G8 давлатлари раҳбарлари: Греция еврозонада қолиши лозим

Шу йилнинг 18-19 май кунлари АҚШнинг Кэмп-Дэвид шаҳрида “катта саккизлик” (G8) давлатлари раҳбарларининг 38-саммити бўлиб ўтди.

Саммитда G8 давлатлари етакчилари шундай хулосага келишдики, Греция еврозонда қолиши лозим. Mажлис давомида еврозонада кечаётган муаммолар ўртага ташланиб, кескин муҳокамага қўйилди. “Катта саккизлик”нинг барча давлатлари вазиятни барқарорлаштириш учун барча ёрдамни беришга тайёр эканликларини билдиришди.

G8 иштирокчилари молиявий инқирозга қарши курашиш мақсадида ўз мамлакатларининг иқтисодиётини рағбатлантириш учун биргаликда ҳаракат қилишга ҳам келишиб олишди. Ҳозирда жаҳон иқтисодиётига хавф туғдираётган энг катта муаммо Европа банклари эканлиги таъкидланди.

G8 мамлакатларига АҚШ, Буюк британия, Канада, Япония, Италия, Франция, Германия ва Россия киради. G8 халқаро ташкилот саналмайди, у ҳеч қандай халқаро шартнома асосида тузилмаган, унинг устави ҳам, котибияти ҳам йўқ. У шунчаки ривожланган мамлакатларнинг норасмий форуми саналади. “Катта саккизлик” чиқарган қарорлар, асосан, сиёсий характерга эга бўлиб, ҳеч қандай юридик кучга эга эмас. Блок дастлаб G7 сифатида ташкил қилинган бўлиб, 1997 йилдан унга Россия ҳам қўшилган. Шундай бўлса-да, ҳозирда ҳам баъзи ўринларда G7 (Россиядан ташқари) алоҳида тилга олинади.

Бу йилги G8 саммитида Россия номида Дмитрий Mедведев иштирок этди. Россия президенти Владимир Путин эса ҳукуматни шакллантириш масаласини кўриб чиқиш билан банд бўлганлиги боис, ушбу тадбирда иштирок эта олмади. Қолган давлатлардан эса президентлар ёки бош вазирлар иштирок этишди.

SHARE