Олланд ва Меркель: “Греция еврозонада қолади”

Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд ўртасида сешанба куни кечқурун Берлинда бўлиб ўтган учрашувда Грециянинг валюта иттифоқида қолиш-қолмаслик масаласи ҳал қилинди.

“Биз иккаламиз ҳам Грецияни еврозонада қолиши керак деб ҳисоблаймиз. Грециянинг ўзида ҳам кўпчилик одамлар бу фикрни қўллаб-қувватламоқда”, – дейди Меркель журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот конференциясида.

Германия канцлерининг сўзларига кўра, Франция ва Германия Грецияга ўз иқтисодиётини оёққа турғизиб олиши учун керакли барча ёрдамни беришга тайёр.

Ўз навбатида, Франсуа Олланд ҳам шу йилнинг июнь ойида Грецияда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида греклар евро зонасида қолиш ҳақида қарор қабул қилишига умид билдирган. Франциянинг янги президенти Европа грекларни қўллаб-қувватлашига ваъда берган.

Учрашувда Грециядан ташқари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Эслатиб ўтамиз, Олланд сайловларда ғолиб чиққанидан сўнг Германия ҳукумати қуйидагича расмий баёнот билан чиққан эди: “Социалистик партиядан чиққан Франсуа Олланднинг номзодлиги президентлик сайловида Николя Саркози устидан ғалаба қозонганлигига қарамасдан, Париж ва Берлин ўртасидаги яқин муносабатлар ҳар доимгидек сақланиб қолади”.

Франция президентининг таъкидлашича, “Европа манфаати йўлидаги ҳамкорлик” ҳар иккала давлат манфаати учун ҳам хизмат қилади. Европа Иттифоқининг бюджетга оид пактига келадиган бўлсак, Олланд уни қайта кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирган. Аммо, Германия ҳукумати эса пактни қайта муҳокама қилмоқчи эмас.

Авваллари, Ангела Меркель ҳамда Николя Саркози ўртасидаги яқин ҳамкорлик журналистлар тилида “Mеркози” номини олган бўлса, эндиликда бу ном “Mерколланд”га айланишга улгурди.

SHARE