Тошкентнинг синглиси танлов эълон қилди

“MIR” корпорацияси Сиэтл Осиё санъат музейига ташриф буюрувчилар учун янги Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиш имконини берувчи танлов эълон қилди.

Туристик компания музейга ташриф буюрган омадли ташриф буюрувчига “Ипак йўли Одиссейи: Ўзбекистон бўйлаб карвонда” гуруҳида икки кишилик саёҳатни амалга ошириш учун имкониятини яратиб беради. Ушбу танловда ғолиб бўлганлар шу йилнинг 14-28 сентябрь кунлари Ўзбекистонда кўҳна Ипак йўли бўйлаб сафар қилиши мумкин. Ёки бу сафарни ўз хоҳишига кўра 2013 йилга ҳам қолдириши мумкин!

Бунинг учун шу йилнинг 31 июлига қадар Сиэтл Осиё санъат музейига ташриф буюришингиз лозим бўлади. Унда қатнашиш учун тўлов йўқ. Танлов шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

— Сиэтл Осиё санъат музейига ҳомийлик қилиш биз учун шараф, — “MIR” корпорацияси асосчиси ва президенти Дуглас Граймс. — Ушбу танлов ғолиби Ўзбекистонни том маънода кашф қилиш имконига эга бўлади: Водий жилолари кўргазмасини илҳомлантирган бепоён кенгликлари, шаҳарлари ва маданиятини чуқур англаб етади.

Танлов ғолиблари қуш учса қаноти, одам юрса оёғини куйдирадиган Қизилқум чўлида туяларда сайр қилиш, тунни ўтовларда ўтказиш, ҳунармандчилик ва кулол буюмлари ясаш жараёнларидан қатнашиш, миллий таомлар тайёрланиши ва уларни тановул қилиш, Нукусдаги Савицкий музейида авангардларнинг ижоди билан танишиш имконига эга бўлади.

— Ўзбекистон ЮНЕСКО шаҳарлари учун ватандир, — дейди Граймс. — Самарқанд, Бухоро ва Хива дунё тамаддуни марказларидан ҳисобланади. Биз танлов ғолибларини ушбу шаҳарлар бўйлаб айлантирамиз, шунингдек, бутун дунёга машҳур Савицкий музейига таклиф қиламиз, Фарғона водийси халқи, маданияти ва ҳаёти билан яқиндан таништирамиз.

SHARE