Греция еврозонадан чиқадиган бўлса, Европа Иттифоқи қанча зарар кўради?

Грециянинг Европа валюта иттифоқидан чиқиши ҳамда бунинг ортидан бўлиб ўтиши мумкин бўлган воқеалар еврозонага 235-780 миллиард еврога (0,3-1 триллион долларга) тушади. Бу еврозонага кирувчи 17 та мамлакат ялпи ички маҳсулотларининг 2-5 фоизига тенг демакдир. Бу ҳақда “ The Guardian ” нашри Британиянинг Иқтисодий ва бизнес тадқиқотлари маркази (The Centre for Economics and Business Research, CEBR) ҳисоботига таянган ҳолда маълум қилган.

Ҳисоботда ёзилишича, агарда Грециянинг еврозонадан чиқиши назорат остида амалга оширилса, бу еврозонага арзонга тушади. Аксинча, бу воқеа турли тартибсизликларга сабаб бўлса кўриладиган зарар миқдори бир триллион долларгача етиши мумкин.

Халқаро валюта фонди (ХВФ) раҳбари Кристин Лагарднинг сўзларига кўра, ташкилот Грециянинг еврозонадан чиқиши бўйича техник харажатларни ҳисоблаб чиққан. Унинг таъкидлашича, Грециянинг валютавий блокдан чиқиши “фавқулодда катта харажатларга” сабаб бўлади, лекин у аниқ суммани келтирмаган.

Франсиянинг “ IESEG School of Management ” бизнес-мактабининг ҳисоб-китобларига кўра, Греция еврозонадан чиқадиган бўлса Европа Иттифоқидаги энг йирик иқтисодиётга эга Германия 90 миллиард евро атрофида зарар кўради. Франция эса ундан сал камроқ – 66 миллиард евро зарар кўриши мумкин.

Франсиянинг йирик банкларидан бири “Natixis” банки ҳам бу бўйича ўзининг ҳисоб-китобларини амалга оширган бўлиб, Грециянинг еврозонадан чиқиши ҳамда дефолть ҳолатининг эълон қилиниши валюта иттифоқининг қолган аъзоларига энг камида 100 миллиард еврога тушади. Европа Иттифоқи давлатлари Грециянинг деярли 53 миллиард евро, Европа марказий банки эса 45 миллиард евролик ҳукумат облигацияларига эгалик қилади. Умумий ҳисобда, Европа давлатлари ва ХВФ биргаликда Грециянинг 200 миллиард еврога яқин облигацияларига эгалик қилади.

Грек партияларининг ҳукуматни шакллантириш бўйича қилган бир нечта муваффақиайтсиз уринишлари июнда бўлиб ўтадиган янги сайловларни ўтказиш учун ҳам хавф туғдирмоқда. Бироқ, июнь охирига келиб, инқирозга қарши дастурга мувофиқ, Греция ҳукумати давлат харажатларини 11 миллиард еврога қисқартиришга мўлжалланган режани маъқуллаши лозим. Шундан сўнг Афина июль ойи бошида Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта фонди томонидан тақдим қилинаётган кредитнинг навбатдаги траншини олиши мумкин бўлади.

Кузатувчиларнинг фиркича, Грецияда июнь ойи охиригача янги ҳукуматнинг шаклланишига кўпчилик шубҳа билдирмоқда. Агарда шундай бўлиб чиқса, Греция Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта фондидан навбатдаги кредит траншини қабул қила олмайди. Бу эса, ўз навбатида, Грециянинг ўз мажбуриятларини бажара олмай, дефолть ҳолатига тушишини ва еврозонадан чиқишга мажбур бўлишини билдиради, дея ёзади “Sunday Times”.