20 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



Буюк Британиядан махсус вакил келди

Буюк Британия Бош вазирининг Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича махсус вакили Марк Седвилл Тошкентга ташриф буюрди. Буюк Британия элчихонаси хабарига қараганда, вакил Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов, Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С. Сафоев, шунингдек, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Б. Тошматов, мудофаа вазири Қобул Бердиевлар билан мулоқот ўтказган.
Учрашувларда Афғонистонда тинчлик ва хавфсизикни таъминлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган. Қироллик вакили, ўз навбатида, Ўзбекистонни Афғонистонинг муҳим қўшниларидан бири сифатида Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшишга чақирган. Унинг қайд этишича, Буюк Британия ҳарбийлари 2014 йили Афғонистонни тарк этгандан сўнг ҳам мамлакатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади.


 

 

Грецияда ҳукумат тузишга келишилди

Греция сўл йўналишдаги “Пасок” партияси етакчиси Евангелос Венизелоснинг айтишича, мамлакатдаги учта партия коалицияда ҳукуматни шакллантиришга келишишган. ББСнинг ёзишича, ушбу келишувнинг тафсилотлари кейинроқ маълум бўлади. Эслатиб ўтамиз, май ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида биронта ҳам партия мутлоқ кўпчиликни қўлга кирита олмагач, музокаларга киришган эди. Аммо барча музокаралар натижасиз якунланди. Шу боис Грецияда қайта сайловлар бўлиб ўтди. Янги ҳукуматни шакллантиришда “Янги демократия”, “Пасок”, шунингдек, “Демократик сўл кучлар” партиялари иштирок этади.


 


Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бошланди

Ўзбекистонда абитуриентлардан олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2012 йили бюджет ўринларининг сони 19 340 тани ва тўлов-контракт асосидаги ўринлари 37 267 тани ташкил этади. Шунингдек, жорий йил Ўзбекистон олий ўқув юртларига 56 607 киши бакалавриатга ва 6,3 минг киши магистратурага ўқишга қабул қилинади, уларнинг 1 566 таси давлат грантлари бўйича ва 4 734 тўлов-контракт асосида ўқийди. Ҳужжатларни қабул қилиш 20 июлга қадар давом этиб, давлат тест имтихонлари бутун мамлакат бўйлаб бир кунда, яъни 1 август куни ўтказилади.


 

 

Ўзбекистон фуқароси Питерда ҳалок бўлди

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси органлари 51 яшар Ўзбекистон фуқароси ўлимига сабаб бўлган ҳолат бўйича суриштирув олиб бормоқда. “Регнум” ахборот агентлиги хабарига қараганда, у Питерда рўйхатдан ўтмасдан яшаб юрган. У ўз ҳамюрти билан Зеленогорскдаги дала ҳовлида дарахт кесиш билан шуғулланаётган бўлган. Аммо дарахтлардан бири унинг устига ағнаб тушган ва тез ёрдам касалхонасида вафот этган. Вафот этган шахс ҳақида бошқа маълумотлар келтирилмаган.


 

 

“Қирғизгаз”нинг қарзи бор

Қирғизистоннинг “Қирғизгаз” давлат компанияси Қозоғистон ва Ўзбекистонга 3,35 миллион доллар қарз бўлиб қолган. Бу ҳақда компания директори ўринбосари Евгения Орленко маълумот берган. Унинг айтишича, қирғиз газ компанияси бир ой учун Қозоғистонга 3 миллион, Ўзбекистонга 350 минг доллар қарз бўлиб қолган. Қозоғистон томони қўйган талабларга кўра, Қирғизистон газ компанияси ҳар ойнинг 10-санасига қадар барча қарзларни узмоғи керак. Акс ҳолда улар ҳар куни 0,5 фоиз миқдорида устама тўлашга мажбур бўлишади.

 

SHARE