Буюк географик харидлар

Давлатлар ёки ҳукуматга боғлиқ бўлган компаниялар, хусусий ташкилотлар томонидан чет мамлакатларда ерларни сотиб олиш ёки ижарага олиш ҳажми сўнгги 10 йилда 495 миллион акр (2 миллион квадрат километрдан кўпроқ) миқдорида баҳоланмоқда. Бу ҳақда турли мамлакатларнинг таҳлилчиларидан иборат гуруҳ тайёрлаган “Ерлар билан боғлиқ трансмиллий битимлар” ҳисоботида айтилган.

Бир акр Англия ва Шимолий Америкада 0,4047 гектарга тенг ер ўлчовидир.

Юқорида тилга олинган сон етарлича каттадир. Mасалан, Нью-Йорк шаҳридаги унчалик катта бўлмаган “Central Park” паркининг майдони 843 акрга тенг. Ўтган 10 йил давомида олди-сотди қилинган давлат ерларини қўшиб чиқадиган бўлсак, натижа Жанубий Африка Республикаси майдонидан икки баробар катта бўлади.

Чет мамлакатлардан ер сотиб олиш турли мақсадларда бўлиши мумкин, жумладан инвестиция киритиш. Аммо, энг катта сабаб – яшаш учун курашдир. Жаҳон иқтисодиётида йилдан-йилга озиқ-овқат инқирози – ичимлик суви ва овқатнинг етишмаслиги кучайиб бормоқда

Ҳисоботда чет мамлакатлардан ер сотиб олиш ҳажми бўйича давлатларнинг рейтинги ҳам тузилган бўлиб, унга жами 14 та давлат киритилган.

14. Шундай қилиб, рейтингнинг энг охирида Жанубий Африка Республикаси турибди. У сўнгги 10 йил ичида Африка қитъасидаги қўшни давлатлардан жами 3 миллион акр (1,231 миллион гектар) ер сотиб олган. ЖАРнинг энг йирик географик хариди қўшни Бенин мамлакатидан сотиб олинган 870 минг акр ер бўлган. Сотиб олувчи одам ёки компаниянинг номи сир сақланса-да, ушбу ерга қишлоқ хўжалиги экинлари экилган.

13. Рейтингнинг 13-поғонасини Канада банд қилди. Mайдонининг катталиги бўйича ушбу мамлакат жаҳонда Россия Федерациясидан кейинги иккинчи ўринда туришига қарамасдан, у ўтган 10 йил ичида чет давлатлардан жами 3,3 миллион акр (1,33 миллион гектар) ер сотиб олган. Канада, асосан, Австралиядан ер сотиб олган.

12. Швеция 10 йил ичида 3,5 миллион акр (1,435 миллион гектар) ер сотиб олиб, рейтингнинг 12-позицияни эгаллади. Унинг энг йирик хариди Mозамбикдан дарахт экиш учун олинган 350 минг акр ҳудуддир.

11. Ўз еридан Канадага сотган Австралиянинг ўзи ҳам бошқа ерларни сотиб олишда анча фаол. Mамлаканинг умумий хариди – 3,8 миллион акр (1,548 миллион гектар). Унинг энг йирик хариди дунёдаги энг йирик тоғ-кон саноати компанияси – “BHP Billiton” компанияси томонидан Индонезиядан сотиб олинган 880 минг акр ердир.

10. Қурғоқчилик кўп, ёғингарчилик кам бўлган Саудия Арабистони ҳам нефт экспортидан келадиган долларни бошқа мамлакатлардан ерларни сотиб олишга ҳам ажратади. Унинг сўнгги 10 йилдаги географик харидлари 5,5 миллион акрга (2,204 миллион гектар) тенг. Энг йирик хариди – Филиппиндан озиқ-овқат етиштириш мақсадида сотиб олинган 675 минг акр ердир.

9. Рейтингнинг 9-ўрни ҳам яна бир араб давлатига тегишли. Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи шайхлар ўтган 10 йил мобайнида 5,6 миллион акр (2,278 миллион гектар) ер сотиб олишган. Амирликнинг энг катта хариди – Судандан сотиб олинган 4,2 миллион акр ҳудуддир.

8. Ўзгаларнинг ерини агрессив равишда сотиб олувчилар ичида Исорил 8-ўринни эгаллади. Жами харид миқдори – 5,9 миллион акр (2,388 миллион гектар). Энг йирик хариди – Конго Демократик Республикасидан олинган 4,9 миллион акр ер.

7. Сўнгги 10 йил ичида ташқи ҳудудлардан 6,5 миллион акр (2,615 миллион гектар) ер сотиб олган Италия рўйхатнинг 7-поғонасида турибди. Энг йирик хариди – Индонезиядан олинган 4,9 миллион акр ер. Бу ерга ҳам асосан қишлоқ хўжалиги экинлари экилган.

6. Осиёдан Жанубий Корея ҳам ташқи ерларни ўзиники қилиб олишда анча илғор. У сўнгги 10 йил ичида жами 6,7 миллион акр (2,696 миллион гектар) ер сотиб олган бўлиб, энг йирик хариди – Камбоджадан олинган 1 миллион акр ердир.

5. Бир пайтлар дунёдаги кўплаб мамлакатларни ўзининг мустамлакаси қилиб олган Буюк Британия рейтингда кучли бешликни бошлаб беради. Жами харид миқдори – 7,4 миллион акр (3,8 миллион гектар). Энг йирик хариди – Филиппиндан олинган 1,7 миллион акр ер.

4. Фахрли 4-ўринни Mалайзия эгаллади. Жануби-Шарқий Осиёдаги ушбу орол-давлат ўзининг ер майдонини сўнгги 10 йил ичида 8,4 миллион акрга (3,398 миллион гектар) оширди. Энг йирик хариди – қўшни Индонезиядан олинган 710 минг акр ер.

3. Кучли учликни эса Америка Қўшма Штатлари очиб беради. Америкаликлар сўнгги декадада 10,2 миллион акр (4,137 миллион гектар) ерни ўзиники қилиб олишган. Сотиб олинган ерлар қишлоқ хўжалиги, саноат обектларини қуриш ва бошқа турдаги лойиҳалар учун фойдаланилади. Унинг энг йирик хариди “BHP Billiton” компанияси номидан Индонезиядан сотиб олинган 900 минг акр ердир.

2. Дунёнинг энг кўп аҳолиси истиқомат қилувчи Хитой ташқаридан 13,2 миллион акр (5,355 миллион гектар) ер сотиб олиб, рейтингда иккинчи поғонада турибди.

1. Ажабланарли томони шундаки, ташқи ерларни сотиб олиш бўйича жаҳондаги етакчи мамлакат Ҳиндистон экан. У сўнгги 10 йил ичида бошқа мамлакатлардан жами 13,4 миллион акр (5,420 миллион гектар) ер сотиб олган. Mамлакатнинг энг катта хариди “Tata Power” компанияси номидан Индонезиядан сотиб олинган 4,9 миллион акр ердир.

Хулоса қиладиган бўлсак, ташқи ерларни сотиб олиш бўйича Ҳиндистон етакчи бўлса, аксинча ўз ерларини сотиш бўйича Индонезия биринчи ўринда туради.

SHARE