Бруклинда келин салом бўлди

Ўзбек халқи азалдан санъат дунёсига ўзгача бир меҳр ила боқади. Қолаверса, улар санъат дунёсини, ва айниқса, унинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни намоён ета олишга қодир бўлган бепоён хазинасини нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг ҳар қайси бурчагида ҳам истиқомат қиладиган ватандошларимизни руҳан бирлаштиришда бевосита катта хизмат қилишига ишонишади. Албатта ушбу қадриятларнинг санъат орқали амалда намойиш етилишининг кўпчилигимиз тез-тез гувоҳи бўлиб турамиз.

Бунга яқинда Нью-Йорк штатининг Бруклин шаҳрида, “Томоша” театрининг бадиий раҳбари Сиддиқ ака Санаев бошчилигида ўтказилган “Кулги ва қўшиқ кечаси” номли дастур яққол мисол бўла олиши мумкин. Кечада халқимиз эъзозлаган санъаткорлардан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова ҳамда Мирза Азизов, хушовоз эстрада хонандалари Азиз Раметов ва Жаъфар Мўминов, истеъдодли актриса Ҳусния Санаева, қолаверса, бир биридан гўзал рақслари ила томошабинларга хуш кайфият улаша олган мафтункор раққосалар Нилуфар Иргашева ва Гулшан опалар барча меҳмонларнинг унутилмас таассуротлар билан қайтишларига улкан ҳисса қўшишди. Тадбир, миллий урф-одатларимизга биноан саломлашиш базми билан бошланди. Унда Нилуфар Иргашева келинларимизнинг ибо, ҳаё, гўзаллик, миллийлик, ва энг асосийси, ўзгача бир самимийлик билан намоён этадиган “Келин-Салом” ни Саида опанинг маҳорат билан куйлаган ёр-ёрлари остида ижро этиб бердилар.

Тадбир давомида, ичак-узди кулги ҳангомаларга бой саҳна кўринишлари, бетакрор куй-наволар ва ҳаттоки, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк адабиёт шоирларимизнинг ижодларидан ҳам мисралар ўқилди. Кечада иштирок этган меҳмонларнинг сони 200 га яқин бўлиб, уларнинг барчалари томошани ўзгача бир хуш кайфият ила қарши олишди. Уларнинг айтишича, ана шундай гўзал кеча ва тадбирларнинг тез-тез ташкил этилиши нафақат барчани хушнуд этади, балки уларнинг дунёнинг бошқа бурчагида туриб ҳам миллий санъатда, ватан ҳиссида, ватандошлар дийдорида янада яқинроқ ёндашишга жуда ҳам катта ҳисса қўшади. Барча томошабинларнинг фикри билан айтганда бир овозда бундай тадбирлар янада кўпроқ уюштирилишини кутиб қоламиз ва ташкилотчилардан жуда-жуда миннатдормиз.

 

 

 

Nilufar Salimova tayyorladi

SHARE