“Facebook” ўзини 96 миллиард долларга баҳолади

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ сайти – “Facebook” ўзининг 18 май куни бўлиб ўтадиган акцияларининг илк очиқ савдоси (IPO) учун нарх диапазонини белгилади. Унга кўра, “Facebook”нинг бир дона акцияси 28-35 доллар оралиқда баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар қилган.

Шундай қилиб, IPO натижасида “Facebook” инвесторлардан жами 13,6 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирмоқда. Компаниянинг капиталлашув даражаси эса 96 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

“Facebook” расмийлари ҳали бу ҳақда расмий баёнот билан чиққанича йўқ.

7 май куни “Facebook” компанияси “road-show”, яъни компания аксияларини сотиб олиш билан қизиқаётган йирик инвесторлар билан кўришишни бошлайди. Уларнинг баъзиларида компания асосчиси Марк Цукербергнинг ўзи ҳам иштирок этади.

“Facebook” акциялари ҳам бошқа технологик компаниялар каби Американинг NASDAQ фонд биржасида листинг қилинади. Тикер, яъни компаниянинг биржадаги рамзий белгиси сифатида эса FB танланган.

“Facebook” яқинда чиқарган 2012 йил биринчи чорак якунларига кўра, унинг даромади 1 миллиард долларни ташкил қилган, фойдаси эса – 205 миллион доллар. Бугунги кунда унинг фойдаланувчилари сони 900 миллиондан ортиқ.

SHARE