Ёшлар Ватанни кўпроқ севишадими?

Яқинда Ўзбекистон “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбектистонликларда миллий ўз-ўзини англаш” мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўров натижаларига кўра, 18-30 ёшдаги ёшларнинг аксарият қисми ўзини ҳақиқий ватанпарвар деб ҳисоблайди. Бунда Ўзбекистон аҳолиси давлат мустақиллигига мамлакат ҳаётидаги энг муҳим тарихий жиҳат сифатида алоҳида аҳамият бериши маълум бўлди. Бу ўзбекистонликлар Ватан байроғини кўрганида ва давлат гимнини тинглаганида ғурур ва қониқиш ҳиссини туйиши факти билан изоҳланади.

Бу ерда, табиийки, иккита саволга жавоб излаш талаб этилади. Хўш, ўрта ёшли ёки кексаларда бу ватанпарварлик туйғуси йўқми? Нега айнан ёшлар кўпроқ Ватанга кўпроқ муҳаббати билан катта кўрсаткичга эга?

Албатта, 30 ёшдан ошган кишиларни Ватанни севмайди, дейиш ноўрин. Бироқ, социологик тадқиқот натижаларида айрим кўзга кўринмаган жиҳатлар ҳам борки, уларни қайд этмасликнинг иложи йўқ. Бугун 30 ёшни қаршилаган ва ундан ошган одам, ҳақиқатда, Собиқ Иттифоқ ҳақида яхшигина тасаввурга ва ҳаётий амалиётга эга шахслардир. Уларнинг илк сабоқлари, хоҳлаймизми-йўқми, Ленин бобо ҳақидаги шеърлар ёки “Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш” деб аталган шиорларни мутолаа қилиш орқали чиққан. Ўша даврларни бошидан ўтказган, “Буюк СССР” ҳақида ўз тасаввурига эга кишиларда ўша даврларни қумсаш, “ностальги”ларни бошқаларга мароқ билан сўзлаб беришга хоҳиш жуда кучли. Бу айб ҳам, хато эмас, балки табиий жараён! Шу боис турли социологик тадқиқотлар натижаларида ўрта ёшдаги кишилар жавоблари бироз биз кутмагандек чиқиш эҳтимоли жуда катта.

Иккинчи масала шундаки, мустақиллик йилларида туғилган, таълим олган, онгу шуури шаклланган авлод, гарчи Ватан тушунчасини чуқур англай олмаса-да, ватанпарварлик туйғуси, Ватанни “жинниларча” севиш ахлоқига эга. Уларда бундай туйғунинг шаклланишида айрим омиллар борлигини эътироф этмасдан илож йўқ.

Биринчидан, мамлакатда мустақилликнинг илк йиллариданоқ таълимнинг тўлиқ миллийлаштирилгани, тарихнинг мутлақо қайта кўриб чиқилгани, тарихий шахсларимиз ва уларнинг фаолияти ҳақида янги маълумотлар муҳити шакллантирилгани ёшларда Ўзбекистонда кўпроқ мустақил, боқий ва буюк тарихга эга давлат сифати қабул қилишга замин яратди.

Иккинчидан, “миллий истиқлол ғояси”, “миллий мафкура”ни ўрнатиш бўйича олиб борилган ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Жаҳон спорт аренасида катта ютуқларни киритган спортчиларнинг қаҳрамонлаштирилиши, “ўзбек ўғлони”, “ўзбек қизи”, “ўзбекистонлик ҳакам” ва бошқа миллий брендлар яратилгани ҳам ёшларда ички ватанпарварлик туйғусининг ортишига хизмат қилди.
Албатта, бу масалага бир томонлама қараганда шундай хулосага келиб чиқади. Гап миллий ўзликни англаш ва Ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ҳақида кетар экан, бу вазифанинг ўта мушкул эканлиги ҳаммага аён. Чунки ватанпарварликни бағрикенглик, бошқа миллат ва элатларга ҳурмат билан бирга шакллантириш лозим. Ўзбекистон шуни уддалаётгани кишини қувонтиради, албатта!

 

Самариддин БОҚИБОЕВ,

Истамбул.

SHARE