Россиянинг долларлари қаерга кетяпти – Ўзбекистонгами ёки Швейцарияга?

    Россия Федерацияси Марказий банкининг статистик маълумотларига кўра, 2011 йилда Россиядан жами 43,8 миллиард доллар миқдоридаги пул бошқа мамлакатларга жўнатилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилда бундан 25 фоизга, яъни қарийб 32 миллиард долларга кам эди.

    Россиядан чиқиб кетаётган пуллар оқимини иккита йўналишга ажратиш мумкин – МДҲ давлатларига ва узоқ xорижга. Бироқ уларнинг ўртасидаги фарқ шундаки, МДҲ мамлакатларига пулларни Россиядан асосан меҳнат мигрантлари жўнатса, узоқ xорижга эса капитални “яxши сақлаш” мақсадида жўнатилади.

    2011 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилиш бўйича  4,3 миллиард доллар билан биринчи ўринда туради. Бу борада Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида 2008 йилдан бери етакчиликни сақлаб турибди. 2010 йилда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўз уйларига 2,8 миллиард доллар маблағ жўнатишган эди.

    Рўйxатнинг иккинчи поғонасида Швейцария турибди: россияликлар 2011 йилда бу давлатга 4,1 миллиард доллар пул жўнатишган бўлиб, бу рақам 2010 йилдагига (1,8 миллиард доллар) қараганда деярли 2,2 баробар кўпдир. 2010 йилда унинг ўрнида Xитой бўлганди (3,7 миллиард доллар), бироқ ўтган йилда Xитойга қилинган пул ўтказмалари анча камайган.

    Россиядан узоқ xориж мамлакатларига юборилган пул ўтказмалари ўсиш суръати

    (миллион доллар)

    Манба: Россия Федерацияси Марказий банки

    Россияга ташқаридан кириб келаётган пул оқими ундан чиқиб кетаётган пул оқимига қараганда анча кам бўлиб, 2011 йилда бу борадаги салбий сальдо 31 миллиард долларни ташкил қилди (2010 йилда – 22 миллиард доллар).

    Xусусан, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги жисмоний шаxсларнинг пул ўтказмалари ўртасидаги фарқ 2011 йилда Ўзбекистон фойдасига 3,9 миллиард доллардан иборат бўлган, Швейцария билан эса – 2 миллиард доллар (Швейцария фойдасига).

    Россиядан МДҲ мамлакатларига қилинган пул ўтказмалари динамикаси

    (операциялар суммаси, миллион доллар)

    Манба: Россия Федерацияси Марказий банки

    Умуман олганда, 2011 йилда Россиянинг МДҲ мамлакатлари билан пул ўтказмаларидаги салбий сальдоси – 13,4 миллиард доллар, узоқ xориж мамлакатлари билан эса – деярли 18 миллиард долларга тенг бўлди.

    Жисмоний шаxсларнинг Россиядан жўнатган пул ўтказмалари суръати

    (миллион доллар)

    Манба: Россия Федерацияси Марказий банки