19 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



Ўзбекистон кунига 91 минг баррель нефть истеъмол қилди

Буюк Британиянинг British Petroleum (BP) компанияси экспертлари томонидан тайёрланган жаҳон энергетикаси бўйича ҳисоботга кўра, 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги нефть захиралари 100 млн. тонна нефть ва 1,6 трлн.метр куб газ миқдорида баҳоланди. “Регнум” ахборот агентлигининг ёзишича, бу 2010 йил даражасида сақланиб қолган. “BP”га кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 2010 йилдаги каби 3,6 млн. тонна, яъни суткасига ўртача 86 минг баррель нефть қазиб олган. Ушбу кўрсаткич 2010 йилда 87 минг баррелни ташкил этган эди.
Нефть истеъмоли ҳажми 2010 йилдаги 0,7 фоиз, яъни 4,3 млн. тоннадан 2011 йилда 4,4 млн.тоннага ошган. Мамлакат ичкарисида ўртача суткалик нефть истеъмоли 2011 йилда 91 минг баррелни ташкил этган.
Шу билан бирга, 2011 йилда Ўзбекистонда 57 млрд.метр куб газ қазиб олинган. Бу 2010 йилдагига нисбатан 4,4 фоизга камдир.


 

 

Берлусконига 3 йилу 8 ойга қамоқ жазоси беришни сўрашмоқда

Италия прокуратураси суддан собиқ ҳукумат раҳбари Сильвио Берлусконини 3 йилу саккиз ойга қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. У ҳозирги кунда ўзи асосчиси бўлган Mediaset холдингидаги фирибгарлик бўйича айбланмоқда. Прокуратура, шунингдек, холдинг раиси Феделе Конфалоньерини тўрт йилга қамоқ жазосига маҳкум қилишни сўради. Айбловчиларга кўра, Берлускони ва холдингнинг бошқа раҳбарлари офшор компаниялар орқали хорижий кино ва дастурларни транцляция қилиш ҳуқуқини пасайтирилган нархларда сотиб олган. Худди шу мақсадларда 1994-1999 йилларда Америка компаниясидан фильмлар ва теледастурлар транцляция ҳуқуқи 470 миллион еврога сотиб олинган. ТВ дастурлар ва фильмларни пасайтирилган нархларда офшор компаниялар орқали харид қилиш натижасида Берлускони нафақат солиқ тўлашдан қутилиб қолган, балки ушбу даромаддан ўз сайловолди кампаниясида кенг фойдаланган, дейилади прокуратура айбловида. Берлускони ушбу айбловларни инкор этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Италиянинг собиқ бош вазири яна иккита иш бўйича айбланмоқда.


 


Суд бош вазирни лавозимидан четлаштирди

Покистон олий суди мамлакат бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийни лавозимидан озод қилди. Бундан икки ой бурун унга коррупция қарши тергов олиб боришга тўсқинлик қилганлик айби қўйилган эди. Шу билан бир қаторда, Ғилоний бундан аввалроқ амалдаги президент Осиф Али Зардорийга қарши коррупция бўйича олиб борилаётган суриштирув ишларида Швейцария терговчилари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган эди. Ғилонийнинг фикрича, президент дахлсизлик ҳуқуқига эгадир. Олий суд, ўз навбатида, Ғилонийни Покистон парламенти депутатлигидан ҳам маҳрум қилди.


 

 

Гўдакфурушлар суд қилинди

Ўзбекистонда янги туғилган гўдакларни сотиш билан шуғулланган шахслар ҳибсга олинган. Чунончи, Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи сўзларига қараганда, Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмасининг уч ходими чақалоқлар савдоси билан шуғулланликда айбланмоқда. Бундан ташқари, Ҳазорасп тумани туғуруқхонаси акушер-гинекологи ва врач-ординатори ҳам бундай қилмишга аралишб қолган. Худди шундай қинғир ишлар билан Тошкентдаги 3-сонли туғурухонаси ҳамшираси ва ҳуқуқшуноси шуғулланганлигини Ўзбекистон Республикаси Бош прокутурасининг “Ҳуқуқ” газетаси хабар берган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили март ойида ҳам худди шундай жиноят билан шуғулланган бир гуруҳ шахслар устидан суд иши бўлиб ўтган эди. Ўшанда 12 дан киши суд қарори билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди. Бу гуруҳ ишида бир қатор туғуруқхона ходимлари ҳам фаол иштирок этгани аниқланган. 70 дан ортиқ ҳолатда гўдакларни расмийлаштириш талаблари бузилган. Тўрт нафар чақалоқни чет элга олиб чиқиб кетишган. Жиноятчилар ушбу хизматлари учун 2,5 — 3 минг долларгача ҳақ олган, деб ёзади 12news.uz сайти.


 

 

“Мусулмон биродарлар” мисрликларни намойишларга чақирмоқда

Мисрнинг “Мусулмон биродарлар” ҳаракати мамлакат олий ҳарбий кенгашининг вақтинчалик конституцияга тузатишлар киритганига қарши намойишларга чиқишга чақирмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Миср олий ҳарбий кенгаши ўз ваколатлари доирасига қонунчилик ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Бу уларга айрим қонунларни, шу жумладан, мамлакат конституциясини тайёрлаш ва чиқариш ҳуқуқини ҳам беради. Эслатиб ўтамиз, бундай аввалроқ миср олий суди парламентга бўлиб ўтган сайловларни ноқонуний, деб топган эди. Боз устига, Мисрда яқинда бўлиб ўтган президент сайловлари ҳали ҳануз эълон қилингани йўқ.

SHARE