Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “Буғдой экиб, арпа ўрганлар…” I-қисм

Таҳририят хориждаги ўзбек адабиёти намояндаларидан бири, туркиялик ўзбек Собир Сайҳоннинг Ватан соғинчи, юртга муҳаббат туйғуларига йўғрилган асарларидан “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” қиссасини эътиборингизга ҳавола этар экан, бу асар ёшлар қалбида она-Ватангга садоқат туйғуларини шакллантиришда хизмат қилади, дея умид қилади.

Собир САЙҲОН

Буғдой экиб, арпа

ўрганлар

Қисса

Собир Сайҳон – золим фалакнинг гардиши билан ўзга юртларга бориб қолган ва ўша ерда палак ёзган минглаб ватандошларимиздан бири. 30-йилларнинг бошларида қишлоқ аҳли бошига тушган офат унинг оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Шўро ҳокимиятининг зулуму зўравонлигидан жони ҳалқумига келган  бошқа фарғоналиклар қатори, унинг ота-онаси ҳам 1931 йили киндик қонлари тўкилган Варзак қишлоғини бир умрга ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Шу вақтда Собиржон ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Ярим кечаси солга ўтириб Амударёни кечиб ўтишда, бир томондан, орқадаги қизил аскарлар, иккинчи томондан, олдиндаги афғон сарбозлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошлари, қўни-қўшнилари ҳалок бўлишган. Аммо ўттиз кунлик чақалоққа Оллоҳнинг раҳми келиб, у ота-онаси билан бирга шўроларнинг “қил кўприги”дан тирик ўтган. Собир афғон тупроғидаги хорлик ва зорликлар, сарсону саргардонликлардан ҳам омон чиққан. Тақдир унга Туркиянинг тоза ҳавоси билан нафас олиб яшашни раво кўрган экан, мана ҳозир у Истанбулдек дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирида истиқомат қилиб келмоқда…

I-ҚИСМ:

Мен кимман…

Камина — Орифжон Саид Маъруф ўғли Наманганнинг Найманча қишлоғиданман. Онам – Эгамберди қизи Бибирисолат. Бу эсдаликни Саройкамарда ёза бошладим. Бу ерларга ўн йил олдин кўчиб келганмиз. Ёшим 17 да. 1931 йилда туғилганман. Дарёга яқин қишлоғимни элас-элас эслайман. Муллараҳмат номи билан шуҳрат қозонган бир домладан озгина диний дарс олганман. У улуғ зот араб алифбоси,  ўзбек имлосида ёзиб-чизар, кўпроқ Навоий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Муқимий,“Туҳфатул Обидин”, “Ҳикматнома”дан дарс берардилар. Тарихдан ҳам дарс ўтардилар. Мендан бошқа саккиз ўғил, икки қиз шогирдлари бор эди. ўша зотнинг сўзларига қараганда, киндик қони тўкилган қишлоғим бамисоли жаннат экан. ўзим ҳам эслайман: уйимиздан юз қадамча нарида лим-лим тўлиб оққан сойнинг  икки томони мева дарахтлари билан тўла. Яқинимизда тепа мисоли эски қалъа бор эди. У ерда ўрик қоқиб берган онамнинг юзини кўргандай бўламан. Домламизнинг сўзлари қишлоғимни эсга солар ва дарс охирида қишлоғимга қайтгим келарди. Аммо начораки, ота-онам қулоқ бўлиб, ном-нишонсиз кетганлардан. Акам қазо қилган. Опам бўлса оқсочлардай ҳам она, ҳам опалик қилиб, мени вояга етказиш учун умри ўтиб бораяпти. Қариндошлар омонда қолиш учун қишлоқ аҳли билан биргаликда расмий идораларга тилхат беришиб, биздан тонишиб, жон сақлашар, қайтганимда ҳам  юзимга боқадиган бир меҳрибон тополмаслигим аниқ эди. Асли наслим билан фахрлансам ҳам, Ғурбатдаги айрим муҳожир юртдошлар каби аждоду бойликлардан қувониб юришга кўнглим бўлмасов, деб ўйлардим.

Домла жудаям мулойим, доно, меҳрибон, хусусан, мен учун гўё авлиё эди. У ҳайвонотдан бошлаб, ўсимлик оламию, дунё жуғрофиясигача билар эди. Зилзилани олдиндан билувчи инс-жинс ва илон балиқлар, ўн қулоч баландликда девор бино қилувчи чумолилар, қайси ўлкада қандай баланд тоғ ва узун дарё бор, қанча ёмғир ёғиб, қайси мавсумларда ҳосил яхши бўлади, илон чаққанга қайси ўсимлик даво бўлади — ҳамма-ҳаммасини биларди. Ижтимоий, маданий-маънавий соҳалардан ҳам бохабар эди. Айниқса, Туркистондаги тилларнинг ўзгариб кетгани ҳақидаги маълумотларни жон-қулоҚим билан тинглардим. Ўз Ватанимизда қўшни тожик биродарларимиз бизларни муҳожир дейишарди. Аммо домла “барчамиз бир ота-онанинг болаларимиз”, дея жон куйдирарди.

Алвидо она Ватан…

Афсуски, Ватанимдан бутунлай ажраб қолиш хавфи туғилиб, дунёмиз қоронғу зиндонга айланиб қолгандай эди. Хуфтонга яқин домла уйимизга келиб, опамга “тезда силжиб, изимизни йўқотмасак қора кунларга қолажагимизни айтиб, маъқул кўрсак, ўзи билан Афғонистонга ўтиб кетиш мумкин”лигини қайта-қайта уқтирди. Бу зотнинг сўзига қараганда, жосуслар биз қатори икки-уч хонадоннинг кимлиги ҳақида маҳаллий идораларга хабар қилишган. Пайшанбадан жумага ўтар кечаси тонг олдидан бор-йўғимизни ташлаб, икки-уч тугунчани олиб, йўлга чиқдик. Қўшнилар шубҳаланмасин, деб ўчоққа ўтин қалаб, човгум, қумғонга сув тўлатиб қўйдик.

Қамишзорлар оралаб минг машаққатлар билан Амударё бўйига келдик. У ерда сол-қайиқ тайёрлаб турган губсарчи туркманлар этагида нариги томонга ўтмоқчи бўлган бола-чақали икки оилага кўзим тушди. Қўй терисидан шишириб ясалган губсар-мешлардан ўн-ўн иккитасини бир-бирига боғлаб, унда жонивору одамларни элтишарди. Покизагина, чўққи соқол, мусулмон туркман биродарларнинг сўзларига қараганда, дарёнинг муҳим нуқталари ҳозирчалик қуршов остида бўлиб, нариги ёққа ўтиш хавфли экан. Камида икки кун кутиш кераклигини, ўт ёқмаслик, баланд овозда гапирмаслик, ёввойи ҳайвонлар кўриниб қолса, ўқ узмасликни тайинлади.

Жавзо ойи. Ҳаволар анча илиб қолган. Шундай бўлса-да, кечалари салқин. Чой ва иссиқ таом йўқлиги сабабли, талқон, қуруқ мева-чева билан тирикчилик қилардик. Домла асли наманганлик бўлса-да, бу томонларга қандай келиб қолганини билмасдик. Юзига узоқ тикилганимдан ичимдагини сездими, ўзи айтиб қолди:

— Ўғлим Орифжон, биламан, кимлигимга қизиқаяпсан. Камина Ватанимга, халқимга, хусусан, сизларга ўхшаш жабрдийдаларга хайрихоҳ бир одамман. Чунки барчамизнинг тақдиримиз ўхшаш. Қисмат экан, хом сут эмганим сабабидан ўз юртимдан айро тушдим. — Бироз сукутдан кейин: — Экканини ўради, киши, — деб қўйди.

— Амаки, — дедим журъат қилиб. — Сизга ўхшаш ёши улуғ отахонлар экибсизлар, албатта, ўрасизлар. Аммо бизга ўхшаш норасидаларнинг гуноҳимиз нима эдики, экмоққа ҳам муяссар бўлмасак? Нима учун сарсонмиз?!

Домла табассум қилиб кулди, кейин қошини чимириб деди:

— Бирники мингга, мингники туманга, — деганлар. — Сиз норасидалар бошқаларнинг касофатига учрагансизлар.

Домла терлаган пешонасини, дув-дув оққан кўз ёшини артиб, ўткир кўзларини кўзимга тикканча давом этди:

— ўтган ишга салавот. Бундан кейинги қисматимиз чин муҳожирлик. Нариги қирғоқ ҳам аслида ўз Ватанимиз. Муқаддас тупроғимизнинг давоми. Муҳожир бўлсак, пайғамбар йўли. Начора, ўз юртимиздан бегона бўлиб, хўрландик. У ерга боргач, бошимизга қандай савдолар тушади, Худо билади. Аммо, сенга насиҳатим шуки, қаерга борсанг, бошингга қандай бало ёғмасин, киндик қонинг тўкилган муқаддас юрт тупроғини асло ва асло унутма. Муҳожирлик қоидасига мос ҳаракат қилиб, аҳду вафо, Ватанга садоқат деган табаррук гапларни унутмасанг бўлгани. Хусусан, ўз юртдошларингга ёмон кўз билан қарама. Она тилингни сақла. Азиз Туркистон заминидаги тилларнинг барчаси сен учун — она тили. Ўзбекчами, тожикчами, туркманчами, қозоқчами, — барчасини дилдан авайла. Бирини-бировидан фарқлатма. Чунки, табаррук Туркистон аҳлининг барчаси — ака-ука. Бир ота-онанинг болалари. Қўл беш бармоқ билан обод. Бу дунёда бир-бирини ҳурмат қилганларгина манзили мақсудига етгай.

Бу насиҳатларнинг қанчасига риоя ва амал қила олишим бир Худога маълум. Чунки, тажрибам йўқ. Домламнинг кўзлари узоқларга тикилганча, хаёлга чўмган. Бир вақт губсарчининг овози иккимизни ҳам уйғотиб юборди. Пешин пайти йўлга тушишимизни айтишди.

Карвонимизда ёши қирқ бешларда, кўринишдан аёлмижозроқ бир киши —  Сафар ака ва унинг ёнида ўн беш-ўн олти ёшлардаги қорақош, оппоқ, бўйдоргина, аммо жудаям  сулув бир аёл бўлиб, у кишининг рафиқаси эканлигига ишониш қийин эди. Улардан ташқари икки дуогўй отахон бор. Сол-қайиқ губсарлардан бирига менинг опам, тоғам Қодиржон, Сафар ака рафиқаси билан ва икки отахон  тугунчаларимизни қучоқлаб, ўтириб олдик. Нариги солга эса саккиз кишича эркак-аёл, туркман ватандош ва домламиз чиқишди. Иккала солнинг икки бурчагида қалпоқли туркман ватандош йигитчалар белигача сув ичида турар, яна икки йигит сол устида бизлар билан эди. Қўлларида арқон чирмалган узун ясси, учи лой хода бор. Демак, тираб туриб, қайиқни ҳаракат қилдирар экан, деган фикрга бордим. Шу пайт тўсатдан узоқлардан пақ-пақ ўқ узилиб, қичқириқ овози эшитилди. Губсарчилар қўрқув ва саросима ичида узун ходаларни ишга солиб, қайиқларни ўрнидан жилдириш пайига тушишди. Энди 25 қулочча сузганда юқори томондан оқиб келаётган бошқа бир бўш губсар ҳадеганда етиб келиб, биздан тўрт-беш қулоч орқароқда сузиб келаётган ҳамроҳларимизнинг қайиғига келиб гурсиллаб урилди. У бўш эмас экан, ичида етти-саккиз ёшу-қари қизил қонига бўялиб ётарди. ўлмай қолганлари тўхтовсиз дод солар, оҳ-воҳ қиларди.

Иккала губсар устидаги ўлигу тирик аралаш-қуралаш бўлиб, сувга юмалади. Дабдаласи чиққан қайиқлар оқиб кетди. Унинг орқасидан яна икки-уч губсар қип-қизил қон ичида бизга томон оқиб келаётганини кўриб, куним битди дея, мен ҳам дод сола бошладим. Хайриятки, сузиб келаётган қайиқлар қирғоққа яқин бўлгани учун тўқнашмасдан ўтиб кетди. Маҳоратли губсарчиларнинг биттаси сузиб, бизгача етиб келди. Қолганлари эса изига қайтиб, нариги қирғоққа етиб олишга ҳаракат қила бошлашди.

Дарё қизғалдоқ даласидай қип-қизил. Келгинди, босқинчи шўро аскарлари пистирмада туриб, саноқсиз Ватан эгалари жонига зомин бўлганини губсарчилар афсус билан гапиришарди. ўлганларни Оллоҳ раҳматига олишини, қолганларга эса сабр тилаб, Худога илтижо қилдик. Тақдири азалда ёзилган экан, қутулиб қолдик. Дарё қирғоғидаги қамишлар орасида яширинганларнинг биронтаси ҳам омон қолмагани аниқ.

— Худоё, — дейман, — доимо йўлингда жонфидо, камтарин ва маъсум бир халқнинг нима гуноҳи бор? Мазлумлар “оҳ”ини эшитгувчи ўзингсан. Ватандангина эмас, ҳатто ширин жонларидан ҳам ажраб қолганларга нимага раҳм қилмадинг? Домла каби не-не пок инсонлар бекафан у дунёга рихлат қилишди.              ўлсак-да, қолсак-да, дарё Ватанимники эди. Орадан бир-икки соатча ўтгандир, нариги қирҚоққа борганда ватангадо бўлишнинг қанчалик машаққатли эканини ҳис этиб, борлиғим увишди.

Муҳожирлик муборак бўлсин. ..

Алвидо, серқуёш она-Ватан.

Алвидо, киндик қоним тўкилган муқаддас тупроқ.

Алвидо, қавму қариндошлар, дўстлар!

Алвидо, тиниқ сувларга тўла, ҳаётбахш анҳорларим!

Алвидо, ариқлар бўйидаги ёввойи жамбил, райҳон, ялпиз ва кийикўтлар!

Алвидо, осмонўпар  тоғлар!

Алвидо, Наманганжон!

 

Бу ёғи муҳожирлик. Қирғоққа оёқ босмасдан балчиққа тушиб, кечиб ўтиш керак. ўшанда, губсарчилар сўзига биноан, аёллар юз-бетларига лой суртиб, табиий чиройларини яшириб, сочларини тўзитиб, уст-бошларини бошқачароқ қилиб олишди. Афғон аскарларидан жон сақлаш учун бу муҳим экан.

Шу аснода бир нарса мени қаттиқ ўйга толдириб қўйди. Сафар аканинг рафиқаси мендан сира кўзини узмасди, дарёда қайиқ устида эса келиб ёнимга  ўтириб олганди. ўнғйсизланиб, ундан узоқроқ ўтиришга ҳаракат қилдим.

Губсарчилар бизларни қуруқликка чиқариб қўйиб, хайрлашиб қайтишди. Улар йўл пулларини олдиндан олиб, дафъатаноқ бизларни Ватандан жудо қилиб қўяқолишганди. Икки отахон раъйига қараб, жилдираб оқиб турган сувда бет-қўл ювиб, таҳорат олиб, икки ракаат шукр намози адо этдик, дуо қилдик. Дуомиз ижобат бўлиб, ишимиз ўнгидан келди, шекилли, иттифоқо икки хачир, беш-олти эшак ва бир яғир отни етаклаб бир чўпон шу ердан ўтиб қолди. Бизларни кўриб, салом берди, кўринишидан тожикка ўхшарди. Жияк-ли дўппи, олача кўйлак ва япалоқ гулли чит тўн шундан дарак бериб турарди.

Бир эшакка қумғон, тугунча ва майда-чуйда юкланган, егулик нарсалар ҳам борга ўхшарди. Севиндим. Ўавас ҳам қилдим. Майсалар устида ўтириб, атрофдан қуруқ ўтин тўплаб, чой дамлашни таклиф қилганимизда чўпон бажону дил рози бўлди.

Тугунчалар очилиб, Қурбат элда биринчи бор дастурхон ёйилиб, худо берган неъматлардан тановул қилдик. Эсон-омон ўтиб олганимиз ўзи Раббул оламиннинг чексиз марҳамати эди.

Бир чўпондан яқинроқ бир қишлоққа олиб бориб қўйишини илтимос қилдик. Чўпон: “Бугундан менинг меҳмонимсизлар. Мен ҳам уч йилча олдин сизларга ўхшаб минг хил азоб-уқубат кўриб, Ватанимдан ажрагандим… хайриятки, анавиларга йўлиқмадим, йўқса…” — деди чуқур хўрсиниб, аламли табассум билан.

Мен кўрган баъзи шахсий қийинчиликларимни батафсил ёзмадим. Чунки, мақсад ўзимнинг эмас, балки халқимиз бошига тушган мусибатлардан сизни оз-моз огоҳ этиш эди.

Йўлда, ишқилиб, дағаларга дуч келмайлик дея Худога илтижо қилардим. Чунки, жилғай ва саксовуллар орасида сочилиб ётган одам жасадларию қоқ суякларни кўрганимда юрагим бўғзимга келиб, қўлимга қалам тутолмай қолардим. Тангадай соя йўқ. Беихтиёр кўз ўнгимда Саройкамардаги биз ўзимиз бунёд этган боғларимиз пайдо бўларди.

Гоҳ эшакда, гоҳ пиёда икки кун йўл юрдик. Ниҳоят, бир қишлоққа дуч келдик. Кечаси тўс-тупроқли бир майдончада тўхтадик, чўпон зим-зиё бир уйга кириб, икки-уч эски кийим олиб чиқди, қўлидаги олтингугурт ботирилган қиёқларни ўчоқдаги  ўтдан олов олдириб, саҳнни ёритди. Чўпоннинг исми Очилбек экан. Унинг ёрдами билан палос ёйиб, тоҚам ва мендан бошқа ҳамма қўлидаги тугунчаларни ёстиқ қилиб, дарров ухлаб қолди.

Очилбекнинг сўзига қараганда, қишлоқ атиги йигирма беш хонадондан иборат экан, унда яшаётган беш-олти йиллик муҳожирлар бизга ўхшаш янгиларга хизмат қилар, шундан тирикчилик юргизишар экан. Барчалари ҳам Амударёдан ўтиб келган юртдошлар бўлгани учун аҳил эканлар. Сўнгги кунларда чегарадан ўтувчилар озайиб, бола-чақа боқиш қийинлашиб қолибди. Яқинда Ватанга қайтиш умиди билан йил бўйи иморат қилишга ботинолмай юмшоқ тепаликларнинг остини кавлаб, Қорларда хору зор яшаб, шунга ҳам шукр қилишаркан. Бу жойларнинг энг хавфли томони илон, чаён, қора қуртлар экан. Минг чақиримча нарида, қоялар орасидан чиқадиган сувдан ичишаркан.

Очилбек эшакка мешни юклаб, қўлига қумҚон олиб сувга отланди. Мен ҳам унга эргашдим. Сўзлашиб кетяпмиз-у, у эса Амударё томондан кўз узолмасди. Буни кўриб, мени ғам босади. Ҳартугул Ватандан сўз очмади. Бир соатча уннаб, меш қумҚон ва челакни сувга тўлдириб қайтдик. Қишлоқ аҳли иккимизнинг ҳимматимиздан хабардор бўлиб, ким сут, ким қаймоқ, ким қатиқ ва қора нон олиб келди. Очилбек зудлик билан  бир ўсимлик  баргидан  кўк чой дамлади. Суҳбат бошдан-оёқ Ватан ҳақида бўлди. Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги Фарғонадан бўлиб, усти-бошига қараб бўлмайди. Ҳаммасининг қовоқлари солиқ — Ватанда қолган қариндош-уруғларидан на хат, на хабар бор. Афсуски, уларнинг кўзларидаги ёшини артишга ожиз эдик. Тоғам Қодиржон Очилбекнинг одамийлигидан сўзлаганча бўхчадан бир олачопон олиб унга кийдирди. Опамлар ўзлари учун атаб тиккан атлас кўйлак, лозимни мезбоннинг рафиқасига совҚа қилдилар. Чунки, у муштипар аёлнинг усти-боши таъриф этилмас даражада илвираб кетганди.

Икки отахон ўзаро маслаҳатлашиб, биттаси белбоҚидаги халтачадан олтин танга чиқарди. Кекса, чўққисоқол бир отахон миннатдорона бош эгиб, узундан-узун дуо қилди. Опам дуогўйга бир Наманган дўппи кийдирдилар. Дастурхон йиғилгач, Очилбек тоғамга тепа остида кавланган бир ертўлани кўрсатди. Бориб кўрдик. Палос ўрнига қамиш бўйра, бурчакда иккита эски тўшак ва иккита ёстиқ турарди. Тоғам раҳмат маъносида икки қўлини кўксига қўйиб, миннатдорчилик изҳор қилдилар. Менга ишора бергач, нон ва тугунчаларни олиб келиб ўрнашдик. Шунга ўхшаш Сафар ака ва рафиқасини бир ертўлага, икки оқсоқолни бошқа бир ертўлага жойлаштириб, ўзлари ён қўшнилариникига кириб кетишди. Бизда айтарли пул йўқ эди-ю, опамнинг бир талай ранг-баранг тақинчоқлару, қимматбаҳо безаклари бор эди.  Маълум бир муддат амал-тақал яшаб туришимиз мумкин.

Мана, орадан ўн кун ўтди. Барчамиз ўртада пул тўплаб, Очилбекка егулик олдирамиз, қишлоқ аҳлига малол келмасликка тиришамиз.

Ишим ҳар куни эшакларга меш ортиб, сув олиб келиш бўлиб, ўзимни шу билан овутардим. ўн бешинчи куни эрталаб икки чол рози-ризолик тилашиб, бир қишлоқлик йигитча йўлбошчилигида қайгадир жўнаб кетишди. Адабсизлик бўлса ҳам бир воқеани ёзмай тура олмайман. Сафар ака билан танишганимдан бери рафиқасининг бежо қарашидан хижолат эдим. Ҳали ёш бўлганим учунми, бу боқишларга маъно беролмай ҳайронман. Лекин, у жудаям жонон аёл. Яна икки кун ўтиб, улар ҳам бир йўлбошчи раҳнамолигида кетмоқчи бўлиб, хайрлашгани олдимизга келишди. Хонободга биз билан бирга кетасизлар деб туриб олишди. Рафиқаси шундай деган бўлиши керак Сафар акага. Чунки, жувоннинг нигоҳи ҳамон менда эди-да. Тоғам негадир рўйхушлик бермай, яна бир муддат қолиб, ўйлаб  кўришга қарор бердилар.

Қишлоқда янги келганлардан биз қолдик, холос. Очилбек доим насиҳат бериб, дағалар сўрашса, уч йил олдин келганмиз, деб жавоб беришимизни тайинларди. Албатта, бунда бир сир бордир, аммо биз парво қилмай юрардик. Соат, кун, ҳафтанинг маъноси миямда бошқача бўлиб, гўё дақиқалар тўхтаб қолгандай. Қаердан, қачон келганимни ҳам эсимдан чиқариб, шу қисқагина муҳожирлик минг йилдай туюлиб кетмоқда эди. Бу ёғи қандоқ бўлади, деган савол олдимизда тоғдай кўндаланг турарди.

Кечаси тоғам Қодиржонни қандайдир газанда чақиб олди. Эрталаб қарасак кўзи, дудоғи кўкариб, нофармонлашиб, шишиб кетибди. Бирпасда аъзои бадани тош қотиб, нафас ололмай қолди.

Очилбек биз дўппи кийгизган чўққисоқол  дуогўй чолни етаклаб келди. Жанозаларда имомлик қилар, бир оз табиблиги ҳам бор экан. Чол Очилбекка қараб бош чайқагач, опам уввос солиб йиғлашга тушди. Тоғамни бий, яъни қорақурт чаққан экан.

Тоғам пешинга бормай жон таслим қилиб, бизларни Ватандан узоқ, ёт элда ёлғиз ташлаб кетдилар. Қишлоқликлар ёрдамида бир амаллаб кўмиб, маросим ўтказдик.

Мен ва опам нима қиларимизни билолмай, довдираб қолдик. Аммо, қишлоқ аҳли бизларга таскин-тасалли берди. Барибир, опам кундан-кунга сарҚайиб борар, чурқ этмай фақат ер чизиб ўтирадиган, кечалари ухламай, ўзича жавраб чиқадиган бўлиб қолди. Бир куни кечаси донг қотиб ухлаб қолдилар. Айниқса, мен хурсанд бўлдим. Зора шундан куч-қувватга келиб, тузалиб кетсалар, деган умидда эдим. Тонгда хабар олсам, шифтга қараб кўзлари очиқ, қотиб қолганди. Дод солиб Очилбекка югурдим. У киши яна ўша чолни чақирди. Фақат афсуски, ярим кечада жон таслим қилганини айтди. Опамни дафн этдик.

Худо бундан баттаридан сақласин, деган сўзнинг маъносини энди англадим. Йиғи-сиғи билан маросим ҳам ўтказилди. Қишлоқ аҳли гўё яқин қариндошлардай жонкуярлик кўрсатишиб, менга тасалли беришарди. Ҳатто ўзлари ҳам: “Жон аялар, опалар, акалар, оталар, тезда Ватанга қайтинг. ўликларимиз бегона тупроқда қолгандан кўра Ватан бағрида душманлар билан ёқалашиб, ўлганимиз афзал”, дея фиғон қилишарди.

Тоғам ва опамларнинг қирқини ўтказдик. Очилбек ва рафиқасининг фидокорлигига умрбод ташаккур айтиб юраман. Чунки, улар менга ибрат бўлдилар. Инсонийлик деган нарса зотан пок туркистонликлар урф-одатидан бир намуна бўлса керак. Меҳмонни азиз билиб, беминнат хизмат қилиш яна қайси миллатда бор экан? ўз Ватаним Саройкамарда шунча қадрлансам эди, ғурбатда қолармидим? Демак, ғурбат адоси кишиларни бир-бировига яқинлаштириб қўяр экан.

Опамдан қолган бору йўғимни Очилбек ва рафиқасига қолдириб, тоғамдан қолган уч олтинни олиб, бир қишлоқлик одамдай Хонобод шаҳрига жўнадим. Қишлоқ аҳли гўё ўз фарзандини кузатгандай кузатиб қўйди.

Учинчи куни аср пайти Хонобод шаҳрига борганимда, кўприкда даға афғон мелисага кўзим тушди. Унинг бор-йўҚимни шилиб олишидан чўчиб, бир панароқ жойда пойлаб турувдим, толеимга қаранг-ки, Сафар ака ўша ердан ўтиб қолсами. Кўришиб кетдик. Бошимдан ўтганларни бир-бир ҳикоя қилиб бердим. Икки кўзи афтодаҳол усти-бошимда. Хижолат бўлиб, бошимни эгдим. У раҳми келгандай, қўлимдан маҳкам ушлаб, мелисага парво қилмай олиб ўтиб кетди. Мелисанинг саломлашишига қараганда, аллақачон маҳаллийлашиб, ўз йўлини топганга ўхшайди.

Ҳовлисига борганимизда рафиқаси севинчдан питиллаб, яқин бир қариндошини топиб олгандай кўзлари порлаб кетди. Хижолат бўлдим. Аҳволимни кўриб, сув иситиб берди. Ювиниб, тараниб, Сафар ака берган кийимларни кийиб олдим. Номозшом, хуфтон аралаш тамадди қилиб, меҳмонхонага солинган ўринга кириб ётдим. Эрталаб турганимда офтоб бир-икки найза бўйи кўтарилиб қолган экан. Ҳовлига чиқсам ҳарир, мовий узун кўйлак кийган ҳалиги нозанинга кўзим тушди. Бош эгиб, эҳтиёт билан Сафар акани сўрадим. У жуда шўхчан қаҳ-қаҳ уриб: “Бир-икки соатларда келиб қоладилар”, — деб  жавоб қайтарди. Олдимга келиб: “Сафар аканинг кийимлари сизга жуда ярашибди”, — деди.

Мен ҳурмат бажо келтириб: “Яхшиликларингиз учун раҳмат. Хижолатдаман”, — дедим. У тўсатдан икки қўлини елкамга ташлаганча:

— Арзимайди. Сиз ҳар яхшиликка лойиқсиз, — деб лабини ялади. Шу пайт дарвозадан Сафар аканинг товуши келиб қолди-ю, зудлик билан ўз хонасига кириб кетди.

Орадан бир ҳафта ўтди. Сафар ака билан хайрлашгандан кейинги воқеаларни эслашдик, мусофирчиликнинг раҳмсизлиги, Ватан соғинчидан дамо-дам кўзларимиз ёшланар эди.

— Хўш, — деди меҳрибонлик билан Сафар ака гап орасида, — кўринишдан ҳали ёшсиз, бирор ҳунарингиз борми?

— Келгиндилар ҳунар ўрганиш учун бизларга фурсат бердиларми? — дея кулдим. — Аммо, опам яхши пазанда, ҳам тикувчи эди. Миллий таомлар тайёрлаш дарсини олгандай бўлганман.

— Ундай бўлса, — деди Сафар ака – бир афғон ўзбек паловига пазанда қидириб юрувди. Эртаданоқ бирга борамиз.

Эртаси саҳар ошхонага бордик.

— Уста, ошпаз олиб келдим, — деди Сафар ака. Даға афғон каминани бошдан оёқ кузатиб, менсимагандай лабини бурди:

— Кўрамиз.

Ошхонага кирарканман, камида ўн йилдан бери тозаланмаган, занг босган қозону, чўмичга, капгирга кўзим тушди. Ичкариси зиндон каби қоп-қоронғи, пашшалар вижиллаб, кишини талайди. Ирғишлаб юрган бўрдоқи каламушларни айтинг. Нариги томонда ёғ босиб, қорайиб кетган қамиш бўйралар. Сопол косачаларнинг ҳолига маймунлар йиҚлайди.

— Қани, бошла! — деди амрона ўшқириб даға. Мен бисмилло деб иш бошладим. Яхшиям сув сероб экан, вақтни ўтказмай, кўринган нарса борки, яхшилаб  ювдим, бужмайиб, сўлиб қолган сабзи-пиёзларни артиб, тўғрадим, пашша босиб ранги кўкариб қолган гўштни чайиб, тўғраб, зиғир ёғи доғладим. Гуручни тошини термоқчи бўлиб қарасам, гуруч нобоп.

— Бўлмайди, — деб имладим дағага. У ниманидир фаҳмлаб, нариги қопни кўрсатди. Сув кўтариш, кўтармаслигини сўрасам елка қисди. Ҳайрон бўлдим, ўзимча иссиқ сувда ювиб дамлаб қўя қоламан, дедим.

Беш қадоқча гуруч ажратиб, тошини териб тоғорага солдим. Даға бошимда посбонлик қилгандай кузатиб турарди. Ҳаракатларимни тергамоқчи бўларди-ю, аммо ботинолмасди.

Мен ошни пешинга яқин дамлаб қўйдим. Даға дўкон эгаси ҳам бақлажон аччиқ-чучук усулли қовурма тайёрлади. Пешиндан кейин бадбуруш, пахмоқ соқол, ифлос дағалар оч бўридай ёпирилиб кела бошлашди. Бирорта ўзимизнинг элатлардан кўринмаганидан лаган-товоқ йўқлигини пайқагандим. Чунки лаган сўраганимда, даҚа кулиб туриб, дастурхон ўрнига бўлса керак, мен тозалаб қўйган қамиш бўйраларни муштарийлар олдига ёзиб қўйган эди. Пиёла катталигида сопол косачаларга бақлажон қовурма солиб, устига яримтадан шапалоқдек юпқа нонни қўйди. Кейин дастаси қорайиб, моғори чиқиб кетган, иккала палласи ҳам тери тарози олиб келиб, бир палласига тахминан бир тош, бир палласига ош қўйиб тортди-да, ҳалиги яримта ноннинг устидан тўкди, хўрандалар олдидаги бўйра “дастурхон” устига дўқиллатиб, қўйиб чиқа бошлади. Хўрандалар паловни илк бор кўриб турганларидан ҳайрон. Қовурмага қўшиб қўл билан ҳовучлаб-ҳовучлаб олиб, бирпасда идишнинг рангини ўчиришди. Кейин қўлларини силтаб-силтаб, пулини тўлаб туриб кетишди. Оғзим очилиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Азиз халқимнинг озодалиги ва назокати эсимга тушиб, шундай ваҳшийлар орасида муҳожир бўлиб қолганимдан афсусланиб, кўзим жиққа ёшга тўлди. Аммо, ваҳший бўлишса ҳам улар ҳур. Байроқ эгаси. Биз эса Ватансиз, дарбадар бир муҳожирлармиз. Ҳаш-паш дегунча ош тугаб, хўррандалар кетди, улар ўрнини қоп-қора пашша ва арилар босди. Дўкон эгасининг ранги очилиб, “офарин”, дегандай кўз қисди. Гадога пул бергандай:

— Ол, сенга! — деб менга уч танга чақа пул отди.

Мен учун садақа эмас, балки меҳнатимга берилган ҳақни олиб, липпамга урдим. Чунки чўнтагим йўқ эди. Бу ҳол бир ойча давом этди, дўконда  ётиб турар, вақт замонларда дўкон деворларини оқ бўр билан оқлар, бўйралар ёғини тозалаб, ажабтовур қилиб қўярдим.

Савдо юришган сари хўжайиннинг чиройи очилиб, кунлик ҳақим беш олтингача чиқди. Хўрандалар хурсанд. Қўшни дўкончилар хурсанд. Мени кўрсатиб, даға тилида бир нималар дейишарди.

Бозорга бориб, бир туркман юртдошдан чўнтакли бир яктак, бир дўппи, кўйлак-иштон ва ковуш сотиб олдим. Сафар ака берган кийимларни ювиб, уч кунда бир уст кийим алмаштирадиган, улфат одамларга яраша олифта юрадиган бўлиб қолгандим.

Бугун жума. Эрталаб дўкон яқинида одамлар орасида 40 ёшлардаги бир дўппили кишига кўзим тушдию, юрагим ҳапқириб кетди. Чунки унинг бу ерлик эмаслиги яққол кўриниб турарди. Югуриб бориб, салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашдим. У алик ўрнига йиғлагудек ҳолга тушди. Кейин ўшлик қирғиз эканини, уч бола ва хотини билан яқинда дарёдан ўтиб, иш қидириб юрганини сўзлаб берди ва йиғлаб мени қучди. Раҳмим келиб, дўконга олиб бориб, бир пиёла чой қуйиб турувдимки, хўжайин келиб қолди. Янги меҳмон ёқинқирамай, хиёл хўмрайиб қўйди.

— Бегонамас, хотиржам бўлинг, — дедим мен уни тинчлантириш мақсадида.

Жумадан сўнг таомларимиз тезда тугади. Хўжайин кундалик беш афғонни бера туриб:  “Дўкон санга омонат”, — дея хайрлашиб кетди. Меҳмон қўлимдаги пулга қараб, алланечук бўлиб кетди. Чунки беш афғонийга камида 25 та нон ёки икки қадоқ гўшт олиш мумкин эди. Ҳиммат юзасидан унга бир афғонийни бердим.

— Отим Ўроқбой, болаларга нон олиб борай, — дея хурсандлигидан сабри чидамай учиб кетди. У кетгач, яна бир ҳамшаҳар келиб, салом берди. Алик олдим. У  мени таниб, ҳол-аҳвол сўради. Сўзига қараганда, сартарошхонаси бор экан. Келаси жума куни гаштаги борлигини, агар мумкин бўлса, ўттиз кишилик ош дамлаб беришимни илтимос қилди, турар жойи, номини қоғозга ёзиб, менга узатди. Розилигимни олгач: “Хурсанд бўласиз”, — дея ўзи ҳам хурсанд жилмайди. Мен  пулдан кўра кўпроқ юртдошларни кўриш орзусида Абдуманнон аканинг таклифини бажону дил қабул қилдим.

Ўшлик ўроқбой ҳар куни келиб, суҳбатлашиб, сабзи-пиёз тўғрашиб, ёрдам берадиган бўлиб қолди. Мен, майли ўргансин, кези билан бирор жойдан иш топиб берарман, — дея  ҳар куни бир афғоний пул берсам, гоҳо озиқ-овқат улушимнинг ярмини ёки қолган-қутган нону овқатни тугиб бериб юборардим. Пайшанба куни ҳамма ишни саранжомладим-да, жума куни ишим борлигини, ўрнимга Ўроқбой бўлиб туришини, пулини ўзим беришимни хўжайинга айтиб қўйдим. У ёқтирмайгина “хўп” маъносида бош силкиб қўйди.

Ватандошлар даврасида

Хонобод шаҳрининг ўртасида “Бандар Бухорий” деган муҳожир юртдошлар маҳалласи бор экан. Бир томони ариқ, дов-дарахт, тоза ҳавосидан Наманган Найманчасида юргандай ҳис етдим ўзимни. Уй эгаси мулойимлик билан қаршилаб, меҳмонхонага олиб кирди. Кечаси тинч дам олиб, оғир ухлаб қолибман. Ғурбатга чиққанимдан бери бу биринчи марта одамга ўхшаб дам олишим бўлса керак. Тушимга бир нуроний одам кирибди, у ёнимга келиб ўтирди-да,  “Безовта бўлманг, жияним, фақат эътиқодингизга содиқ бўлинг, ғафлатда қолманг, — дедию, кўздан ғойиб бўлди. Чиройли она тилимда қилинган бу насиҳатдан таъсирланиб, дилим ҳаприқиб уйғониб кетдим. Қарасам, ҳали тонг отгани йўқ. Яна ухлаб қолибман. Яна туш кўрибман. Бошига чуст дўппи кийган бир киши қўлидаги китобни менга бера туриб: “Жияним, унда-мунда шу китобга ўхшаш китобларни ҳам ўқиб туринг”, — дедию, рўпарадаги  бир боққа кириб кетди. Китобнинг муқовасига кўз ташладим: “Ўткан кунлар”…  Орқасидан югуриб, тиниқ сув оқиб турган ариқдан ҳатлаб, боққа кирсам, одамлар намоз ўқияпти. Уйғониб кетдим. Шу пайт азон овози ҳам келди.  Тезда таҳорат олиб, бомдодга чопдим. Кун бўйи шу туш хаёлимдан кетмади. Харажат тайёр экан. Катта қозонда ош дамлаб, яна қовурма пишириб, аччиқ-чучук, шакароб —ҳаммасини бажо қилиб қўйдим.

Жумадан чиқиб, меҳмонлар битта-битта кела бошлашди. Барчалари савлатдор одамлар. Юриш-туришу гап сўзларидан одоб ёғилади. Тамадди қилинди, чой ва мевадан сўнг суҳбат бошланди. Мени ҳам давраларига чақириб олишди. Пазандалигимни мақташди. Азбаройи хурсандлигимдан кўзларим ёшланди. Кўпдан бери илк бор мени ҳам инсон ўрнида кўриб ардоқлашлари вужудимни  титратиб юборди, ўз қишлоҚимда тургандай дилим равшан тортди. Чўққисоқол бир отахон сўзни Ватан ва истиқлолга қараб бурди: “Ҳаммамиз 1502 йилдан, яъни, Қозон хонлиги ва бошқа босқинчилар томонидан истило қилингандан бери қулликда яшаб келмоқдамиз. Бу сўзлар менга янгиликдай эди, ҳушёр тортдим. Чунки мен Туркистон 1881 йилдаги Туркман муҳорабасидан сўнг енгилган деб юрарканман. Ким билсин. Нима бўлганда ҳам шу давр ичида ватандошларимиз жувонмарг бўлиб кетишди. Чойдан сўнг навбат  қовунга келди, хил-хил қовунлар дастурхонга ўзгача файз киритиб юборди.

Меҳмонлардан бири юзимга тикилиб:

— Офарин, ўғлим, қовун сўйишга уста экансиз, — деди, сўнг: Афсуски, бу қовунлар водий ва Бухоро қовунларига ўхшамас, — дея қўшиб қўйди. Хонобод пашшанинг кони эди. Иситма ва безгак касали хавфи катта. Хозир қовун еб турган одам, бирдан иситмалай бошлайди. Зах таъсиридан бўлса керак. Бозор нони мағзидан чумоли, пашша чиқмаса, Хонобод шаҳрида яшаганингизга ишонмайсиз. Дағалар қатори ерлик халқнинг кўпчилиги ҳам покизаликка унча эътибор бермай, микроблар билан қариндош бўлиб кетишган.

Меҳмонларнинг сўзларига қараганда яқин кунларда Ватаннинг ширин қовунлари ҳам кўпайиб қолармиш. Сабаби, кўчманчи муҳожир юртдошлар ўша сизу биз таниган қовун уруғлардан олиб келишиб, синаш учун экишга бошлашганмиш. Хусусан, бу мавзуга шаҳар ҳокими Шерхон жуда катта аҳамият бераётган эмиш. Чунки, у водий ва Тошкентда ўн йилча яшаб келган одам экан.

Гурунгда Ватан қайта-қайта эсга олинди, моддий жиҳатдан ночорлашиб қолган миллий курашчиларга қай йўсинда кўмак бериш, янги кўчиб келганларга иш топиш, мелисахоналарга тушиб қолганларни қутқазиш, болаларига она тилини ўргатиш борасида узоқ фикр олишувлар бўлди.

Бу суҳбатдаги гаплардан англадимки, ҳар қандай ҳолда ҳам Ватанни унутиб бўлмайди. Худо хоҳласа, қучоғингга қайтаман, она-Ватан! Тасодифни қарангки, бир иш билан бу ерга Сафар ака келиб қолди. Мажбуран даврага кириб ўтирди. Кечки пайт: “Уйга юринг” — деб туриб олди. Аввалига унамадим. Ҳа, эшагингиз лойдан ўтибди-да”, — деб киноя қилгандан кейин хотиннинг ҳаракатларидан андишамни ичимга ютиб, таклифини қабул қилдим. Кетар пайти уй эгаси:

— Меҳмонхона бўш. Қолаверинг, — дея яқинлик кўрсатди. Қололмаслигимни билгач, пул бермоқчи бўлди. Олмадим. Чунки  ҳамюртларимни кўрганим мен учун пулдан қадрлироқ эди. Ҳар қанча рад этмай, чўнтагимга солиб қўйди.

Йўлда кетар экан, Сафар ака ўзи билан ўзи гаплашгандай, “тавба” дер ва ёқасини ушларди. Қизиқсиниб нима гаплигини сўрадим.

— Ҳе, жияним, — деди. — Икки юртдош пул орқасидан келишолмай қолибди. Пул берган кишининг сўзига қараганда, бошида  шерикликка шартлашишган, аммо қарз олган киши уч йилдан бери  пайсалга солиб келаркан, фойдасидан кечдим деса ҳам “пулим йўқ” деб қасам ичармиш. Аммо, ўзи мол-мулки кўплиги билан гердайиб юрармиш. Қизиғи шундаки, қарздор ўзи, давраларнинг тўрида ўтирса ҳам, иши пок кишиларга лой отиш экан. Орадан бир йил ўтибдики, ҳанузгача уч юз тилладан бир тилла ҳам қайтармаганмиш. Мен ҳам ўша одам билан гаплашиб кўргандим. ўшанда: “Модомики, сизлар ўртага тушибсизлар, ҳурматингиз учун бир йил ичида тўлаш шарти билан 100 олтинга рози бўлсин. Сизлар гувоҳлигингизда ҳужжат ёзиб бераман”, — деган эди. Пул эгаси: “Мен ҳажга кетаман. Майли уч юз олтин ўрнига юз олтин қайтарсин. Аммо, нақд тўласин”, — деб ялиниб юрибди ҳалигача.

Во ажабо! Ватандан жудоликда пешона тери билан топган бечора бир кишининг пулини ҳийла билан олиб, қайтармаслик гуноҳи азим эмасми? Худодан қўрқмайдими? Сафар ака хўрсиниб қўйди.

— Худовандо, барчамизга инсоф берсин. Бу ҳам ҳал бўлиб қолар, — дедим Сафар акага.

 

Мен буғдой экувдим, арпа униб чиқди

Қовунхўрлик менга жуда катта зиён бериб, тўрт кун деганда Сафар аканинг хотини пиширган қуюқ-суюқ ошни ичиб, ўзимга келгач, иш жойимга бордим. Хўжайин йўқ. Ўроқбой ўз иши билан ўзи овора. Салом берсам, алик олмади. Кўрмагандир, дея яқинлашдим. Ҳазар қилгандай юз ўгирди. Шу пайт аллақаёқдан хўжайин пайдо бўлдию менга қарата ўшқира кетди:

— Қай гўрда юрибсан, ҳой ўриснинг жосуси, қочқинчи.

Ҳайрон бўлдим. “Сафар ака хабар берган эдилар-ку” — дея тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо у: “Бировларнинг ювундихўри, йўқол!”, — деб ҳайқиргач, нафасим ичимга тушиб кетди. Чунки:“Ғиринг” десам милицияга ушлаб бериши аниқ. Ўроқбойдан овоз чиқмайди. Хўжайин: “Мана, сан беш афғонийга қилган ишни манави икки рупияга жон-жон деб қойил қилаяпти дегандан кейингина гап нимадалигини англаб, миям зирқираб кетди. Чунки, яхшилик қилиб ёмонлик сотиб олгандим. Икки рупия бир ярим афғонийга тенг. Ваҳоланки, қарашгани учун Ўроқбойга кунда ҳалолидан бир, баъзан бир ярим афғоний бериб, ҳатто уч кун учун беш афғонийга келишиб олган эдик.“Гадонинг душмани – гадо” деганлари рост экан.

Мен буғдой экувдим, арпа униб чиқди… Яхшилик қилиб, ёмонлик олдим. Шунда ҳам тақдирдан кўриб, нарсаларимни йиғиштирдим. Кетаётиб, иккаласидан ҳам розилик тилаб, яхшиликча хайрлашмоқчи бўлдим. Аммо, улар жавоб ўрнига ит қувгандай орқамдан мағзава ағдариб қолишди…

 

Мавлон Шукурзода нашрга тайёрлади

Давоми бор.

SHARE