Ҳакима Насафий: “Ўзлигимизни унутмайлик”

Ҳакима опа Насафий билан суҳбат

Ҳакима Насафийнинг ота-боболари Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан. оталари Сталин қатағони даврида Афғонистонга қочиб ўтишган. Кейинчалик 40 йилларча аввал уларнинг оиласи АҚШга кўчиб келишган. Суҳбатни “Ватандош”нинг Чикагодаги мухбири Олим Шарипов олиб борди.

— Ҳакима ая, оилангизнинг Чикагога келиб қолиш сабаблари ҳақида гапириб берсангиз.

— Бизнинг Америкага келишимизга турмуш ўртоғим Сирожиддин Насафий сабабчи. У киши 1971 йили АҚШга ўқишга келади. Шу сабаб кейинчалик бутун оила аъзоларимиз билан бу заминдан қўним топдик.

— Америкага янги келган пайтингизда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

— Албатта, қийинчиликлар бўлган. Масалан, тил билмасдим. Энди тил билмасангиз, иш топиш ҳам осон бўлмас экан. Аввало, инглиз тили курсига кириб ўқидим. Кейин иш топилди. Худога шукр, вақт шунча тез ўтар экан, битта компанияда 33 йил ишлаб, нафақага чиқдим.

— Сиз асли Ўзбекистондан бўлсангиз ҳам, Афғонистонда таваллуд топгансиз.У ерда асосан форс ва афғон тили. Кейинги ҳаётингиз Америкада ўтаяпти. Бу ерда эса асосий тил инглиз тили. Шунга қарамасдан фарзандларингиз ўзбек тилида яхши гапиришар екан. Айтинчи, бунга қандай эришдингиз?

— Биз дастлаб Кобулда яшар эдик. Раҳматли қайнотам Ҳожи Ғиёсиддин Насафий бизга уйда фақат ўзбекча гаплашишни тавсия этган эдилар. Шу тартибни биз Америкада яшаган пайтимизда ҳам давом эттирдик. Худога шукр, бугунга қадар шу қоидага риоя қилиб келаяпмиз. Ҳозирда нафақат болаларим, балки шу ерда туғилган набираларим ҳам ўзбек тилини билишади. Бундан кўнглим тўқ.

— Айтингчи, Ҳакима ая, Америкада Сизга нима ёқадию, нима ёқмайди?
— Яхши савол. Америка демократияси яхши: миллатидан, ирқидан, динидан қатъи назар ҳар қандай шахс бу ерда ўзи хоҳлаганча яшаши мумкин. Энди масалан, мана шу демократияни суиистеъмол қилиб, баъзиларнинг ахлоқсиз қилиқлар қилиши менга ёқмайди. Шунингдек, бу ерда ёшларнинг катталарга ҳурмати унчалик яхшимас.

— Раҳмат, Ҳакима ая, энди охирги анъанавий савол. Америкага энди келиб яшаётган ватандошларимизга нима истакларингиз, маслаҳатларингиз бор?

— Менинг ватандошларимга истакларим: аввало, тилимизни, динимизни, урф-одатларимизни сақлаб қолайлик. Бунинг учун, хусусан, болаларимиз билан ёшлигидан жиддий шуғулланайлик. Болага ёшлигидан ўргатсангиз кейин ўзингизга осон бўлади. Хуллас, ўзлигимизни йўқотмайлик.


SHARE