“Ижтимоий тармоқ” фильми сценаристи Стив Жобс ҳақидаги фильм учун сценарий ёзади

“Apple” асосчиси Стив Жобснинг расмий биографиясини Аарон Соркин киносценарийга айлантиради. Бу ҳақда “Sony Pictures” кинокомпанияси маълум қилди. “Sony Pictures” аввалроқ Уолтер Айзексонга тегишли ушбу бестселлер китоб асосида фильм суратга олиш ҳуқуқини сотиб олган эди.

Эслатиб ўтамиз, Соркин ўтган йили “Facebook” ҳақидаги “Ижтимоий тармоқ” (“The Social Network”) фильми сценарийси учун “Оскар” мукофоти совриндори бўлган эди. Бунда у Бен Mезричнинг “Тасодифий миллиардерлар” китобини фильм учун мослаштирган эди. Бундан ташқари, Соркин Оқ Уйнинг иш кунлари тўғрисида ҳикоя қилувчи “Ғарбий қанот” сериали учун ҳам сценарий ёзган.

“Variety” нашрининг хабар беришича, Стив Жобс ҳақидаги фильмнинг продюссерлари Скотт Рудин, Mарк Гордон ва Гаймон Кэсэди бўлади. Ушбу фильм тафсилотларига нисбатан қизиқишлар катта – “Sony” ҳали режиссёр ва бош ролни ўйнайдиган актёрни ҳам аниқлаши керак. Тахминларга кўра, бу фильмда бош ролни Жорж Клуни ёки Ноа Уайли ўйнаши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ноа Уайли 1999 йилда ишланган Стив Жобс ва Билл Гейтс ҳақидаги “Силикон водийси қароқчилари” (“Pirates of the Silicon Valley”) фильмида Стив Жобс ролини ўйнаган.

Ўтган йили вафот этган Стив Жобс ҳақида фильм олиш борасида “Sony”дан ташқари бошқа кинокомпаниялар ҳам қизиқмода. Хусусан, ҳозирда АҚШда “Apple” асосчисининг ёшлигига оид мустақил фильм ишланмоқда. Ушбу фильм “Жобс: илҳомланинг” (“Jobs: Get Inspired”) деб номланиб, унда бош ролни таниқли актёр Эштон Катчер ўйнамоқда.

SHARE