“JPMorgan”нинг муваффақиятсизлиги – деривативлар бозорида ҳалокатнинг бошланиши

Дунёнинг банк соҳасидаги энг йирик корпоратсиялардан бири – “JPMorgan Chase” банки ўтган ҳафтада биргина брокернинг хатоси туфайли деривативлар бозорида 2 миллиард доллар йўқотганини маълум қилган эди. Шу билан тизимдаги муаммо ҳал бўлган деб ўйласангиз, адашасиз.

Тўғри, айбдор топилди, зарар ҳисоблаб чиқилди. Аммо, бу ҳали тўлиқ ҳақиқат эмас: дам олиш кунлари мобайнида “JPMorgan” активлари портфели яна 150 миллион долларга камайиб кетди, чунки банк ҳалиям “Лондон кити” номи остида деривативлар билан олди-сотди қилувчи Бруно Иксил очган позицияни ёпа олгани йўқ эди. Айнан, шу шахс деривативлар бозоридаги стратегияни нотўғри танлагани учун, “JPMorgan” катта йўқотишга учраган.

Фонд бозорларини ларзага келтирган ҳамда асосий биржа индексларининг тушиб кетишига олиб келган 2 миллиард долларлик йўқотиш – бу, жаҳон молия тизимини қоплашга тайёр турган йирик цунамининг яқинлашиб келаётганлигини билдиради.

Бугунги кунда Уол-Стрит акциялар, облигациялар ва яна қанақадир қимматли қоғозлар ва инструментлар билан олди-сотди қилинадиган майдончадан кўра йирик қиморхонага айланиб кетган. Биргина деривативлар бозорини оладиган бўлсак, унинг ҳажмини аниқ айтиш қийин масала. Турли баҳолашларга кўра, деривативлар бозорининг йиллик ҳажми 600 триллиондан 1,5 квадриллион долларгача етиши мумкин.

Деривативлар бозори – бу, йирик “кўпикдир”. У исталган вақт ёрилиб кетиши мумкин.

Бутун дунёнинг диққат марказида турган “JPMorgan” банки ўзининг инвестицион савдо стратегиясини тубдан ўзгартиришга ҳамда трейдерларининг операцияларини эътибор билан кузатишга ваъда берган. Аммо, муаммо шундаки, “Лондон кити” танлаган тактика анчадан бери хеж-фондлар томонидан фаол қўлланилиб келинаётган эди: янгидан-янги позицсияларни очиб, бозордаги ликвидликни “дамлаш”.

“Zero Hedge” интернет ресурсидаги блоггерлар воқеага қуйидагича изоҳ беришган: “Тўғри, АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) “JPMorgan”нинг 2 миллиард долларлик йўқотиши устидан текширувларни бошлади, аммо унинг ҳаракатлари барибир бефойда. Сўнгги йилларда комиссия ходимлари ўзларининг Вашингтондаги офисларида таъқиқланган видео-роликларни томоша қилиш билан машғул бўлиб турган бир пайтда, қандай қилиб Уол-Стритни тартибга солсин”.

АҚШ ҳукуматининг расмий статистикасига қарайдиган бўлсак, жаҳон молия тизими учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик молиявий корпорациялар ҳозирда тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада катта ҳажмдаги деривативларга эга. Хусусан, “JPMorgan Chase” банкининг деривативлардаги жами рискли активлари 70,1 триллион долларни ташкил қилади. Бу кўрсаткич “Citibank”да – 52,1 триллион доллар; “Bank of America”да – 50,1 триллион доллар; “Goldman Sachs”да эса – 44,2 триллион доллар.

Таққослайдиган бўлсаж, дунёдаги барча давлатларнинг бир йиллик ялпи ички маҳсулотларини қўшиб чиқадиган бўлсак атиги 65 триллион доллар атрофида чиқади. “JPMorgan”нинг ўтган ҳафтада кўрган зарари денгиздан бир томчи саналади. Шундай бўлса-да, нотўғри қарор натижасида ўша томчининг йириклашиб кетиш эҳтимоли жуда катта.

SHARE