнатилган дастурларнинг 42 фоизи ноқонуний дастурий маҳсулотлар саналади.

Компьютер қароқчилиги – бу, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган дастурий маҳсулотларни ноқонуний кўчириш ёки тарқатишдир. Бирор қонуний дастурни ноқонуний йўл билан кўчириш, юклаб олиш, биргаликда фойдаланиш, сотиш ёки ундан нусха олиб бир нечта компьютерга ўрнатиш қароқчилик саналади.

Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларнинг бизнес уюшмаси – бу нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, унинг фаолияти хавфсиз ва қонуний рақамли дунёни ривожлантиришга ёрдам беришдан иборатдир. Уюшма томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар муаллифлик ҳуқуқи, ахборот майдони, савдо ва электрон тижоратнинг хавфсизлигини таъминлайди ҳамда юқори технологиялар соҳасидаги инновацияларни ривожлантиришга ёрдам беради.

SHARE