Нега АҚШда осиёликлар кўп пул топишади?

Маълумки, шу кунларда АҚШда малакали иммигрантлар жалб этиш борасида турли баҳслар бўлмоқда, сиёсат ва жамоат арбоблари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда, турли ижтимоий сўровлар ўтказилмоқда.

Сўнгги ўтказилган ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатаяптики, АҚШда энг яхши пул топаётган, тез ўсаётган ҳамда яхши таълим олганлар асосан Осиёдан келган иммигрантлар экан. Чунончи, 1980-2010 йиллар давомида АҚШдаги осиёликлар сони 18 миллионга етган. Бу мамлакат аҳолисининг 6 фоизини ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея, Филиппин ҳамда Вьетнамдан келган иммигрантлардир.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, осиёликлар асл америкаликларга қараганда оилани, ота-она бўлишни, карьера қилишни кўпроқ қадрлашади. “21-асрда осиёликлар энг малакали меҳнат кучидир. Аммо улар ўзлари билан анъана ва қадриятларни олиб келаётганини унутмаслик лозим”, дейди Пью тадқиқот маркази ижрочи вице-президенти Пол Тайлор.

АҚШда аҳолининг бор-йўғи 30 фоизи коллеж даражасига эга бўлган бир шароитда, осиёликларнинг ярми олий маълумотга эга. Қувонарли жиҳати, америкаликларнинг ўртача йиллик даромади 49 минг доллар бўлса, кунчиқар мамлакатлардан келганлар йиллик топар-тутари 66 мингдан ошади.

Сўнгги йилларда Америкада Осиё мамлакатларидан келаётган иммигрантлар сони муттасил ўсиб бормоқда. Масалан, 2010 йилда келган иммигрантларнинг 36 фоизини осиёликлар ташкил этди. Испан тилида сўзлашувчи иммигрантлар эса 31 фоиздан ошмади. Эътиборли жиҳати, лотинамерикаликлар асосан “қора иш” ва шунга ўхшаш ишларни бажаришса, Осиёдан келганларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш ва бизнес фаоллик кўрсатишмоқда.

Умуман, АҚШда осиёлик олимлар, мутахассислар борган сари кўпайиб бормоқда. Буни АҚШ олий ўқув юртлари 45 фоиз фан ва муҳандислик даражаларини осиёликларга тақдим қилгани ҳам тасдиқлайди. Умуман, бу осиёликлар азалдан маънан етук бўлганини ҳам яққол далилдир. Фақат уларнинг ушбу иқтидорини рўёбга чиқарадиган шароит ва иқтидор бўлса бас!

SHARE