11 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



Ташқи ишлар вазирлигида учрашув

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Франциянинг Тошкентдаги Фавқулоддаги ва Мухтор элчиси Франсуа Готье билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради “Жаҳон” ахборот агентлиги. Учрашув пайтида Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар бир маромда ривожланиб бормоқда. Чунончи, 2011 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 354 миллион долларни ташкил қилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Франция ўз ҳарбий контингенти билан Афғонистондаги хавфсизликни таъминлашда иштирок этиб келмоқда. Аммо янги сайланган Франция президенти шу йилнинг охирига қадар барча француз аскарларини олиб чиқиб кетишни мўлжаллаб турибди.


 

 

Вазирга қарши айблов эълон қилинди

Калифорния полицияси АҚШ савдо вазири Жон Брайсонга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган. Бунга сабаб дам олиш куни у иккита транспорт ҳодисасини содир этган. Сўнгги маълумотларга қараганда, йўл ҳодисасини содир этган вазир ўз машинасида ҳушсиз топилган. Ҳозирча полиция ходимлари вазир авария содир этган вақтда нарктотик моддалар ёки алкоголь маҳсулотлар таъсирида бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги экспертлар хулосасини кутмоқда.


 


Туркманлар футболни тўғридан-тўғри кўрадиган бўлишди

Туркманистон мустақиллик эришгандан сўнг илк маротаба халқаро футбол мусобақалари тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. “Европа — 2012” чемпионати доирасидан ўрин олган ўйинлар намойиши туркманистонлик футбол ишқибозлари учун том маънода “сюрприз” бўлди, деб ca-news.org интернет нашри. Маълумотларга қараганда, Туркманистон президенти шахсан ўзи футбол бўйича Европа чемпионатини миллий телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш бўйича кўрсатма берган. Авваллари туркманбоши Сапармурот Ниязов спортсевар туркманлар от пойгаларининг ТВ намойишини кўриши ҳам етарли, деб ҳисобларди.


 

 

Афғонистон савдо-саноат вазири ташвишда

Афғонистон савдо-саноат вазири Анвар ул-Ҳақ Аҳадий Ўзбекистон билан чегарадош бўлган ҳудудда бўлиб, Ҳайратон шаҳридаги транспорт инфратузилмаси билан қизиққан. Вазирга кўра, НАТО аскарлари ва ҳарбий техникаларининг Шимолий таъминот йўлаги орқали олиб ўтилиши натижасида ушбу транспорт йўлида жиддий тирбандлик ҳосил бўлиши мумкин. Бу эса, табиийки, афғонистонлик тадбиркорлар, айниқса, четдан мол ташувчи савдогарларга жиддий ноқулайликлар туғдириши мумкин, деб ёзади Афғонистон.ру интернет нашри. Шу боис вазир ҳукумат Ҳайратон ҳудудидаги транспорт йўлакларини янада кенгайтириш, янги йўлларни барпо этиши керак, деб фикр билдирган.


 

 

Аёллар армияга кўпроқ жалб қилинади

Германия қуролли кучлари ҳарбий хизматга имкон қадар кўпроқ аёлларни жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Bild am Sonntag хабар беради. Ҳозирги кунда Германия қуролли кучлари тизимида шахсий таркиб 9 фоизни ташкил этади. Германия бундесвери (армияси) генерал-инспектори Фолькер Викернинг айтишича, аёллар сонини 15 фоизга қадар ошириш чоралари кўрилмоқда. Аёллар сонини ошириш асосан жанговар бўлинмаларга дохил қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Германия бундесверидаги жанговар бўлинмаларда аёллар 2001 йилдан бери фаол иштирок этиб келади.

 

SHARE