Обаманинг энг муҳим ислоҳотини Олий суд маъқуллади

АҚШ олий суди Барак Обама маъмурияти томонидан тақдим этилган ва унинг сайловолди дастурининг асосий қисмларидан бири бўлган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид қонунни конституция мос, деб топди.

Барак Обама томонидан 2010 йилда имзоланган мазкур қонун барча америкаликлар тиббий суғуртага эга бўлишни талаб қилади. Агар бундай суғурта полиси бўлмаса, фуқаролар жаримага тортилиши мумкин. Аммо республикачилар партияси мазкур ҳужжатни мамлакат конституциясига зид, деб ҳисоблаб, Олий судга мурожаат қилган эди. 5 нафар республикачи, 4 нафар демократлардан таркиб топган АҚШ олий суди чиқарадиган қарор бўлажак сайлов олдидан ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Агар мазкур қонун конституцияга зид, деб топилса, бу Обама учун мағлубият билан тенг бўлар эди.

Шу боис Олий суд қарори муносабати билан чиқиш қилган Барак Обама ушбу хабарни “демократлар партиясининг ғалабаси”, деб баҳолади.

Қонуннинг асосий қоидалари:

Ушбу қонун ижроси бўйича 10 йиллик харажатлар: 950 миллиард доллар.

Кексаларга ёрдам — Medicare: аҳолини рецепт бўйича дори билан таъминлашдаги тафовутни бартараф этиш.

Давлат тиббий ёрдами — Medicaid: ушбу дастурга биноан, 65 ёшга тўлмаган, яъни пенсия ёшига етмаган, оилавий даромади АҚШдаги федерал даражада ўрнатилган камбағаллик кўрсаткичидан 133 фоиз ошмайдиган ҳамда фарзандсиз кексалар давлат тиббий суғуртасидан фойдаланиши мумкин.

Суғурта биржалари: суғурталанмаганлар, шунингдек, ишлаётган давлат томонидан ташкил қилинадиган биржалар орқали суғурта сотиб олиши мумкин.

Субсидиялар: хусусий тиббий суғурта харид қилишни истаган кам таъминланган оилалар давлатдан субсидия олишлари мумкин.

Индивидуал суғурта: Medicare ва Medicaid дастурларида қатнашмайдиган шахслар ҳам суғурталанган бўлиши зарур. Йўқса, улар жаримага тортилади.

Қиммат суғурталар: ўз ходимларига қиммат суғурталарни тақдим қиладиган иш берувчиларга солиқ имтиёзлари берилиши мумкин.