21 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Юнонлар ниҳоят ҳукуматга эга бўлди

Куни кеча Грециянинг янги бош вазири сифатида қасамёд қабул қилган “Янги демократия” партияси етакчиси янги коалициядаги ҳукумат таркибини эълон қилди. Мамлакат молия вазири этиб 65 яшар Греция Миллий банки раҳбари Василис Рапанос эгаллади. Ташқи ишлар вазири Димитрис Аврамополос, ички ишлар вазири Эврипидис Стилиандис тайинланган. Улар “Янги демократия партияси” аъзоларидир. Янги ҳукумат “Янги демократия”, “Пасок” ҳамда “Сўл демократик кучлари” партиялари келишувлари асосида шакллантирилган бўлса-да, иккала партия вакиллари ҳукумат таркибидан жой олмади. Ҳукуматнинг зиммасида, аввало, 130 миллиард евролик кредитни олиш, бунинг учун давлат бюджети харажатларини қисқартириш чораларини белгилаб олиши вазифаси ётибди.


 

 

Ухлашни унутманг, футбол ишқибозлари!

Хитойлик футбол ишқибози Европа чемпионати ўйинларини муттасил кўриши оқибатида вафот этган. У Англия терма жамоасининг ишқибози бўлган йигит 24 ёшда бўлган. Шифокорларнинг айтишича, уйқусизликдан вафот этган. Европа чемпионатига қадар у соғлом бўлиб, ўзини тетик ҳис қилиб юрган. Аммо тўхтовсиз футбол мусобақаларини томоша қилиб борган фанат Италия — Ирландия ўйинини томоша қилган ва кўп пиво ичиб, уйга қайтган. Уйқуга ётиб, шу-шу қайтиб турмаган.


 

 

АҚШ савдо вазири истеъфога чиқди

Калифорния штатида йўл транспорт ҳодисаси содир этган АҚШ савдо вазири Жон Брайсон соғлиғи ёмонлиги боис истеъфога чиқққан. ББСнинг хабар беришича, Калифорния полицияси АҚШ савдо вазири Жон Брайсонга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган эди. Бунга сабаб у иккита транспорт ҳодисасини содир этган. Сўнгги маълумотларга қараганда, йўл ҳодисасини содир этган вазир ўз машинасида ҳушсиз топилган. Полиция ходимлари вазир авария содир этган вақтда нарктотик моддалар ёки алкоголь маҳсулотлар таъсирида бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги экспертлар хулосасини кутмоқда.


 

 

Парламент шартномани ратификация қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида имзоланган АҚШнинг Афғонистон хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда иштирок этиши муносабати билан юкларини ва персоналларини Ўзбекистон ҳудуди орқали ҳаво транзити тўғрисидаги шартномани ратификация қилишни кўзда тутувчи қонунни қабул қилган. Ушбу келишув икки давлат ўртасида шу йилнинг 28 март куни имзоланган бўлиб, АҚШ ҳарбий юклари ва аскарларини олиб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилишни кўзда тутади. Қонунчилик палатаси қабул қилинган қонун Сенатга юборилади ва парламент юқори палатаси маъқуллагач, президент имзолайди ҳамда кучга киради.


 

 

Покистон суди иккинчи бош вазирни ҳибсга олишга ҳам санкция берди

Покистон суди мамлакат президенти Зардорий томонидан тайинланган янги бош вазир Маҳмуд Шаҳобиддинни ҳибсга олишга санкция берган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кеча Покистон суди мамлакат бош вазири Ғилонийни ҳибсга олиш учун ордер берган эди. У тергов органларига суриштирув ўтказишга ҳалақит берганликда айбланаётган эди. Янги бош вазир эса гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланликда айбланмоқда. Унинг номзоди жума куни парламентга тақдим этилиши кутилаётган эди.