Европанинг “бош оғриғи” ёки Франция Социалистик Республикаси

Якшанба куни Европа тарихида янги саҳифа очилди. Буни Европанинг “бош оғриғи” саҳифаси ҳам дейиш мумкин. Албатта, Европа эртами-кечми шу оғриқ бўлишини биларди, балки шу оғриқ айланиб, ўтиб кетар, деган умид бор эди уларда.

Гап шундаки, якшанба куни Францияда президент сайловлари, Грецияда муддатидан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди. Францияда Бешинчи республикаси тарихида энг кам муддат давомида президентлик қилган Николя Саркози мағлубиятга учради. Албатта, ундан ҳам президентлик курсисида ўтирган Жорж Помпиду бўлган. Фақат у президентлик муддати тугамасдан саратон касаллигидан вафот этади. У халқ орасида машҳур эди, вафотидан сўнг миллионлаб французлар мотам тутишди. Бироқ, Саркози ҳақида бундай фикрни айтиб бўлмайди, албатта. Ҳокимият тепасига эса чорак аср ўтиб, социалистлар келишди, келганда ҳам Европа ва Франция учун мислсиз ваъдаларни айтиб келишди.

Грецияда эса евроҳудудда қолишни истаган, қаттиқ иқтисодий тежамкорликни ваъда қилган коалиция ҳукумат ҳам янги ҳукуматни шакллантириш учун етарлича овоз йиға олмади. Боз устига парламентда ультрамиллатчилар овоз олиб, ўз фракцияси тузиш ваколатига эга бўлишди. Улар ғазаб отига минган юнон ёшлари қарашларини илгари суради.

Қолаверса, Европанинг яна бир нуқтаси — Испанияда ҳам вазият борган сари туманлашиб, Греция ва Франциядаги вазият такрорланиш эҳтимоли катта. Чунки ушбу мамлакатда ишсизлик сони рекорд даражага етди. Ҳар тўрт ишга лаёқатли испаниялик бугун ишсиз.

Франция Социалистик Республикаси

Жаҳон матбуотида ҳазил аралаш пайдо бўлган, аслида ҳаётга яқин жумлалардан ҳисобланади. Хўш, бу сайловлар натижалари жаҳон жамоатчилигини нега қурқитмоқда? Сайловларда мавжуд сиёсий мувозанатни бузиб, ғалаба қозонганлар нима ваъда қилишмоқда?

Франсуа Олланднинг сайловолди дастурини “популистик” дастур, деб ҳам аташ мумкин. Унда илгари сурилган чора-тадбирлар кўпроқ оддий одамларни хурсанд қилиш учун ўйлаб топилган гўё:
1. Президент ва вазирларнинг маошини 30 фоизга қисқартириш;
2. Молиявий транзакциялар учун солиқ солиш;
3. Саноат салоҳиятини кучайтириш, атом энергетикасига қарамликка барҳам бериш;
4. Давлат секторида янги иш ўринларини яратиш: 60 ўқитувчилар учун, 150 минг ёшлар учун;
5. Европа Иттифоқи доирасида Бюджети интизоми тўғрисидаги шартномани қайта кўриб чиқиш;
6. Йилига 1 миллион евродан ортиқ даромад топадиган французлар учун даромад солиғини 41 фоиздан 75 фоизга кўтариш;
7. Бюджет тақчиллигини 5 фоиздан 3 фоизга тушириш;
8. Пенсия ёшини 60га тушириш.
Бу чора-тадбирлар бугунги кунда Евроҳудуддаги Германия томонидан илгари суриб келинаётган имкон қадар “тежаш” сиёсатидан фарқ қилади. Ваҳоланки, бундай тежамкорлик йўлидан Николя Саркози ҳам борганди ва давом эттирмоқчи эди. Аммо Олланд “тежамкорлик”дан кўра иқтсиодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келди ва шунинг учун ҳам сайловда ғолиб чиқди. Ҳарқалай эртага пенсиянг камаяди, дейилса, сайловчилар унга чин юракдан овоз бермаслиги аниқ эди.

Европа Иттифоқи, ҳақиқатда, жиддий бош оғриғига йўлиқди. Гап шундаки, бугунда қарийб барча Евроҳудудга аъзо мамлакатлар иқтисодий инқироздан имкон қадар тезроқ чиқишнинг йўли сифатида ўта қаттиқ тежамкорликни, яъни ижтимоий соҳа харажатларини қисқартириш, давлат ташкилотларида ишчилар сонини камайтириш каби принципиал ислоҳотларни кўзда тутмоқда. Хуллас, Германия ва Франция ташаббуси билан еврода муомалада қиладиган давлатлар бюджет тақчиллигини 3 фоиздан оширмасликлари талаб қилинади.

“Меркози” сиёсати “Мерланд”га айлана оладими?

Евроҳудуддаги давлатлар, умуман, евронинг истиқболдаги тақдири Германия ва Франция нечоғли бир-бирини тўғри тушунмоғи ва кўзланган мақсадларга нақадар қатъият билан боришига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Германия, айниқса, Ангела Меркель Олланд билан имкон қадар тезроқ музокара столига ўтирмоғи, истиқболдаги франко-герман муносабатларини ойдинлаштириб олишлари лозим. “Албатта, Меркель хонимда менинг дастуримга нисбатан саволлар кўп бўлиши аниқ. Бу яхши. Биз музокара қиламиз. Германия бутун Европа тақдирини ҳал қилишга қодирмас”, — деб таъкидлайди Олланд. “Бу музокаралар нима натижага олиб келади, бу бошқа масала”. Нима бўлганда ҳам, кўплаб таҳлилчилар Олланд ўз дастуридан айрим вазифалар ижросини кейинроққа қолдиришига тўғри келиши мумкинлигини башорат қилишмоқда. Агар Олланд ҳақиқатда вазиятнинг қалтислиги, яъни Европа истиқболи учун қайғурадиган бўлса, Меркель билан келишиб ишлашига тўғри келади. Шундагина “Меркози” сиёсати “Мерланд”га айланиши эҳтимоли ошади.

Қолаверса, Олланднинг сайловолди дастури, умуман, унинг ғолиб чиқиши евро ва у билан боғлиқ немис иқтисодиётига жиддий зарба бериши мумкин. Албатта, ҳозирча евро бирмунча қадрсизланиши мумкин, лекин бундан немис экспортерлари анча ютади. Аммо Европа Иттифоқи ташкил этилишидан немислардек ҳеч ким фойда кўрмаган, шу боис Ангела Меркель ҳам Олланд билан муроса йўлини танлаши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Умуман, сиёсий таҳлилчилар Греция ва Францияда бўлиб ўтган сайлов натижаларини “Европадан ақлнинг қочиши ва ҳиссиётларга берилиш” натижаси деб ҳисоблашмоқда. Айниқса, Грецияда қарор қабул қилиниш жараёнига ультра-миллатчиларнинг таъсир қилиш ваколатига эга бўлиши, Европа қадриятларида ўта миллатчиликнинг кучайиб бораётгани учун таҳлилчилар ҳавотирга тушишмоқда. Францияда Олланднинг ҳам “популистик” ғоялар билан ҳокимиятга келгани ҳам ана шундай хулосаларни кучайтирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Европа “бош оғриғи” нафақат кўҳна қитъани, балки бутун дунё учун охири йўқ йўлни кўрсатмоқда. Бу йўлнинг чароғон бўлиши, албатта, ақлли бошларнинг тўғри қарор қабул қилиши билан бевосита боғлиқдир.