Университет дипломи аҳамиятга эга(ми?) – “Yahoo!” бош директори билан бўлаётган тортишувлар

“Yahoo!” интернет-қидирув компаниясининг бош ижрочи директори Скотт Томпсон (Scott Thompson) компания раҳбарияти билан бўлган суҳбатда шуни маълум қилдики, у ишга кираётган пайтда ўзининг резюмесини тақдим қилмаган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги номи ошкор қилинмаган манбага таяниб хабар қилган.

Ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, Томпсон яна “Yahoo!” ундан қандайдир нотўғри шахсий маълумотларни олганлигини ҳам рад қилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойи бошидан бери “Yahoo!” компанияси Томпсон билан боғлиқ тортишувлар марказига айланди. “Yahoo!” акциядорларидан бири саналган “Third Point” компанияси раҳбари Дэниэл Лёб (Даниел С. Лоеб) май ойи бошида Томпсоннинг компютер технологиялари соҳасидаги дипломи йўқ эканлигини оммага ошкор қилган эди. “Yahoo!” сайти ва АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) юборилган ҳужжатларда ушбу топ-менежернинг биографиясидаги маълумотлар эса бунинг акси.

Лёб қатъий равишда Томпсонни “Yahoo!” бош директори лавозимидан олинишини талаб қилиб чиқмоқда. Унинг фикрича, компания раҳбари ҳақидаги нотўғри маълумотлар инвесторлар ишончининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Ўз навбатида, “Yahoo!” ҳам Томпсоннинг биографиясида “тасодифий хатоликка” йўл қўйган бўлиши мумкинлигини тан олган ва бу масалани текшириш бўйича махсус қўмита ташкил қилган. Томпсоннинг ўзи эса “Yahoo!” ходимларидан узр сўраб, у билан бўлаётган тортишувлар қисқа вақт ичида ҳал бўлишига умид билдирган.

Томпсон шу йилнинг январ ойида “Yahoo!”нинг собиқ бош директори – Кэрол Бартц (Carol Bartz) ўрнига тайинланган эди. Бунгача у “PayPal”нинг катта вице-президенти ва бош технологик директор лавозимида ишлар эди. “Business Insider” нашрининг ёзишича, Томпсон “PayPal”да ишлаб юрган пайтларида ҳам унинг биографиясида олий таълим дипломига эгалиги ҳақида ёзилган.

SHARE