1 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ҳарбий хизматни ўтаганларга қўшимча имтиёзлар берилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Бу ҳақда Президентнинг махсус қарори эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб, уч йил мобайнида амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, аммо улар учун имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда танловдан ўта олмаган абитуриентларнинг республикадаги бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисидаги аризалари, тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, таълим йўналишлари бўйича Давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади.


 

 

Киберурушлар аллақачон бошланган

АҚШ президенти Барак Обама ўз президентлик даврининг илк ойларида Эроннинг ядровий қурол дастури билан боғлиқ компьютер тизимларига киберҳужум уюштиришга кўрсатма берган. Бу ҳақда шу кунларда чоп этилиши кутилаётган Дэвид Сэенгернинг “Confront and Conceal: Obama’s Secret Wars and Surprising Use of American Power” асарида қайд этилади. Номлари ошкор этилмаган манбаларга кўра, бундай ҳаракатлар ҳали Жорж Буш давридаёқ “Олимпия ўйинлари” коди остида амалга ошириб келинган. Обама маъмуриятининг ҳисоб-китобларига қараганда, бундай саъй-ҳаракатлар боис Эрон ядровий дастурини 18 ойдан 2 йилга қадар кечиктиришга муваффақ бўлинган. Киберҳужумлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар 2010 йилда пайдо бўла бошлади. Унга кўра, “Stuxnet” вируси ёрдамида Эрон ядровий дастурларига қатор ҳужумлар ташкил этилган. 2011 йилда Эрон АҚШни очиқчасига киберҳужумларни ташкил этаётганликда айблаган эди.


 


Маҳбуслар ўлимни енгиллаштиришни сўрашди

Кентукки штати маъмурияти штатда ўлим жазосини амалга ошириш усулларини ўзгартиришга розилик билдирди. “Associated Press” хабарида келтирилишича, шу йилнинг 24 июлидан штатда ўлим жазоси янги қоида асосида амалга оширилади. Унга биноан, ўлдириш учун учта дори воситаси ўрнига битта дори қўлланилиши керак.
Гап шундаки, 2007 йилдан бери штатда учта дори воситаси қўлланилиб келинар эди. Аммо улар ўлим жазосига маҳкум қилинганларга ортиқча оғриқ туғдириб, азобларди. Шу боис маҳбуслар судга шикоят билан мурожаат қилган.


 

 

Ўзбекистон МДҲ доирасида эркин савдо ҳудудига қўшилиши мумкин

МДҲга аъзо давлатлар ҳукуматлар раҳбарларининг Туркманистондаги учрашувида Ўзбекистоннинг МДҲ доирасида эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битимга қўшилиши масаласи муҳокама этилди. Ўздейли.ўзнинг ёзишича, бу ҳақда Украина ҳукумати раҳбари Николай Азаров Ашҳободда ўтказилган брифингда маълум қилди. “Мажлисда ушбу таклифни қўллаб-қувватлашга қарор қилинди”, – деди Украина бош вазири. Олам.ўзнинг ёзишича, МДҲ эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) — 2011 йили эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани имзолаган МДҲ давлатларининг битимидир. Эркин савдо тўғрисидаги битим унга қўшилган мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини соддалаштиришни, ҳамдўстлик ҳудудида эркин савдо режимини тартибга солувчи кўп томонлама ва 100 га яқин икки томонлама ҳужжатларнинг ўрнини босишни кўзда тутади. ЭСҲ тўғрисидаги битимни Россия, украина, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон имзолаган.


 

 

“Орзулар кемаси” — Тошкентда

Кеча янги ва замонавий русумдаги “Boeing — 787— 8 — Dreamliner” лайнери дунё бўйлаб ўтказилаётган тақдимотининг якуний босқичида Тошкентга келиб қўнди. “Boeing-787-8-Dreamliner” кенг корпусга эга бўлиб, икки моторли, реактив йўловчи самолёти ҳозирги кун фан-техника ютуқларини ўзида мужассамлаштирган. Хусусан, унинг асосий қисми юқори сифатли композицион материаллардан тайёрланган. Бу лайнер вазнида сезиларли ютуқ бўлиб, парвоз сифатини янада оширишга, хавфсизликни кучайтиришга хизмат қилади. Мазкур само транспорти воситасининг узунлиги 62,8 метр, баландлиги 16,9 метр, қанотлари ўлчами 62,1 метр, оғирлиги 115 тоннага тенг. У 250 — 330 нафаргача йўловчини учта модификацияси орасида 15700 км. узоқликкача бўлган манзилга етказиб қўя олади. “Boeing-787-8-Dreamliner” бошқа йўловчи самолётларга нисбатан ёқилғини 20 фоизга тежаши билан самаралидир. Айни чоғда унинг салонидаги кенглик, ажойиб дизайн, бутунлай янгиланиб, такомиллаштирилган интерьерлар йўловчилар учун жуда кўплаб қулайликлар беради. Эслатиб ўтамиз, янги русумнинг тақдимот маросими бундан олдин Сидней, Окленд ва Дарвин (Австралия) шаҳарларида ҳам ўтказилганди. Юртимизда меҳмон бўлган ҳаво лайнерининг навбатдаги манзили эса Касабланка (Марокаш) шаҳри бўлади.

SHARE