Япониянинг давлат қарзи 12 триллион доллардан ошиб кетди

Япониянинг давлат қарзи шу йилнинг март ойи охирига 959,95 триллион иена – қарийб 12,05 триллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг молия вазирлиги хабар қилган.

Япониянинг давлат қарзи унинг ялпи ички маҳсулотидан икки баробарга ортиқдир. Бу дунёдаги энг ривожланган еттита давлат (G7) ичидаги энг ёмон кўрсаткичдир.

Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат Японияга ҳали-бери дефолть, яъни қарзни тўлай олмаслик хавфини туғдирмайди, чунки давлат қарзининг катта қисми мамлакат ичкарисида жойлашган, спекулятив таъсирлардан ҳоли. Бундан ташқари, мамлакатдаги жисмоний шахсларнинг банкларда сақлаётган жамғармалари давлат қарзидан ошиб кетади. Бу эса, ўз навбатида, молиявий ҳимоя ёстиғи вазифасини бажаради.

Шундай бўлса-да, Токио вазиятнинг қалтис эканлигини тушуниб, давлат қарзи миқдорини камайтириш учун олдиндан чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. Хусусан, ҳозирда парламентда олди-сотди операцияларидан олинадиган солиқ ставкасини ошириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинмоқда.

SHARE