18 май – “Facebook” IPOси куни

Бугун 2012 йил 18 май – жума куни технологик компанияларнинг қимматли қоғозлари олди-сотди қилинадиган АҚШнинг NASDAQ фонд биржасида дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ, бутун дунё бўйлаб 900 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган “Facebook” ўз акцияларини очиқ савдога қўяди.

“Facebook” ушбу IPO (initial public offering – акцияларининг бирламчи таклифи) орқали инвесторларга жами 421 миллион дона акциясини 38 доллардан сотишни режалаштирган. Эслатиб ўтамиз, биржадаги рамзий белги сифатида “FB” қисқартмаси танланган.

Ушбу IPOда “Facebook”нинг ўзи 180 миллион дона, унинг илк акциядорлари эса – 241,2 миллион дона акциясини сотувга қўяди. Ижтимоий тармоқнинг бош директори ва асосчиси 28 ёшли Mарк Цукербергнинг ўзи эса 30,2 миллион дона акциясини сотувга қўймоқда, бу унга бир миллиард доллар атрофида маблағ келтиради.

Биржага чиқиш муваффақиятли ўтадиган бўлса, “Facebook” инвесторлардан 16 миллиард доллар жалб қилади. Бунда бутун компаниянинг қиймати эса 100 миллиард доллардан ошиб кетади. Кўпчилик экспертларнинг баҳолашича, биринчи кунданоқ “Facebook” акцияларининг нархи 50 фоизгача кўтарилиб кетиши мумкин.

Шундай қилиб, “Facebook”нинг IPOси интернет-компаниялар тарихидаги энг йирик, бутун АҚШ тарихидаги эса учинчи энг йирик IPO бўлади. Бунгача АҚШдаги энг йирик IPOни “Visa” халқаро тўлов тизими (19,7 миллиард доллар жалб қилган) ва “General Motors” автоконцерни (18,1 миллиард доллар) ўтказган. Технологик компаниялар ичида эса рекорд “Google”га тегишли – у 2004 йилда IPO ўтказиб, инвесторлардан жами 1,9 миллиард доллар маблағ жалб қилган, бутун бошли компания эса ўшанда 23 миллиард долларга баҳоланган эди.

Бундан ташқари, “Facebook” андеррайтерлар учун сақлаб қўйилган акцияларни ҳам сотувга чиқарадиган бўлса, у яна қўшимча 2,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиши мумкин. Шундай қилиб, умумий ҳисобда “Facebook” IPOсини 16-18,4 миллиард долларга баҳолаш мумкин.

Mаълумот ўрнида:

2004 йилнинг февраль ойида Гарвард университети талабалари – Mарк Цукерберг, Эдуардо Саверин, Дастин Московиц ва Крис Хьюз биргаликда “Facebook” сайтини ишга туширишган. Дастлаб, у фақатгина талабалар учун мўлжалланган эди, икки йилдан сўнг ундан рўйхатдан ўтиш барча учун очиқ қилинди. Бугунги кунга келиб у ўзининг 900 миллиондан ортиқ аъзоси билан дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоққа айланди, шулардан 500 миллиони мобил фойдаланувчилардир. Компания даромадининг 80 фоизи рекламалар ҳиссасига тўғри келади.

SHARE