Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “Буғдой экиб, арпа ўрганлар…” III-қисм

Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса.

Таҳририят хориждаги ўзбек адабиёти намояндаларидан бири, туркиялик ўзбек Собир Сайҳоннинг Ватан соғинчи, юртга муҳаббат туйғуларига йўғрилган асарларидан “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” қиссасини эътиборингизга ҳавола этар экан, бу асар ёшлар қалбида она-Ватангга садоқат туйғуларини шакллантиришда хизмат қилади, дея умид қилади.

Собир САЙҲОН

Буғдой экиб, арпа ўрганлар

Јисса

III- қисм

Туркияга кетиш учун ҳаракат…

Тошқўрғонда ҳам бирмунча дўстлар орттирдим. Ҳунарим соясида беш-ўн танга тўплаб, қора тўриқ от сотиб олдим. Бир мажлисда бедилшунос адиб биродарларнинг суҳбатидан азбаройи таъсирланганимдан шу азизларнинг маслаҳати билан савр ойи охирларида Ойбек шаҳри томон жўнадим. Довон ошиб, чарчасам ҳам қийналмай Ойбек шаҳарчасига етиб келдим. Атрофи аксар пистазор бўлган шаҳар озодагина экан-у, аммо зиёли кишилари йўқдай, асл халқи ўзбек, тожик, ҳазора. Афсуски, дилозор, даға афғонлар бу ерда ҳам истаганча топилади. ўн кунча дам олиб, Пулҳур томон йўл олдим. Пулҳурда таниш-билиш топилмади, бу ғирт азоб эди. Ҳамманинг мақсади кетмоқ. Хору зорлик мендан бошқаларнинг ҳам қисмати экан. Бир амаллаб иккинчи ватаним Туркияга бориб олишим керак, деган тўхтамга келдим. Ватандош керак экан кишига. Балки Қобулда ниятимга етарман? Афғон даға қишлоқиларидан, нисбатан тожиклар яшайдиган Чорикор, Саройхўжадан ўтиб, кейин Кобулга етиб келдим. Икки тоғ орасида жойлашган шаҳар ўртасидан дарё оқади. Аммо дарёдан сиз ўйлагандай кўм-кўк, тиниқ сув оқмайди. Шаҳарнинг ифлослигини таърифлаб, таъбингизни бузмай қўя қолай. Икки-уч қаватли лой уйлар оралаб, тор кўчалардан ўтишнинг ўзи бўлмайди. Шўрбозор ва хиёбон атрофидаги кўчаларда кўпроқ ҳазора қавми яшайди. У ерларда овқатланган соғ одам эртаси ўлмаса ҳам индинга етиши даргумон…

Аммо Бобуршоҳ мақбарасигача ариқ кавланиб, зилол сув олиб келинган бўлса-да, бугунда жилдирабгина оқади. Ҳавоси яхши. Раҳматли Бобур“Ватанга яқин бўлайин”, деган мақсадда шу ерга кўмилишни орзулаган бўлса керак. Афсуски, минг меҳнат билан вояга етказилган боғ-роғлар бефайз, мақбара харобага айланиб, ҳовузлари сувсиз, қимматбаҳо мармар тошлар ўғирланган. Ҳазрат Бобур шу ётишда мендан ҳам ғариброқ туюлиб, қалбим зирқираб, зиёратларида узоқ ўтириб қолдим. Руҳларига Қуръон тиловатлар бағишладим. Озгина бўлса-да, таскин топиб, яна йўлга тушдим.

Кўпдан буён суҳбатга муҳтож юрардим. Тасодифни қарангки, суҳбатдошлардан ёлчидим. Сартарош Назиржон, мен билан тенгдош, меҳрибон, хушхулқ йигит. Шу бозорнинг ўзида ўнтача сартарош, уч ошхоначи, бир гиламфуруш, уч новвой, бир ковушдўз, уч кулчапаз, икки қандолатчи туркистонликлар билан танишдим. Моддий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, доим бир-бировларидан бохабар. Икки юзга яқин савдогар биродарларнинг ягона мақсадлари — Ватанни кўриш. Яна дардим янгиланди.

Жамиятда воқеа-ҳодисалар ичида аллома зотлар даврасида юрганимми ёки чўнтакка бир оз пул тушиб, ўзимни ўнглай бошлаганимми, тилим чиқиб, назарга тушган эсам-да, барибир, бошим ғалвадан чиқмасди.

Усти бошим башанг. Эътиборим ҳам жойида. Бир кун оғир юк кўтариб, терлаб кетган бир ҳазора одамга дуч келиб қолдим. Чингизхон невараларидан бўлган бу бечора халқнинг иши даға афғонларга хизмат қилиб хўрланиш. Юки жуда оғир кўринади, устига-устак икки бўлак. Бирини эпласа, наригиси юмалаб қийнайди. Одамийлик қилай деб юкининг кичикроғини даст елкамга олдим, беш юз қадамча юрувдикки, икки мелиса бизни тўхтатиб, юкларни тинтий бошлашди. “Тфу-у!” деб юзимга тупук сочганича, қўлимни қайириб боғлади. “ўзбак хар, сартбачча!” – дея савалай кетди. Оғиз очирмай мелисабошига олиб борди.

— Сен ўзинг бир қочоқ, муҳожир бўлсанг-у, нимангга бино қўясан. Айт пулни кимлардан оласан?

Биттасига жавоб олмай, бошқасини айтади. Бир пайт бўйнимдаги чарм туморчани ушлаб, баттар авжга минди:

— Ҳали бу ўлкамиз конларининг харитаси бўлса керак, а?

“Хўш, қани, гапир энди” дегандек кўзларимга тикилди. Мен ҳам дангал дедим:

— Худога шукр, сиз ҳам, мен ҳам мусулмонмиз. Очиб кўрсангиз биласиз, безгак дуоси.

У ўқрайиб қўйди-а, юкни оча бошлади. Мен парво қилмай ўз-ўзимга сўзлардим:“Киши балога қолурми, ўз ихтиёри билан?” Мелиса ҳуштак чалиб юборди.

— Вой-вой, ҳали ўз ватанингни сотиб, энди биздай пок миллатга хиёнат қилмоқчимисан?

Оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Нима бало бўлди десам, ҳалиги кўтаришиб келганим ўн-ўн иккитача тўппонча экан.

— Нариги юк кимники? — сўради мелиса.

— Иккаласиям шу бадбахт ўзбакники! – деди ҳазора.

Лол бўлиб қолдим. Ҳазора тап тортмай туҳмат қиларди. Ўт балоси, туҳмат балосидан асра, деб бекор айтмас экан. Бир вақт мелиса, ҳазора, ҳаммол, мелисабоши шундоқ нариги хонага кириб, гаплашиб чиқишди. Демак, ҳаммол олдиндан кузатувда бўлган. Тасодифни қаранг-ки, қопқонга мен тушиб ўтирибман. Аммо ҳақиқат маълум бўлгач, энди бир ўқ билан икки қушни нишонга олишмоқда эди. Мелисабоши ҳовуридан тушиб:“Агар шу аҳволда қозихонага тушганингда дом-дараксиз кетардинг. Ундан кўра…” – дея бошдан оёғимни кузатиб, назаридан ўтказганича кўзларимга тикилиб, жавоб кутди.

—  Қозихонаси ҳам одил-ку! — дедим тилимга эрк бериб.

— ўзбакларда Бухоро тилласи кўп бўлади-а? Хоҳласанг, бу ишни ёпди-ёпди қилиб, сенга яхшилик қилишим мумкин.

— Раҳмат, аммо бой эмасман, — дея минғилладим.

“ўзинг биласан” деган маънода елка учирди. Қўрқувдан тиззаларим қалтираб, мажолим қолмади. Чунки бу ўлканинг қонуни мелиса эди. Бутун қарору фармонлар уларнинг олдида чикора. Мозори Шарифдаги воқеадан кейин бор топган-тукканимни белимга боғлаб юрардим. Ичкари хонага рухсат сўраб, кийимларимни ечиб, қоғоз ва танга пулларни пеш тахта устига тўкиб, мелисани чақирдим. “Бутун бойлигим шу”, дея эгилиб, таъзим қилдим. “Бу юк меники эмас, аҳмоқлик қилдим. Худо хайрингизни берсин, мусофир одам билиб туриб бундай номаъқул ишларга бош қўшармиди? Ишонинг, ҳурматли соҳиб!” –дея ялиндим.

— Ҳали ҳужжатинг ҳам йўқдир?

Бошимни қуйи солиб, сукут сақладим. Хўжайиннинг ёнида турган маҳмадона бир ўзбек мелиса унинг қулоғига бир нарсалар деб пичирлади. Кейин мени қўйиб юборишди.

Анча олдинроқ ҳамюртлар мени Исмоилжон деган бир киши билан таништиришган эди. У Туркия элчихонасида ҳайдовчи бўлиб ишларди. Мақсадимни айтганимда, у маъқуллаганди:“Офарин! Инсон каби яшамоқ учун, киши албатта, ўз қондошлари орасида бўлиши керак!” Қўйинг-чи, элчихонага олиб борди. Кобулда элчихонага кириш ўлимдан қийин. Чунки, жосусликда гумон қилиниб, зиндонларда чириётганлар қанча.

Элчихона машинасида боққа кирдик. Яҳёбек номли очиқ чеҳрали, барваста бир киши илтифот билан қаршилади. Бошимдан ўтганларни батафсил ҳикоя қилдим. “Отатуркка фарзанд бўлиб, Ватаним Туркистонни озод қилиш – ягона мақсадим”, — дедим кўзларимдан ёш қуйилиб. Исмоилжон аканинг:“Элчи яхши одам, шоир табиат”, деганича бор экан. Элчи пешонамдан ўпиб, кўнглимни кўтарди. Котибни чақириб, икки варақ қоғозга нималарнидир ёзди, қўл қўйди ва менга ҳам қўл қўйдиргач: “Туркия чегарасига борганингда, кўрсатасан”,— дея қоғозни қўлимга тутқазди. Кейинча мен учун табаррук бўлган бу қоғозни чарм ғилофчага жойлаб, тумордай бўйнимга осиб олдим. Ҳалиги мелиса хўжайини сўраганида“безгак тумори” деганим ўша ҳужжат эди.

***

 Ватандошимиз Бобурнинг меҳмондўстлиги…

Кобулда улуғ хосиятли юртдошлардан бири бу — кўп оғир кунларда синашта дўстимиз Исломжон носвой эди. “Носвой” лақабига сабаб кунига икки носқовоқни бўшатади, десам ишонаверинг. Қачон қараманг, оғзи тўла нос. Бир гап сўрасангиз аввал “туф” деб туфлайди-да, гапингизга жавоб бериб, яна чекиб олади, туфлайвериб тупроқни носвой гиламга айлантириб юборади. ўша Исломжон аввал Ҳиндистонга, ундан кейин Туркияга кетмоқчилигини айтиб, ҳамроҳ  бўлишимни сўради, бу айни муддао бўлди. Сафардан бир кун олдин ҳаммомга бориб ювиниб, яхши ниятда покланиб олдик.

Икки дўст маслаҳатлашиб, Туркияга Ҳиндистон йўли билан эмас, Эрон йўли билан боришга қарор қилдик. Юртдошлар билан рози-ризолик тилашиб, йўлга тушдик. Устига юк ортилган машинага чиқиб, бошқалар қатори юклар устига жойлашдик. Машина ҳар ўттиз-қирқ чақиримда бузилар, кўплашиб итариб, моторни зўрға ўт олдириб, яна йўлга тушардик. Хайриятки, йўлда бирор марта даға афғон текширувчи ёки ёмон ниятли кимса йўлиқмади. Эртаси бомдод бир амаллаб Ғазна шаҳарчасига етиб бордик. Бир замонлари машҳур бўлган Ғазна шаҳрининг ҳавоси мусаффо. Бинолари хом ғишт, сомон сувоқ. Лекин қадимги осори атиқалар шон-шуҳратидан нишон йўқ, қабристон мисоли ўлик бир шаҳар. Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа тарихий аждодлар руҳига дуои фотиҳа ўқиб, саройдаги мусофирхонада икки кеча-кундуз дам олдик. Учинчи куни от киралаб, Қандаҳор томон йўлга тушдик. Йўллар бир аҳвол бўлиб, халқининг ҳолига маймунлар йиғларди. Биз ҳам пиёда юрган ҳисоби, учинчи оқшом Қандаҳорга етиб келдик.

Бу шаҳар ҳам бизга яқин бир зотларга бағридан абадий жой бергани учун қадрли.

Усти-бошимиз тердан чириб, жийиб кетди. Яхшиямки, тугунчада икки-уч сидра кийим олганмиз. Сарой чойхонасига бориб тушдик. Сув йўқ экан. Чойхоначидан сўрасам: “сув йўқ, чой бор”, десами? Аччиғимни ичимга ютиб, бир афғоний бериб, илтимос қилдим. Хумчада сув олиб келди. Оз кўринди. Яна пул бердим. Яна бир кўзачада сув олиб келди. Исмоилжон иккаламиз ювиниб, кейин ётиб ухладик. Тонгда уйғонганда қарасак, хасак деган қонхўр ҳашарот аъзои баданимизни еб, гўштини чиқарибди. Бўларимиз бўлиб, шаҳар-паҳар айланмай, бир юк машинасига ўтириб, Гриш, Фарро, Кофиристон йўли билан Ҳирот сари йўл олдик. Чорсу ва Фарот деган жойларни бу дунёнинг жаҳаннами деса бўлади. Аҳолиси каллакесар, ўғри. Йилларча олдин минглаб тожик, ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман — ватандош муҳожирлар бу томонларга Амударё бўйидан пиёда ҳайдаб келтирилиб, сургун қилинган. Назоратчиларнинг гапига қараганда, юзтадан саксон муҳожир очлик, сувсизлик, қийинчиликдан ўлиб кетган экан. Афғон маъмурлари деҳқончиликдан хабардор муҳожирларни қулдай ишлатиб, бу ерларни обод қилишмоқчи бўлишган. Аммо ерли халқнинг жаҳолати ва зулмига дош беролмай қолганлари ҳам, қочиб кетганлари ҳам дунёдан ўтишган. Аммо аёллар маҳаллий эркаклар билан ватан тутиб, афғонлашиб кетишган.

Бозорга кираверишда даға сифат бир кишига дуч келдик. Башанг кийинган, покизагина бир йигит. “Номим Бобур”деганда оғзим очилиб қолди, Исломжон носвой шошиб, носини ютиб юбордиёв. Бобур дарий тилда“Ғилжай афғонлариданман, аммо асли насабим турк” деганда яна бир бор шошиб қолдим. Бирор хуфия бўлса керак, деган гумонда бироз ҳушёр тортдим.

— Бу ерда гўристонлар бор. Кўпчилиги аёлларники, сиз томондан келганлар.

Сўнг мақтангандай: “Рафиқам татар”, —  дея табассум қилди.

— Домод экансиз-ку, — дедим суюниб.

— Ҳа. Шунинг учун бизга меҳмон бўласизлар.

— Кимлигимизни сўрамайсизми? — деди Исломжон носвой.

— Кимлигингиз юзларингиздан маълум-ку.

Мезбон астойдил илтифот қиларди. Буни ҳам Худонинг бир инояти билиб, мезбон ортидан эргашдик.

Айвонли уй. Гўё Фарғона ҳовлиси дейсиз. Шинам, озода. Рўмол ўраган рафиқаси биздан қочмай, ҳол-аҳвол сўраб, кўзига ёш олди. Татарча лаҳжаси ғоят заиф. Сургун йиллари саккиз ёшларида бу ерларга келиб қолиб, ота-онасидан етим қолганда Бобурнинг отаси раҳми келиб, қаноти остига олган ва кейинчалик ўғлига никоҳлаб қўйган экан.

Бобур рафиқасига:“Нега йиғлайсан? Менинг ҳамюртларимга шикоят қилмоқчимисан?” дея ҳазиллашди. Анчадан бери соғинганим водийча оҳангдан танимга бир ҳаловат югургандай бўлди. Чунки дағаларда бунақа ҳазилнамо гаплар йўқ ҳисоби.“Ростдан ҳам томирида турк қони бор экан”, деган ўй кечди кўнглимдан.

Таомлар афғонча. Покиза. Тамаддидан кейин қўл ювмоқчи бўлиб, рухсат сўраганимда ҳовли бурчагидаги ҳаммомни кўрсатишди. Мазза қилиб ювиниб, покланиб олдик. Қазо намозларининг адосида улуғ тангримга шукр, жинсимиздан бўлган уй эгаларию ўлиб кетган мазлумлар ҳақига дуо қилиб, кўз ёши тўкдик. Кечаси айвонда, покиза кўрпалар остида ухладик. Эртаси бомдод миннатдорчилик эвазига нимадир қилмоқчи бўлиб, бир нарсанинг тайинини тополмай, охири пул чиқариб бермоқчи эдик, Бобуржон ранжиб: “Дурагаймисиз?” – дея бизни уялтирди.

— Нотўғри фаҳмладингиз, Бобуржон, — дедим ўзим ҳам хижолатда, — бу пул меҳмоннавозлигингиз эвазига эмас, балки харажат учун. Сизларга эсдалик учун бир туркистонча палов пиширишни ўргатсам, девдим, холос. Хафа бўлишингиз ўринсиз.

Бобуржоннинг юзи бирдан ёришди. Исломжон носвой ҳазиллашиб: “Илтимос, поччангизни ранжитманг”, — дея кўз пилдиратди. Шу билан беш кишилик палов учун рўйхат қилиб, пулни Бобуржоннинг қўлига мажбуран тутқаздим. Бобур ичкари хонага кириб, рафиқаси билан келишиб чиқди. Сўнг дудуқланган тарзда :“Исми шарифингиз?”— дея сўради.

— Исмим Ориф…

— Ҳа, Ориф бўлсангиз, “шап-шап” демай шафтоли” дейишингиз керак-ку, ахир,— деди илтифот билан.

— Хўш?

— Агар маъқул кўрсангиз, кечқурунга қариндошларни, туркистонлик биродарларни ҳам таклиф қилсак …

— Неча киши? – дедим у ҳали сўзини тугатмай.

— Кўпи билан ўн беш-ўн олти киши.

— Ундай бўлса, рўйхатдаги майда-чуйдаларни уч баробар оласиз.

У“бажонидил”, дея халта-хулта олиб, бозорга жўнади. Мендан ҳам оми ва содда бўлган Исломжон носвой тўнғиллагандай бир нарсалар демоқчи бўлар, аммо гапи бўғзига тиқилиб, кўзларини пирпиратишдан нарига ўтмасди.

— Дўстим,— дедим унга ва ўзимга ҳам таскин берувчи сўзларни излаб. — Аҳволингизни ҳис қилиб турибман. Парвардигор қудратига қойил бўлмай илож қанча? Денгиз остидан марварид топиш қанча қийин бўлса, бу кенг оламда бир жонкуяр дўст топиш ҳам шунақа. Бу Худойимнинг инояти эмасми, нима дейсиз?

“Носвой” ҳам бошини лиқиллатиб, кўзига ёш олди. Бобуржон қайтгач, биргалашиб ошга тайёргарликни бошладик. Бобурнинг рафиқаси Марямхон беш қадоқ катталикдаги чўян қозон олиб келди. Унинг сўзига қараганда, бу қозон Қозон шаҳридан, ота-онасидан ёдгорлик бўлиб, Қурбон ҳайитларида калла пишириш ва бошқа пайтда кирга сув иситишда ишлатилар экан. Худо ишнинг ўнгидан келтирганига суюниб,“бисмиллоҳ” деб ишни бошладим.

Бобуржоннинг сўзича, бу мавсумда сабзи анқонинг уруғига тенг. Аммо бир таниши воқеани эшитгач, ошдан татиб кўриш шарти билан тупроққа кўмиб қўйганидан уч қадоқча сабзи топиб берибди. Кулдим. Марямхонга палов дамлаш усулини қўлдан келганича ўргатиб, пешиндан кейин меҳмонларни кутдик. Меҳмонлар бирин-кетин келиб бўлишгач, айвонга дастурхон ёзиб, қўлбола ошимизни олтита сопол лаганга сузиб, дастурхонга тортдик. Айрон, қатиқ бор. “Носвой” иккаламиз чойни афзал кўрдик. Ҳаво иссиқ. Меҳмонлар паловни бизга ўхшаб ошамоқчи бўлишар, аммо удда қилолмай, бир-бировларига кўз ташлаб, кулишарди. Охири, қора ундан қилинган юпқага ўраб, ошай бошлашди. Баъзилари ҳовучлаб егани ҳолда хурсанд бўлиб, миннатдорчилик изҳор қилишарди…

Кексаларнинг сўзига қараганда, ўлтирганларнинг барчалари ҳам бир замонлари Фарғона томонлардан мажбуран ҳайдаб келтирилганларнинг болалари экан. “Уруғ”лари айниб, шу аҳволга тушиб қолишган. Лекин гоҳ-гоҳ қондаги қадимийлик хуруж қилиб, ўз ҳолларини ўзлари тушунолмай, нимадандир кўнгиллари тўлмай, ҳардамхаёл юришар экан. Ичларидан ўрта ёшлироғи: “шу кунларда бир ўзбакни ушлаб қамашганмиш, қўл-оёғи, бўйнига занжир уриб, кишанлаб, зиндон қилишганмиш”, — деб қолди. Бу сўз “Носвой” иккаламизни ҳам ташвишга солди. Чунки Кобулдаги вазият нозик, бир оз чўчидим, десам ёлғон бўлади. Бориб, йўқлаб қўйишни истаганимизда ўтирганлар бараварига: “Жинни бўлдингизми, сизларни ҳам ушлаб, қамоққа тиқишсинми?”— дея эътироз қилишди. Тўғриси, раҳмимиз келса ҳам “эркакликнинг ўндан тўққизи қочмоқ” деган номардона нақлга риоя қилишдан ўзга чорамиз қолмади. Чунки ўша киши “Ватанпарвар” ташкилоти ёки олмонлар билан иш олиб борувчилардан бўлиб чиқиши мумкин эди. Шундан кейин мезбонлар: “Хабар олганимизда сизлардан ҳам салом айтиб қўямиз”,— дея ваъда беришиб, шу билан бу мавзуга нуқта қўйишди. Начора, ҳар каллага бир тақдир битилган бўлса, кўрмай илож қанча? ўша қардошимиз ҳақига дуо қилишдан бошқа бирор чорамиз йўқ эди.

Дастурхонга фотиҳа қилдик. Ватандан чиққанимиздан бери илк бор шундай хурсандликка ноил қилган, ҳузурли дақиқалар ато этган Оллоҳга шукрлар айтдик. Бу дили пок, қадршунос инсонлар суҳбати неча замонлардан бери чўкиб ётган кўнглимизга биҳишт саболарини, бўйларини олиб кирди. Худойимнинг инсонларни миллат ва элатларга нима учун ажратганлигининг маъносига тушунгандек бўлдим. Наҳотки, инсонлар миллий қадриятни, ўзаро миллий муҳаббатни англашлари учун ҳар бири биз каби азобларни бошларидан кечиришлари кераклигини тушунолмай ўксидим. Инсон зоти асли бир отанинг боласи бўлишидан ташқари, улар орасидаги жигарчилик муносабатлари ҳам ғоят нозик ва илоҳий туйғу эканлигини Бобуржоннинг оиласи ва меҳмонлари даврасида юрак-юракдан ҳис қилдим.

Эртаси бомдод пайти мезбонлар бизни йўловчилар саройига элтиб қўядиган бўлишди. Уйдан чиқар эканмиз, Марямхон бир яқинидан айрилиб қолаётгандек дамба-дам кўз ёшларини артарди. Мен ҳам йиғлаб юбордим. Белимдаги қинли чуст пичоқчасини олиб, эсдалик учун қолдирдим. “Яна кўришгаймиз”,— деган орзу билан айрилишдик.

***

Хўрликдан юракларим пора-пора бўлди…

Йўл азоби – гўр азобини торта-торта Ҳиротга ҳам келиб тушдик. Кўпдан буён бир нарсага қизиқиб юрардим. Хиротдаги тарихий обидалар ва Каррух қишлоғидаги Худоёрхоннинг мозорини кўриб, зиёрат қилиш насиб бўлди. Афсуски, аждодларимизга қарашли тарихий обидалар атайлаб вайрон қилинган. Юракларимиз эзилди.

Табиий бўёқлар билан ранг берилган чинни кошинлар, музайян иморат ва бино деворлари йўл текислаш баҳонасида барбод қилинган. Тарихий мозор ва ёдгорликларнинг аҳволига йиғлаб, фотиҳа қилишдан бошқа чора йўқ.

Худоёрхон қабри ҳақида бир-бирига зид ривоятлар бор. Шундай бўлса-да, ким ётганлигига қарамай, исломий қоидаларга кўра, эътиқод билан дуои фотиҳа адо қилдик. Жойлари жаннатда бўлсин. Ҳиротда ўн беш кун қолиб кетдик. Ҳужжат йўқ, иш йўқ, заифлаб қолган бисотимизга эҳтиётроқ бўлиб юрибмиз. Бир амаллаб Эрон тупроқларига ўтиб олсак, у ёғига худо меҳрибон деган умид билан чегарага етиб бордик. Аммо расмий Исломқалъа дарвозасидан ўтиш қийинга ўхшади. Тўғриси, сарҳаддан чеккароқ сўқмоқ йўллар орқали, ерли йўлбошчилар ёрдамида ўтиб олдик.

Эрон заминига ўтиб, ушланиб қолганда “ҳужжатларимни йўқотдим”деган баҳоналар қилишар экан. Тасодифан, Эронда яшовчи туркман қардош дуч келиб, чойхонада бир соатча суҳбатлашдик. Отаси даға афғон, онаси эрон туркманларидан экан. Ўзбекча тандир нон ёпувчи новвой, палов пиширувчи пазанда керак, деганда суюниб кетдим.

Кўрнинг элаги бир кўз, худо берди икки кўз, деганларидай, иш ўнгидан келадиганга ўхшарди. Агар охири вой чиқиб қолмаса, ҳозирча ишнинг бориши яхши. Танишимиз: “Пулингиз бўлса, чораси бор”,— деди кўзи остидан синчков маъноли қараб.

— Модомики, сиз, пулдор экансиз тўлаб туринг, биз ишлаб сизга қайтарайлик, — дедим.

— Мен пулимга майда-чуйда харид қилиб қўйдим. Бўлганда бажонидил эди,— деди овозининг ярмини ичига ютиб.

— Хўш, қанча керак бўларкан?

— Бориб, чегара соқчиси билан келишиб келиш керак. Сизларда қанча бор?

Иккаламиз гаплашиб қўйгандай ярим пулимизни олиб, ўртага тўкдик. У эса кўзлари олайганича дарров ҳаракатга тушди.

— Пул сизда тура турсин, мен ҳозир соқчи билан гаплашиб келаман.

Беш юз-олти юз қадамча жойдаги соқчи ҳузурига ғизиллаб бориб қайтди ва “Бу пул оз, аммо яхшиликка бўлсин. Қолганини ўзим тўлаб қўярман”,— дея пулни чўнтакка уриб, йўлга бошлади. Саккиз юз қадамча афғон чегарасидан юриб, дарахтлар орасига кириб кетдик. Яна бир оз юргач, бугунда Эрон, Хуросон аталмиш заминга қадам қўйдик. Олдимизда кўриниб турган қишлоққа икки юз қадамча қолгач, йўл бошловчимиз,“Сизлар бораверинглар, мен ҳозир келаман”, дея ортига қайтди. Биз миннатдорчилик билан қишлоққа кираверишда кутиб туришимизни айтдик. Худонинг марҳаматини кўрингки, ҳар тарафи қип-қизил қумдан иборат бу ўлканинг халқи озод ва ҳур. Жаннатий ватанга эга, бизлар эса залил ва хормиз. Дилимиз маҳзун, бошимиз эгик, қишлоқ томон юрдик.

Қишлоқ бизни бегона ва ғариб билиб, акиллаган итлари ва бадбашара турқлари билан қаршилагандек туюлди. Хавотир ила харобликда биздан қолишмайдиган бир чойхонага кирдик. Салом бериб, чой сўрадик. Чойхоначи:“Чой йўқ, айрон бор”,— деди майин, аммо миннатли оҳангда. Терлаб туриб совуқ ичиш зарарлигидан айронга раҳмат айтиб,“ҳамроҳимиз келгунича дам олиб турсак бўладими?” дея илтимос қилдик, чойхоначи худди ёнимизда юргандай бошимиздан ўтган воқеаларни бир-бир ҳикоя қилиб, сўзи охирида маслаҳат берган бўлди:

— Энди уни кутиб овора бўлманглар. Чунки у бу ерларга келолмайди. У ҳам бир қочоқ афғон фуқароси. Иши алдоқчилик. Яхшиси, сизлар мелиса келмасидан олдин нариги қишлоққа етиб олинг-лар. ўша ердан йўловчи машиналарга миниб, бир амаллаб Теҳронга етиб олсангизлар, катта шаҳар, кун кўриб кетишларингиз мумкин.

ўзича яхшилик қилмоқчи бўлган чойхоначи бир зум тикилиб туриб,“Шиамисизлар?” деб сўради ачинган тарзда. Индамадик. Дилимда эса,“Шиамасман, ўзбекман”, — дердим хўрликдан юракларим пора-пора бўлиб. Лекин ким бўлсак ҳам бир ожиз муҳожир, қочоқ эдик. Бу сафар буғдой экиб, арпа ўришни қўятуринг, чўнтакдаги арпани ҳам икки қўллаб тариққа алмаштиргандик. Демак, йўлбошловчимиз биз берган пулни ўзича ҳалоллаган экан. Аммо соғу саломатлигимизга, чегарадан ўтиб олганимизга шукр қилдик. Иккинчидан, бор пулимизнинг ярмига чув тушган эсак ҳам биз ҳеч кимни алдамаганимиздан руҳимизда бир енгиллик пайдо бўлган эди. Ҳеч қачон бировни алдамай, тиланмай, ўзи муҳтож бўлгани ҳолда сўнгги чақаларини ҳам садақа қилувчи ҳақиқий туркистонлик аждодлар руҳига раҳматлар тиладик. Ўзимиз ҳам ана шундай зотлардан эканимиз дилимизни фахрга, кўзимизни ёшга тўлдирди. Йўлбошловчининг келмаслигига кўзимиз етгани ҳолда, ваъдага хилоф бўлмаслиги учун яна икки соатча кутдик. Чойхоначи кўз остидан,“Аҳмоқ экансиз-ку!” дегандек масхаромуз қарарди. Шу алпозда, агар айронидан ичмасак, қувиб юбориши аниқ. Айронидан олиб келишини сўрадик. Чойхоначи лаби синиқ икки сопол, сирли пиёла ва кўзачани олиб келиб олдимизга қўйди. Пиёла, менимча, балки тутилгандан бери ювилмаган. Кўнгил тортмаса ҳам мажбуран айрон билан чайиб ташлаб, бир пиёладан ичган бўлдик. Раҳмат айтиб, йўл-йўриқ сўраб, кейин “ё худо” деб йўлга тушдик…

***

Итни ҳам ўз Ватанидан жудо қилма, Оллоҳим!

Юриб-юриб, бироз покизароқ, Хуросон минтақасига қарашли бир қишлоққа келдик. Аҳоли орасида туркман, ўзбеклар ҳам бор. Тасодифан Мозори Шарифлик Худойберди (гиламфуруш)ни кўриб суюниб кетдим.  Аммо дилимга бир қўрқув тушди.  “Мозордаги воқеалардан хабари бўлса-чи? Бунинг сўзларидан нам олиб, ҳамроҳим “носвой” билиб қолса-чи?”

Таваккал салом бериб, қўлини ушладим. Ҳамроҳим билан мени кўриб қувониб кетди. Чунки у ҳам биз каби ёлғиз ва ғариб, олдиндаги сафар устида ўйланиб турган экан. Бир чойхонага кириб, бир бардоқдан чой ичиб ўтириб, маслаҳатлашдик. Унинг сўзига қараганда Теҳрон томонларда “ушла-ушла!!” авжига чиққан. Шунинг учун аввал Ҳиндистонга ўтиб, Бомбей ва Карочи, ундан Арабистонга, кейин Туркияга ўтиш осонроқ эмиш. Аммо йўл йироқ, пулимиз кам. Ўзи баъзи ишлари учун Кўҳта шаҳрига бормоқчи экан.

“Носвой”га вазиятни уқтирдим. Ҳиндистонда нотинчлик. Йўлни Теҳрон тарафга ўзгартирдик. Мозори шарифлик қондош билан хайрлашиб, йўлга чиқдик. Оқшом пайти эди, бир машина йўловчи қидириб биз турган жойга келиб қолди. Ҳайдовчиси озарий йигит экан, масалани кўндаланг қўйди:

 — Парво қилманглар, сизларни соғу саломат олиб бориб қўяман. Хўп десангиз, иш ҳам топиб бераман. Аммо шартим бор. Иккалангиз тўрт кишилик пул тўлайсизлар.

Ўйланиб ўтирмасданоқ таклифни қабул қилдик. Тугунчалар қўлимизда, ҳайдовчи ёнига жойлашиб олдик.

Машинамиз уч-тўрт жойда бузилиб, уч-тўрт кун йўлда қолиб кетдик. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, манзилга анча яқинлашиб қолдик.

— Туркистонликмисизлар? — қизиқди йигит лаҳжамизга эътибор бериб.

— Топдингиз, ўзбекмиз, — дедик бараварига.

Ҳайдовчи юз-кўзимиздан ўпиб, бошқатдан кўришаркан:“турк туркнинг қардоши, маниям, озарниям”, — деди озарчалаб. Ва яна ҳам яқинлик кўрсатиб, гурунглашиб кетдик. Беш кун деганда Табриз шаҳрига етиб келдик. Қардошимиз озарилар маҳалласида Мустафо деган чойхоначи билан таништириб қўйди. Раҳмат айтиб, йўл пулини бермоқчи эдик, “Худога омонат бўлинглар, ишларингиз ўнгидан келсин, жоним, қардошим!”— дея бизни ҳайрон қолдирганча, кўзига ёш олиб хайрлашди.

Бир қондошнинг лутфига лойиқлик ҳам саодат экан. Қувониб, ўзбек бўлиб яратилганимизга шукр қилдик. Бу ердаги “миш-миш”ларга қараганда подшога қарши бир ҳаракат сабабли “ушла-ушла” авжига чиққанмиш. Шубҳали, ҳужжатсиз кишиларни ушлаб, номаълум бир жойга юборишаётган эмиш. Шу сабабли, ҳатто бозор айланишга қўрқиб, биз ҳам иш жойимизда меҳнат билан оввора бўлиб қолдик. Эрондаги тарихий обида ва диний зиёратгоҳларни айланиш орзусида эдик, афсуски, муяссар бўлолмадик.

Биз тушган ошхона эгасига пазанда керак экан. Ишимиз юришиб кетди. Хўжайин ҳам хурсанд, биз ҳам. Эронча ва озарча таомларни тез ўрганиб олиб, ҳунаримизни бойитдик. Хўжайин тўғрисўз, ширинсухан, туркпараст киши экан. Шунинг тавсияси билан  иш жойимизга яқин бир ҳовлидан икки хона ижара тутиб, озода, покиза яшай бошладик. Киримизни олтмиш ёшлардаги бир кампир ювиб, хонамизни ҳам супуриб қўярди. Қаршилашиб қолганда, баъзан  беш-ўн танга бериб, хурсанд қилардик. Шу тариқа Табризда уч йилча қолиб кетдик.

Йигитлик чоғимиз, нафс деган жонивор мени безовта қилмаса ҳам  Исломжон носвой жуда қийналиб, нуқул:“Ҳаромга юришнинг гуноҳ азобидан кўра, домламнинг насиҳатларига амал қилмаслик азоби кучлироқдир”, дея бот-бот такрорларди. Бир куни онамиз ўрнидаги хизматчи аёл озари тилда насиҳат қилиб қолди:

— Агар шу ерларда қолмоқчи бўлсангиз маъқул бир қиз топиб, уйланиб, бола-чақалик бўлингиз. Акс ҳолда ёшларингиз бир жойга боргач, қийналиб қоласиз.

Мен Ватан илинжидан ноумид  эмаслигимни сўзлаб, меҳрибончилиги  учун“раҳмат” дедим.

— Ундай бўлса, — деди у. — Бу ерда, форсий халқ орасида шаръан сийға усули бор. Вақтинча никоҳлаб, ҳалол йўл билан хотин олсангиз бўлади.

Мен шартта рад жавобини бердим. Аммо Исломжон носвойга бу гап жуда маъқул тушди. Хўжайин кулиб :

— Ҳа, пул кўпайиб қолдими? — дея ҳазиллашди.

“Пули кўпайган — хотин, банги — кўкнор олади”, — деган нақл юраркан бу ерларда. Исломжон носвой бир ой ичида ўзига тенг бир бевани никоҳлаб олиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Орадан олти ойча ўтгач, Туркияга кетмоқчи эканлигимни дўстимга билдириб, жавоб кутдим. У киши ҳаётидан мамнун, рафиқаси ҳомиладор, юкли эканини айтиб, узр сўради. Хўжайинга очилдим.

— Анчагина пулинг тўпланиб қолди, — деди у астойдил, — Аммо, ҳужжат масаласи бор, чегарадан ўтишингиз хавфли. Лекин бунинг йўлини биладиганлар ҳам топилади.

Ўз фикридан ўзи хурсанд хўжайин эртасига даға губсакни чақирди, биргаликда гаплашдик. Узун бўйли, серсоқол, бадбуруш киши хўжайинга қараб деди:

— Пули борми?

Мустафо сал аччиғи келиб, бош ирғади:

— Хотиржам бўл. ўртада ман борман.

— Беш инглиз олтини берса, чегарадан ўтказиб қўяман. Аммо ўн олтин берса, Карочига олиб бориб қўяман. Шарти шуки, йўл пулини ўзи тўлайди. Иккинчи шартим, Эрон чегарасидан чиқиб олгунча рафиқамнинг эски афғонча кийимини кийиб олади. Учинчиси, мен сўрамагунимча чурқ этмайди. Тўртинчиси, ҳаққимни олдиндан тўлайди.

30 та олтин пулим бор эди.

— Майли, — дедим ўйлаб ўтирмасдан. ўша куниёқ хўжайиндан пулни олиб, 10 олтин миқдорида риёл тўлаб, дағани хурсанд қилдим. Туз-намак бўлган юртдошим Исломжон носвой билан хайрлашиб, ҳалоллик, омонлик тилаб, Гулзай билан бир саройга бордик. Хонада алвасти келбат бир хотинга Гулзай дағачалаб, бир нарсалар деганди, аёл севинганидан бир эски, қора узун кўйлак, бир кир оқ лозим, илвиллаб кетган бир дока рўмол олиб чиқди. Дағанинг ишорати билан уст-бошимни чиқариб, сассиқ даға қиёфасини кийиш билан аъзойи баданим жимирлаб, бир нарсалар чақа бошлади…“ўла, жинни”, дейдиган одам йўқ. Гоҳ кулиб, гоҳ кўз ёши қилиб, даға кийимида, майда қадам ташлаб, йўловчи кутиб турган усти очиқ машинанинг ҳайдовчиси ёнига ўтириб олдим. Йўллар деярли равон. Уч кеча йўл босиб, Зоҳидон деган чегара шаҳарчасидан Ҳиндистонга ўтиб олдим.

Хаёлим бир неча йил аввал  Туркман оға айтган сўзга кўчди. Чунки ўшанда ҳозирга ўхшаб,“даға аёл” бўлишга кўнганимда аллақачон манзилимга етиб олган бўлардим. Аҳволимга гоҳ куламан, гоҳ йиғлайман. Нима қилишимни билмайман. Чегарачиларнинг кўпчилиги даға Гулзайни таниб, баъзилари эса хотини хаёл қилиб, менга ҳам яхши сўзлар эдилар. Узунқулоқ гапларга қараганда, дағаларнинг барчаси ё қорадори сотар, ё одам олиб қочар экан. Ҳинд чегарасидаги Миржаво шаҳарчаси аҳлининг ночор ҳолини кўриб, беихтиёр обод ва озод Ватаним эсга тушиб, оғир хўрсиндим. Шунча кўрганим нохуш манзаралар ҳолва экан ҳали.

Одамларнинг қумурсқадай кўплигини кўриб, эсхонангиз чиқиб кетади. Чегарадан эсон-омон ўтиб олгач, ўзимнинг усти-бошимни кийиб олдим. Аммо, эркакнинг хотинга ўхшаб юриш азобини мендан сўранг. Бунинг устига “эрингиз” даға Гулзай бўлса! Хотинининг жийиб кетган усти бошини Гулзайга берганимда, у қора кўйлакни ҳидлаб, бағрига босди.

Кўчаларда минглаб одамларнинг узаниб ётиши одамзотнинг қанчалик қадрсизлигини атайлаб намойиш қилгандай. Катта-кичик ана шундай шаҳару шаҳарчалардан ўтиб, саккиз кун деганда Карочига етиб келдик. Гулзай хайрлашиб, изига қайтди. Йиллар Эронда бўлиб, зиёратгоҳларни кўролмаганимдан афсусда эдим. Шунинг учун бўхчамни қучоқлаб, пулни белимга тугиб, Карочи шаҳрини айланиб чиқмоқчи бўлдим. Аммо хиёл ўтмаёқ, фикримдан воз кечдим. Чунки неча миллион аҳоли яшайдиган бу шаҳри азимдаги халқнинг аҳволию муҳитнинг ифлослигини кўриб, кўнгил айниб кетаверди. Кўчанинг бу томони шундай. Нариги томонда эса қават-қават чиройли бинолар, покиза магазинлар. Яна хаёлим аждодлар хотирасига кўчди. Улар бизга мерос қилиб жаннат Ватанни ташлаб кетишди. Аммо биз уни эплолмадик. Бугун харитада толе қуши қўнган Покистон номли бир ҳур давлат кўринади. Биласизми, бу халқ кимнинг меросхўри? Бобуршоҳнинг меросхўри… Фалакнинг кажрафторлигига қаранг…  Бир соя жойда оғриган оёғимни уқалаб турганимда, узоқдан қора-қура халойиқ орасидан қотма, ўзбекбашара бир барваста кишини кўриб қолдим. ўзимдамасман.

– Амаки! – дея қичқирдим ва унга томон югурдим. У кўпни кўрган синовчан кўзлари билан бир зум боқиб турди-да,“Сиз Фарғона водийсидансиз-а. На қилиб юрибсиз?” – деди ва қучоқлашиб кўришди. Асли-насли самарқандлик экан.

Икки юртдош кўзёши тўкиб, ҳўнграб йиғлардик. Бирдан ўзимизга келиб, атрофга кўз ташласам, тўпланганлар раҳмдиллик билан дардимизни сўраб, баъзилари:“пулни киссавурга урдирибди”, айримлари“боласини йўқотибди”, яна бошқалари“нонини йўқотиб қўйибди” каби хаёлларга бориб афсусланишарди. Янги юртдошимнинг исми шарифлари Ҳожи Шамсуддин бўлиб, ўзлари Бомбейда турар, ҳожатбарорлик бир иш билан бир ҳафтага бу ерга келган экан.

Бобурни ва урду тилини жуда яхши биларкан. Оппоқ соқолли, нуроний бир чол ёрдам бермоқчи бўлиб:

– Нима йўқотдингиз, қимматбаҳо нарсами? – деб сўраб қолди. Дарвоқе, покистонликлар жуда раҳмдил, инсофли келар экан. Ҳожи Шамсуддин ака чолга жавобан:

— Ҳа, жондан азиз нарсамизни йўқотдик. — деди урдучалаб. Чол:

— Нима экан, жондан азиз нарса? — дея таажжубланди. Шунда Ҳожи ака кўзига ёш олиб туриб, дона-дона қилиб дедилар:

— Ватанимизни йўқотдик. Жондан азиз бойлигимиздан ажраб қолдик. Бухоро, Самарқанддан ажраб қолдик.

Буни эшитиб, тўпланганлардан бир талайи йиғлаб юборди. Уларга қўшилиб, биз ҳам ҳўнграб йиғладик. Салдан кейин, ҳожи акадан уларнинг йиғиси сабабини сўрадим. У киши:“Улар ҳам беватан. Чунки киндик қони  тўкилган тупроқларини мажбуран тарк қилишган. У жойлар ҳозир Ҳиндистон, ҳинду-мажусийлар қўлида. Булар эса мусулмон бўлгани учун ҳайдалганлар”, – деди. Шундай бўлсаям ишорат билан биттасидан сўрадим:

— Нима бўлди? Сиз нега йиғлайсиз?

У мени қучиб, Шамсуддин аканинг қўлини ушлаб, баттар ҳўнграб юборди. Шунда икки қўлимни очиб, Худога илтижо қилдим:

— Итни ҳам ўз Ватанидан жудо қилма, Оллоҳим!

 Ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб, йиғи-сиғи ичида, биз ҳам аста у ердан узоқлашдик. Эртаси эрталаб Ҳожи ака икки кишилик Қаройиб рикша аравасига ўтқазиб, мени соя-салқин бир жойга, уч-тўрт хоналик бинога олиб борди. Атрофи девор билан ўралган. Бир томонда тандир, ўчоқдаги чўян қозон бошида қорачадан келган, кексароқ бир киши ош сузарди.

Саломлашиб, ичкарига кириб кетдик. Кенггина хона. Тўғрида буғдойранг, ўрта бўйли бир киши бизни кўриб, ўрнидан қўзғалди.

“Хуш келдингиз” маъносида қўл қовуштириб, тўрга ўтқазди.Ҳожи ака:

— Булар Орифжон, янги келибдилар, — деди. Хонадаги киши қўл бериб сўрашиб, яқинлик кўрсатди.

— Мўминжон, — деб ўзини таништирди у. Кўзларим порлаб, гўё ярим Ватанни топиб олгандай суюниб кетдим. Фотиҳадан сўнг:

— Сиз бафуржа дам олинг. Икки соатдан кейин мажлисимиз бор. Уйғотамиз, — дея илтифот кўрсатди.

Шамоллаб келай деб турдим-да, ташқари чиқиб, ҳожатхонами, деб бир эшикни очсам, тўғрида бир ҳайкал турибди. Чўчиб тушдим. ўзимча, ўзбеклардан ҳам бутпараст чиқар экан-да, — дея таажжубландим. Кетимдан Мўминжон ака“ҳо-ҳо” лаб етиб келиб изоҳ берди:

— Ҳожатхона наригиси. Бу ҳовли ҳиндулар бутхонаси экан. Покистонликлар бу жойдаги бутни шундайлигича сақлаш шарти билан вақтинча туркистонликлар жамиятига топширган. Қулфлашнинг кераги йўқ. Чунки майда-чуйдаларимизни шу ерга қўямиз.

Қайтиб келиб, узандим-да, пинакка кетдим.

Уйғонганимда дарахт остидаги сўри устида 8-10 киши суҳбатлашиб ўтиришарди. Қўл-бетимни ювиб келиб, даврага йўналиб салом бердим. Ҳаммалари бир-бир жойларидан қўзғалишиб, қўл беришиб, кексалари эса қучоқлашиб, кўзлари аламли ёшланиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Дуои-фотиҳадан кейин Мўминжон ака мажлисни очаркан, менга қараб яна бир бор“хуш келдингиз” дея сўз бошлади.

— Азиз юрдошларим! Ҳамида опанинг қизлари Шоҳсанам жиянимизнинг хасталигидан хабардормиз. Аммо янги меҳмон билиб қўйиши учун қисқача маълумот бериб ўтишни маъқул кўрдим. Шундай дея менга қараб қўйди. – Жияним, Покистонда яшовчи биз туркистонликлар бир-биримиздан хабардор бўлиб туришга мажбурмиз. Ночорларимизга баҳоли қудрат ёрдам бериб келмоқдамиз. Уч ой бурун Ҳамида опанинг хўжайинлари қазо қилган эдилар. Марҳум сахий киши эдилар. Ҳамма маросимлари ўтди. Аммо афсуски, дўхтурлик мактабида ўқиб юрган 18 ёшдаги карималари Нодирахон тўсатдан хасталаниб ётиб қолдилар. Дўхтурларнинг сўзига қараганда, юраклари хаста экан. Бугунгача яшаб юришларининг ўзи мўъжиза экан. Аммо бундан кейин зудлик билан даволанмаса хатар бор. Энг кечи билан олти ой ичида жарроҳлик амали керак эмиш. Ҳиндистонда бунинг иложи йўқ, Ландан /Лондон/га бориш керак, дейишди. Бунинг учун жуда катта маблағ керак бўлади. Тахминан 90-100 олтин. Шошиб қолдим. Бомбейдаги юртдошларга мурожаат қилдим. Кишовудан 10, Пиндидан 25, Бомбейдан 30. Карочидан 15 — жами 80 олтинимиз бор. Яна камида ўн беш-йигирма олтин керак бўлади. Хўрсинди. Тандирда нон ёпиб турган хушрўйгина, оқ юзли йигит даврага қарата:

— Кўрдингизми?— деди қандайдир тўлқинланиб.

— Ҳа, — деди Мўминжон, — мамнуният билан.— Икки бой йўл харажатини тўлашга сўз беришди.

Ўтирганлар бошларини қуйи солиб, индамай қолишди. Мен ўзимча ҳолимни чўтга солдим. Бир нарса берай десам, сафар узун. Бермай десам, виждоним қабул қилмайди. Эрта-кеч менинг ҳам бошимга шу кулфат тушиб қолиши мумкин-ку. Шартта  ҳамёнимни қўлга олдим-да, ундан ялтираб турган ўнта олтинни олиб ўртага ташладим.

Ҳамма жойидан бир-бир туриб келиб, мени қучиб табриклашди…

 

Мавлон Шукурзода нашрга тайёрлади

Давоми бор.

 

 

SHARE