“Pinterest” АҚШдан ташқарига ҳам чиқмоқда

“Pinterest” ижтимоий фотосервиси эндиликда ўз фаолиятини АҚШдан ташқарига ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда. Аввалроқ, у “Facebook” ва “Twitter”дан кейинги Америкадаги энг кўп ташриф буюриладиган ижтимоий тармоққа айланган эди.

Компаниянинг корпоратив блогида айтилишича, тез кунларда сайтнинг француз, немис, япон, португал ва испан тилларидаги версиялари ишга тушади.

“Pinterest” асосчилари кейинчалик уни рус, голланд, грек, италян, корейс, малай, поляк, хитой, швед ва турк тилларига ҳам таржима қилишини та’кидлашган. Ҳозирча сайт фақатгина инглиз тилида бўлиб, уни бошқа тилларга таржима қилишда иштирок этишни хоҳлаган махус формани тўлдириб, ариза беришлари мумкин.

Бен Зилберьман томонидан яратилган “Pinterest” ижтимоий тармоғи бугунги кундаги энг тез ўсаётган ижтимоий тармоқ саналади. Уни ишлаб чиқиш ишлари 2009 йилнинг декабрида бошланган бўлса, сервис 2010 йилнинг мартидан бошлаб ёпиқ бета-версия шаклида ўз фаолиятини бошлаган. Қизиқ томони шундаки, сайтда рўйхатдан ўтиш ҳалиям “инвайт” орқали амалга оширилади.

“Pinterest” сервисида фойдаланувчилар ўзларининг виртуал доскаларини яратиб, унга турли расмларни (“пинлар”) ёпиштириб қўйиши мумкин. Қўйилган расмларга изоҳ билдириш, “лайк” қолдириш ёки “қайта пин қилиш” ҳамда “Facebook” ва “Twitter”га улашиш мумкин.

2011 йилнинг декабр ойида “Pinterest” АҚШдаги энг йирик ўнта ижтимоий тармоқ ичига кирган эди. Бугунги кунга келиб у фақатгина “Facebook” ва “Twitter”дан ортда қолмоқда холос.

“TechCrunch” техноблоги уни 2011 йилнинг энг яхши стартап компанияси деб топган.

SHARE