Сурия нефтига қўйилган эмбарго мамлакатга 3 миллиард доллар зарар келтирди

Европа Иттифоқи мамлакатлари Сурия нефтини сотиб олишдан бош тортгани учун Сурия иқтисодиёти шу пайтгача 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган. Бу ҳақда мамлакатнинг нефть ва табиий ресурслар вазири Ғарб мамлакатлари томонидан 2011 йилнинг апрель ойида Сурияга нисбатан киритилган “адолатсиз санкциялар” натижасида нефть-газ секторининг кўрган зарарларига таяниб маълум қилган.

Сурияга нисбатан қўйилган иқтисодий бойкот оқибатида Европанинг “Royal Dutch Shell” ва “Total” каби компаниялари мамлакатдаги нефть разведкаси, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тўхтатган. Уларнинг ортидан Хорватия ва Канада компаниялари ҳам шундай қарорга келишган.

Сурия бир суткада 380 минг баррел нефть хомашёси қазиб олиб, ундан 130 минг баррелини европаликлар сотиб олар эди.

Бундан ташқари, баъзи талофатлар натижасида мамлакатдаги саноат объектлари, нефть қазиб олиш қувурлари ва темир йўллар ҳам зиён кўрган.

SHARE