FIFA.com. Вадим Абрамов: «Биз жаҳон чемпионатига боришга қодирмиз»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ФИФА ташкилоти расмий сайтига интервью бериб ўтди.

 

11 май куни халқаро футбол уюшмаси ФИФА расмий веб-сайти Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг интервьюсини ҳам ўз ичига олган мақола эълон қилди. Қуйида унинг ўзбекчадаги таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун бир неча бор жуда яхши имкониятга эга бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси, Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ҳал қилувчи саралаш турниридаги иштирокини келаси ой бошлайди.

«Ҳал қилувчи босқич биз учун осон бўлмаслиги табиий. Боиси тўртинчи босқичдаги рақибларимиз аввалги босқичдаги мамлакатлардан кучли», – дейди Абрамов FIFA.com муҳбири билан сухбатда. «Шунингдек биз ҳар қандай жамоа билан рақобатлаша олишимизни исботладик. Бундан келиб чиққан ҳолда айтиш керакки, биз Бразилияга бора оламиз».

Дарҳақиқат, «Локомотив» клубининг 49 ёшли собиқ бош мураббийи «Оқ бўрилар»ни қабул қилиб олгач, жамоа бутунлай ўзгарди. Бунга қадар Ўзбекистон ЖАРда бўлиб ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятсиз иштирок этганди. Абрамов қўл остида жамоа 1994 йил Япониядаги Осиё ўйинларидан кейин илк марта энг яхши натижага эришиб, Қатарда бўлиб ўтган 2011 йилги Осиё Кубоги ярим финалига қадар етиб борди. Бундан ташқари Ўзбекистон ЖЧ-2014 учинчи саралаш босқичида амалдаги Осиё чемпиони Японияни сафарда мағлуб этиб, ўз гуруҳида 1-ўринни қўлга киритди.

Бу қайсидир маънода Абрамов жамоасига сўнгги Осиё Кубогида Ўзбекистон дарвозасини жавобсиз 6 марта ишғол қилган Австралия ҳамда Япония миллий терма жамоалари билан бир гуруҳга тушиб қолмасликни таъминлаб берди. Гарчи мухлислар кўз ўнгида жамоанинг мундиал йўлидаги имконияти кескин ошган бўлсада, жаҳон чемпионати саралаш турнирида осон ўйин бўлмаслигини мураббий жуда яхши тушуниб турибди.

«Бизнинг гуруҳ кейингиси каби қийин», – деб қайд этди тажрибали Абрамов. «Жанубий Корея терма жамоаси сўзсиз гуруҳ етакчиси. Сабаби мамлакат бош жамоаси 1986 йилдан бери жаҳон чемпионатида мунтазам иштирок этиб келади. Қатар ва Эрон терма жамоалари ҳам жуда кучли. Хаттоки Ливан жиддий муаммолар туғдириши мумкин.

Ўзбекистон саралаш турнирини 3 июнь куни Эронга қарши ўйин билан бошлайди ва орадан беш кун ўтиб Байрутда Ливан меҳмони бўлади. «Биринчи ўйин ҳар бир жамоа учун муҳим», – дейди Абрамов. «Шунингдек биз Ливан билан ўйинга ҳам пухта тайёргарлик кўришимиз керак».

Ўзбекистон 2006 йил Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига жуда яқин қолганди. Ўшанда жамоа минтақалараро плей-оффда Тринидад ва Тобаго термаси билан тўқнаш келиши мумкин эди. Якунда эса Ўзбекистон ўз уйида ўтказиб юборган голи натижасида Бахрайн тўсиғидан ўта олмади. Бу сафар жамоа саралаш турнирини муваффақиятли якунлаши учун Абрамовга ўтган турнирлар сабоқ бўлиши керак.

«Биз олдиндаги ўйинларга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Унларга ҳорижий клубларда тўп сураётган футболчилар ҳам таклиф этилади».

Юлдузлар рўйхатида легионер футболчилардан Александр Гейнрих, Максим Шацких, шунингдек, жамоа плеймейкери Сервер Жепаров муҳим ўрин тутади. Улар сўнгги икки саралаш мусобақасида ҳам алоҳида аҳамият касб этишган. Мазкур легионерлар ҳақида тўхталар экани Вадим Абрамов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: «Бу футболчилардаги тажриба бутун жамоага ёрдам бериши керак. Умид қиламанки, улар сўнгги босқичда ҳам ўзларини энг яхши томондан намойиш қила олишади».

Ўзбекистон Лондон-2012 олимпиядасига жуда яқин қолганди. Бунинг натижасида миллий терма жамоа тажрибали футболчилар билан бир қаторда ёш иқтидорлар билан ҳам бойиди. Улар орасида энг машҳури сўзсиз Александр Шадриндир. 23 ёшли ҳужумчи III саралаш босқичида Япония дарвозасига ғалаба голини киритган.

«Бизнинг ёш футболчиларимиз сўнгги ўйинларда ўзларини кўрсата олишди, бироқ у ёшми ёки юлдуз, ўйиндан олдин кимнинг жисмоний аҳволи яхшироқ бўлса, ўша футболчига имконият берилади. Фақат шундагина биз рақобатбардош жамоа сифатида жаҳон чемпионатига йўл олишимиз мумкин», – дея сўзини якунлади Вадим Абрамов.
Манба: www.the-uff.com.

11.05.2012

 

SHARE