Кати Кэмпбел: “Илм-фан муштарак тилдир”

Маълумки, 2010 йил декабрда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳукумати билан илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Ушбу битим доирасида икки давлат фан ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда.

Хусусан, шу йилнинг бошида халқаро миқёсда фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни рағбатлантирувчи CRDF Global халқаро ташкилоти билан англашув меморандуми имзоланган эди. Май ойида эса бутун дунёга машҳур Webster University билан Тошкент ахборот технологиялари институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган CRDF Global халқаро ташкилоти раҳбари Кати Кэмпбел хоним бу ҳужжатлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки гуманитар соҳаларда такомиллашиб бораётганини кўрсатади, деб қайд этди.

Кати Кэмпел хонимга кўра, бугунги кунда CRDF Global халқаро ташкилоти Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам бир қатор фан ва таълим дастурларини рўёбга чиқармоқда. Шулардан бири фан ва технология ташаббуслари орқали Глобал инновация бўлиб, у Яқин Шарқ, Африка ва Осиё мамлакатлари учун мўлжаллангандир. Шу йилнинг июль ойида очилидаган мазкур ташаббус иқтисодий нуқтаи назардан ҳам аҳамиятлидир. Чунки Глобал инновация ташаббуси фаолият юритиладиган мамлакатлар иқтисодиётига фан ва инновация ютуқларини фаол татбиқ этишни мақсад қилган.

“Бугун жуда кўплаб мамлакатлар фан ва муҳандислик соҳаларига инвестиция йўналтириб бормоқда. Айни чоғда бу борада жуда кўплаб иқтидорли ёшлар борлигини ҳам тан олиш керак. Халқаро бозорда муваффақиятларга эришиш учун маҳаллий экспертларни кашф эта билиш керак… Албатта, илм-фан жуда серхаражат соҳа. У битта давлат учун оғирлик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам харажатлар бўлинмоғи керак”, деди Кати Кэмпбел хоним АҚШ элчихонасида ташкил этилган давра суҳбатида.

Кати Кэмпбел хоним ўз ташрифидан кўзланган яна бир мақсад Ўзбекистон олимлари ва тадбиркорларини мазкур халқаро ташкилот олиб бораётган дастурларда фаол иштирок этишга жалб қилиш эканлигини алоҳида қайд этди.
“Илм-фан катта қудратга эга. У сиёсий, маданий ва тил билан боғлиқ турли тўсиқларни ҳам енгиб ўта олади, кўпгина соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга туртки беради. Шу маънода айтганда, илм-фан муштарак тилдир”

Ташриф давомида, шунингдек, CRDF Global халқаро ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

SHARE