“Facebook” уяли алоқа операторларининг SMS-бизнесига хавф туғдирмоқда

Mобил алоқа операторлари абонентларининг бир-бирларига юборадиган SMS-хабарлари ортидан келадиган даромад йилдан-йилга камайиб бормоқда, бунга асосий айбдор сифатида эса “Facebook” тилга олинмоқда. Бу ҳақда яқинда “Strand Consult” консалтинг компанияси ўтказган тадқиқот ишида маълум қилинган.

Смартфон эгалари ўз вақтининг катта қисмини “Facebook”да ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам улар ўз танишларига пуллик SMS юборишдан кўра ижтимоий тармоқнинг чат функсиясидан фойдаланишни афзал кўришмоқда.

Шу пайтгача кўпчилик мобил операторлар “Google”ни ўзининг бизнесига асосий хавф туғдираётганликда айблаб келарди, энди вазият ўзгармоқда. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар, энг аввало, одамлар ўз оиласи ва яқинлари билан алоқада бўлиб туриш учун ҳар куни фойдаланадиган коммуникация воситаси саналади.

Бошқа сервислар, жумладан “Skype”, “Twiter” ва MSN мобил индустрияга “Facebook”чалик хавф туғдира олмайди. Ҳозирда “Facebook”дан бутун дунё бўйлаб 900 миллиондан ортиқ одам фойдаланаётган бўлиб, шулардан 500 миллиони мобил фойдаланувчилар ҳисобланади, яъни улар ижтимоий тармоқ сайтига мобил телефонлардан киришади.

Кўпгина мобил компаниялар ўзларининг SMS-бизнесини сақлаб қолиш учун турли чора-тадбирларни қўллашмоқда. Mасалан, абонентларга SMS-пакетларни таклиф қилиш орқали. Бунда, абонент бир ой учун SMS-пакет сотиб олиб, кейин хоҳлаганича (SMS-пакетда кўрсатилган миқдоргача) SMS юбориши мумкин.

SHARE