Путин Россиянинг олдига бизнес юритиш рейтингида 100 ўринга кўтарилиш режасини қўйди

Владимир Путин бугун Россия президенти сифатида ўз лавозимига киришиши биланоқ, илк қарорларидан бирида мамлакатнинг бизнес юритиш бўйича Жаҳон банкидаги рейтингини 2011 йилги 120-ўриндан 2015 йилда 50-ўрингача, 2018 йилгача эса 20-ўрингача кўтариш вазифасини қўйди. Бу ҳақда янги президент ўзининг “Давлатнинг узоқ муддатли иқтисодий сиёсати тўғрисида”ги қарорида маълум қилган.

Президент бунинг учун бир қатор миқдорий кўрсаткичларга эришиш учун ҳукуматдан керакли чора-тадбирларни ишлаб чиқишни талаб қилмоқда. Янги ҳукумат ташкил қилинганидан сўнг, 2012 йил 1 декабргача мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича стратегик дастурни ишлаб чиқишга киришади.

Қарорда айтилишича, Россияда 2020 йилгача юқори унумдорликка эга 25 миллионта янги ишчи ўрни яратиши лозим. Бунда мамлакатдаги меҳнат унумдорлиги 2018 йилгача 1,5 баробарга, юқори технологияли ва илмталаб соҳа маҳсулотлари эса 30 фоизга оширилиши лозим.

Бундан ташқари, мамлакатга киритилаётган инвестициялар ҳажми 2015 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 25 фоизига, 2018 йилга келиб эса 27 фоизигача етиши лозим.

Путин шу йилнинг 1 декабригача тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли институт ташкил қилишга ҳам буйруқ берди.

SHARE