“Ватандош” футбол жамоаси ганаликларни мағлуб этди

Ўтган дам олиш куни Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳрида футболга қизиқувчи юртдошларимиз томонидан футбол ўйини ташкил қилишди. Каллаи саҳарлаб стадионда йиғилишган ҳамюртларимиз ўша куниёқ “Ватандош” футбол жамоасига асос солишди. Жамоа таркибида бир неча йиллардан бери футбол билан шуғулланиб келаётган ёшлар ҳам мавжуд, ундан ташқари, бруклинлик ҳаваскорларни ҳам учратиш мумкин.

Ўша куни “Ватандош” футбол жамоаси ганалик ёшлардан тузилган жамоа таклифи билан улар билан футбол ўйнади. Улар 8 киши экан, ҳамюртларимиз эса атиги 7 киши бўлса-да, майдонга тушишди.

Рақибларга Ўзбекистон ҳақида маълумот берилди. Ватанимизнинг ўзига хос жиҳатлари айтиб ўтилди.

Хуллас, ўйин бошланди. Кўринишидан, ўзларини тутишларидан, ҳаракатларидан ганаликлар “Ватандош”жамоасини менсимасдан ўйин бошлашди. Жамоамиз вакиллари эса вазиятни ўргангач, Ганалик ёшлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштириб, рақибни роса овора қилишди ва 5 та гол уришга муваффақ бўлишди. Ўйинниг охирги дақиқаларига келибгина рақибимиз 1 та гол уришга мушарраф бўлди. “Ватандош” жамоаси голларига Дилшод (3та), Сирожиддин ва Бобур муаллифлик қилишди.

Қисқача айтганда, “Ватандош” жамоасининг биринчи ўйини ғалаба билан бошланди. Футболчиларимиз бирор бир спорт турига ишқибозлик қилиш ёки шуғулланиш ҳаётларига оз бўлса-да мазмун бағишлашини айтиб ўтишди. Ўйлаймизки, кейинги йиғинларимизда жамоамиз таркиби ватандошлар билан бойийди.