“Facebook” асосчиларидан бири АҚШ фуқаролигидан чиқди

“Facebook” ижтимоий тармоғининг асосчиларидан бири – Эдуардо Саверин АҚШ фуқаролигидан чиқди ҳамда расмий равишда Сингапур фуқаросига айланди. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар қилган.

“ABC News”нинг ёзишича, у АҚШ фуқаролигидан 2011 йилнинг сентабрь ойидаёқ чиққан, аммо бу ҳақда ҳеч кимга маълум қилмаган эди.

Савериннинг матбуот котиби Том Гудманнинг таъкидлашича, унинг бундай қарорга келишига бизнес бўйича баъзи масалалар сабаб бўлган. Хусусан, Саверин ҳам бошқалар каби бир қатор Осиё компанияларига инвестиция киритган. Ҳозирги вақтда у Сингапурда истиқомат қилмоқда.

Бошқа хулосаларга кўра, Савериннинг АҚШ фуқаролигидан чиқишига у тўлаши лозим бўлган солиқлар ҳам сабаб бўлган. Хусусан, “Facebook” шу май ойида ўтказадиган IPO жараёнида Эдуардо Саверин ҳам ўзининг бир қисм акцияларини савдога қўяди. Ундан келадиган даромаддан камроқ солиқ тўлаш мақсадида Саверин Америка фуқаролигидан чиққан.

ОАВ маълумотларига кўра, 30 ёшли Эдуардо Саверин “Facebook”нинг 4-5 фоиз акциясига эгалик қилади.

Саверин аслида Бразилияда туғилиб, 1992 йилда АҚШга кўчиб келган. У 1998 йилдан бери АҚШ фуқароси саналар эди.

Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2011 йилда 1 800 киши АҚШ фуқаролигидан чиққан. 2008 йилда бу кўрсаткич атиги 235 тани ташкил қилган эди. Кўпчиликнинг Америка фуқаролигидан чиқишига сабаб сифатида АҚШдаги солиқларнинг кўплигини кўрсатиш мумкин.