“Windows Media Player” энди DVD-дискларни ўқий олмайди

Янги “Windows 8” операцион тизими билан бирга чиқадиган “Windows Media Player” плеери DVD-дискларни ўқий олмайди. Бу ҳақда “Microsoft” корпорациясининг блогида хабар қилинган.

DVD-дискларни ўқиш ва ТВ-тюнер учун фақатгина “Windows Media Center” дастуридан фойдаланилади. Ушбу дастур “Windows Vista” ва “Windows 7”да операцион тизим таркибига кирган бўлса, эндиликда у ҳам алоҳида сотилади.

“Microsoft”нинг бундай қарорга келишига сабаб – биринчидан, бошқа компанияларга тегишли бўлган видео-кодеклар учун бадал тўлашдан қочиш бўлса, иккинчидан оптик дискларга бўлган талабнинг тушиб кетишидир. Бугунги кунда одамлар видеоларни томоша қилиш учун “YouTube”, “Hulu” ва “Netflix” каби онлайн-сервислардан фойдаланишни афзал кўришмоқда.

Шундай қилиб, “Windows 8” операцион тизимини ишлатадиган фойдаланувчилар компютерда DVD-дискларни кўрмоқчи бўлса, бунинг учун “Windows Media Center”ни алоҳида сотиб олиши ёки Интернетдан унга муқобил бепул дастурларни (масалан, “Media Player Classic”, “VLC Player”) кўчириб олишига тўғри келади.

“Windows 8” операцион тизими шу йилнинг охирларига сотувга чиқарилади. У тўрт хил модификацияда бўлади: “Windows 8”, “Windows 8 Pro” (тажрибали фойдаланувчилар учун), “Windows 8 Enterprise” (корпоратив фойдаланувчилар учун) ва “Windows 8 RT” (ARM-процессорлари учун). Ҳозирда унинг бета-версиясини “Microsoft” сайтидан бепул кўчириб олиш мумкин.