“Sony” рекорд даражада зарар кўрди

Япониянинг “Sony” корпорацияси 2011 молиявий йилни 457 миллиард иена (5,7 миллиард доллар) зарар билан ёпди. Бу ҳақда корпорацияси чиқарган матбуот хабарномасида маълум қилинган. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, бу йилги зарар компания тарихидаги энг максимал даражада бўлиб, бунда компания беш йилдан бери кетма-кет зарар билан чиқяпти.

Компаниянинг бутун йил давомидаги даромади 6,5 триллион иенани ташкил қилиб, бу олдинги йилга қараганда 10 фоизга кам демакдир.

Компания кўраётган зарар асосан телевизорлар ишлаб чиқаришдан келмоқда. Чунки, бу соҳада у “Samsung” ва бошқа Жануби-Шарқий Осиё компанияларига рақобатда ютқизиб қўймоқда. Бундан ташқари, мобил қурилмалар бозорида ҳам “Apple” ва “Samsung”дан анча ортда қолмоқда.

“Sony”нинг зарар кўришига яна бир сабаб – сўнгги йилларда иена курсининг кўтарилиб кетишидир. Ҳозирда иенанинг курси бундан 5 йил олдинги даражадан 20 фоизга юқорироқдир.

“Sony” ўзининг янги президенти – Казуо Хираи билан вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмоқда. Бунгача Казуо Хираи “Sony”нинг видео-ўйинлар ишлаб чиқарувчи бўлинмасига раҳбарлик қилган. У компания президентлигига ўтириши биланоқ, 10 мингта ишчи ўрнини қисқартиришини маълум қилди. Хираининг ваъдасига мувофиқ, компаниянинг телевизион бўлинмаси келаси икки йил ичида фойдага чиқиши лозим.

“Хайр, бизнинг Sony” китоби муаллифининг ёзишича, “Sony” ё электроника ишлаб чиқаришда, ё кўнгилочар соҳада муваффақиятга эриша олади, бир пайтнинг ўзида иккала соҳада ҳам ижобий натижаларга эришиш мумкин эмас.

“Sony” 2012 молиявий йилда 30 миллиард иена миқдоридаги фойдани кўзламоқда.

SHARE